ШЎРАХОНЛИКЛАРНИНГ ҚУВОНЧИ ЧЕКСИЗ


Маҳалла жамиятда тинчлик-тотувлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, миллий урф-одат ва қадриятларни асраб-авайлаш, оилалар жипслигини таъминлаш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, аҳолининг кундалик муаммоларини ҳал этишда халқимизга энг яқин ижтимоий тузилма ҳисобланади.

Мамлакатимизда маҳалла институтининг ривожланишида Президентимизнинг 2017-йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2019 йил 2 апрелдаги “Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари муҳим дастуриламал вазифасини ўтамоқда.

Мазкур фармонларга мувофиқ, фуқаролар йиғинлари идоралари биноларини намунавий лойиҳалар ва уларга қўйилган талаблар асосида қуриш уларни зарур мебел, ­компьютер, алоқа воситалари ва интернет тармоғи билан таъминлаш вазифаси белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан «ЭЛЛИКҚАЛА МАХСУС ҚУРИЛИШ» МЧЖ томонидан фойдаланишга топширилган “Шўрахон” овул фуқаролар йиғинининг замонавий маъмурий биноси ҳудуд аҳолиси учун яна бир имконият маскани бўлди.

Бинонинг очилиш маросимида туман ҳокими Р.Шамуратов Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари асосида туманда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари хусусида таъкидлаб, буларнинг барчаси инсон қадр-қиммати учун амалга оширилаётганини қайд этди ва барчани фойдаланишга топширилаётган замонавий бино билан қутлади. Шунингдек, қурилишда жонбозлик кўрсатган қурувчилар қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, овулдаги нуроний отахону-онахонлар, шижоатли ёшлар, тадбиркорлар иштирок этди.

Шунингдек, маросимда Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Сағиндиқ Турманов қатнашди.

Тўрткўл тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.