СОҲАНИ РИВОЖЛАНТИРИШГА ЧУҚУР ЎЙЛАНГАН СТРАТЕГИЯ ЗАРУР


Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев республикамизда қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш, соҳада учраётган муаммоларни аниқлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан зарур чора-тадбирларни кўриш масалалари бўйича кўп йиллик тажрибага эга фермер хўжалиги раҳбарлари, деҳқонлар ва соҳада фаолият олиб бораётган олимлар билан учрашди.

Унда асосан бугунгидек сув танқислиги даврида республикамиз иқлим шароитига мос қишлоқ хўжалиги экинларини экиш, экспортбоп маҳсулотларни етиштиришни кенгайтириш, кутилган ҳосилдорликни кафолатлайдиган уруғ етиштириш, яъни, селекцияни ривожлантириш, бу борада соҳада илмий изланишлар олиб бораётган тажрибали олимлар билан тиғиз ҳамкорлик қилиш,фойдаланишдан чиқиб кетган экин майдонларини қайта фойдаланишга киритиш,сувдан оқилона фойдаланиш, йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларни бартараф  қилиш ҳамда соҳани  қайта жонлантириш мақсадида камида 5 йиллик стратегияни ишлаб чиқиш масаласи кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, қишлоқ хўжалиги соҳасини қайта тиклаш мақсадида камида 5 йиллик стратегияни ишлаб чиқиш бугунги куннинг долзарб вазифасига айланиб бормоқда.

Халқнинг озиқ-овқат хавфсизлиги ва ички истеъмолини сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш йўналишида жойларда олиб борилаётган ишлар талаб даражасида эмас.

Қишлоқ хўжалиги соҳасини модернизациялаш, соҳага янги инновацион ғояларни татбиқ қилиш ва экин майдонларидан оқилона фойдаланишнинг аҳамияти кундан кунга ортиб бормоқда. Шу боис соҳада аниқ белгиланган стратегияни ишлаб чиқиш жуда муҳим вазифа саналади.

Қишлоқ хўжалиги экинларининг тўғри жойлаштирилмаслиги ва режадаги экинларнинг тўлиқ экилмаганлиги натижасида соҳада бир қатор камчилар юзага келмоқда.

Учрашувда шу каби ечимини кутаётган долзарб масалалар ва бу борада амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилиб,тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Қорақалпоғистон хабар агентлиги.