Жўқорғи Кенгес раиси раҳбарлигидаги делегация Наманган вилоятида бўлди


Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А.Оринбаев раҳбарлигидаги шаҳар ва туман ҳокимлари, тадбиркорлик, инновациялар бўйича масъуллардан иборат ­делегация аъзолари тажриба алмашиш, тадбиркорликни ривожлантириш, кичик бизнес билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари фаолиятини йўлга қўйиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Наманган вилоятига ташриф буюрди.

Таъкидлаш жоизки, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини самарали йўлга қўйиш борасида Наманган вилояти илғор тажрибага эга ҳудудлардан ҳисобланади.Шу боис, делегация аъзолари Наманган тажрибасини ўрганиш мақсадида мазкур ҳудудда амалий сафарда бўлдилар.

Делегация аъзолари дастлаб Уйчи туманидаги Ўркатой кичик саноат зонаси томонидан амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишишди.Мазкур саноат зонаси 4,7 гектар майдонда жойлашган бўлиб, умумий қиймати 115 млрд.сўмлик 26 та лойиҳа амалга оширилади. Бу ерда асосан текстил йўналишидаги корхоналар фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган бўлиб, бу орқали 1730 янги иш ўрни яратилади..

Шундан сўнг, Жўқорғи Кенгес раиси раҳбарлигидаги делегация аъзолари вилоят ҳокими Ш.Абдураззоқов билан бирга «Меga fayz teks» МЧЖ томонидан  ип йигириш орқали газлама маҳсулотларини ишлаб чиқариш, «Аgro   sof zaxira» МЧЖ томонидан тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил қилиш, «Уйчи мед диагноз» МЧЖнинг пайпоқ ишлаб чиқариш лойиҳалари билан танишди.

Ташриф жараёнида бундай кичик ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини алоҳида самарали эканлиги эътироф этилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати.