«Долзарб 30 кун» тадбири ўтказилмоқда


Ёнғин хавфсизлигини таъминлашга қаратилган тадбирларни янада кучайтириш мақсадида, Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши асосида 2023 йил 10 июлдан 10 августга қадар республика ҳудудида «Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича «Долзарб 30 кун» тадбири жорий этилди.

Қонликўл тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари томонидан, истеъмолчиларга газ анжомларидан, газ баллонларидан хавфсиз фойдаланиш қоидалари, техника ва ёнғин хавф­сизлиги қоидалари мавзуларида тушунчалар бериб борилмоқда.

Тумандаги кўп қаватли уйлардаги хонадонлар, аҳоли гавжум масканлар, бозор ҳудудлари ҳамда савдо мажмуаларида ­суюлтирилган газ баллонларидан фойдаланиш мумкин эмас. Хонадонлардаги газ плиталари билан газ баллон орасидаги масофа 2 метрдан кам бўлмаслиги лозим. Агар газ баллони ошхонанинг ташқари қисмида темир қутига ўрнатилиб, темир қувур орқали газ плитага уланса, мақсадга мувофиқ бўлади. Газ баллонларини корпус қисмида паспорти, синовдан ўтганлигини тасдиқловчи клеймоси ва “ПРОПАН” ёзуви бўлиши шарт. Газ баллони ичида газ тугаганидан сўнг унга ҳимоя қопқоғини кийдириб, газ таъминотига мурожаат қилиш керак бўлади. Айрим инсонлар газ баллонининг ичидаги қолдиқ конденсатини тўкиб олиб, бошқа мақсадда фойдаланишни тавсия қилиши мумкин. УНУТМАНГ! БУ ЖУДА ҲАМ ХАВФЛИ!

Хонадонларда таом тайёрланганидан сўнг албатта газ плитаси жўмраги ва газ баллони жўмрагини беркитиб қўйилиши шарт. Газ баллонини ёки газ плитасини очиқ қолдириш, шунингдек, газни ёниб турган ҳолда қаровсиз қолдириш турли хил нохуш ҳолатларга олиб келиши мумкин. Шу билан биргаликда ошхонадаги шамоллатиш йўлини доимий очиқ бўлиши шарт. Газ билан ҳаво аралашиб ёнганидан кейин ишлатилган “ис” гази мўрикон орқали ташқарига чиқиб кетиши керак. Дарча (форточка) орқали ошхонага ҳаво кириб турмаса, бунда ҳам газ чала ёниши оқибатида “ис” гази ажралиб чиқиб, инсонларни заҳарланишига олиб келиши мумкин.

Ҳурматли юртдошлар! Хонадонингиздаги газ плитани 1 йилда 1 марта техник кўрикдан ўтказилишини таъминланг. ­Суюлтирилган газдан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига ­қатъий риоя қилган ҳолда, ундан оқилона фойдаланишингизни сўраймиз. Газ баллонига уланган шланга ёки темир қувур уланмаларини совун кўпиги билан текширинг, ҳеч қачон гугурт ёки олов билан текширманг!

Хонадонингизда газ ҳиди чиқса, зудлик билан газ баллонини ёпиб, хонани шамоллатинг ва 104 телефон рақами орқали куну-тун ишлаётган “Ҳудудгаз” газ таъминоти филиалини жойлардаги бўлимларининг “Авария диспетчерлик хизмати”га хабар беринг.

Белгиланган талаб ва қоидаларга амал қилсангиз, ўзингиз ва оилангизни ёнғин билан боғлиқ содир бўлиши мумкин бўлган турли хил нохуш ҳолат ёки бахтсиз ҳодисалардан сақлаб қолган бўласиз.

Ғ.Бекниязов,

Қонликўл тумани ФВБ НТБ бошлиғи, катта лейтенант.