Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А.Оринбоев ўзи оталиққа олган ёшлар ва уларнинг ота-оналари билан учрашди.
Учрашувда Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбир хусусида таъкидлаб ўтилди.
Айниқса, қўлида ҳунари бор ёшларга имкониятлар яратиб бериш, уларни зарур асбоб-ускуналар билан таъминлаш алоҳида аҳамиятга эга.
Тадбирда ўзини-ўзи банд қилишни хоҳлаётган ана шундай ёшларга тикув машиналари, сантехника асбоблари топширилди. Спорт билан шуғулланувчи бир нафар ёшга профессионал велосипед ҳадя қилинди. Шунингдек, бир нечта ёшларга тез орада зарур анжомлар олиб берилиши билдирилди.
Ёрдамга муҳтож ёшлардан бир гуруҳи моддий қўллаб-қувватланди. Ўқишга киришлари учун махсус тайёрлов курсларида ўқишига молиявий ёрдам кўрсатилди.
— Ёшларга кўрсатилаётган бундай ғамхўрликдан биз ота-оналар жуда хурсандмиз, — дейди учрашув қатнашчиларидан бири Қаншайим Жийемуратова. — Бугун бир гуруҳ ёшларга асбоб-ускуналар топширилди. Бу эса уларнинг бандлигини таъминлаб, ўз меҳнатлари ортидан даромад топишига хизмат қилади.
Учрашув сўнггида Жўқорғи Кенгес раиси кўтарилган масалаларни ҳал қилиш юзасидан тегишли мутасаддиларга топшириқлар берди.



