ТАХТАКЎПИР ВА ҚОРАЎЗАК ТУМАНЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ БОРАСИДАГИ ИШЛАР ТАНҚИДИЙ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ


Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А.Оринбаев Тахтакўпир туманида бўлиб, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги ишлар, мазкур йўналишда олдин белгиланган вазифалар ижросига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Таъкидланганидек, туманда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар масъулларга аниқ белгилаб берилган бўлса-да, уларнинг бажарилишида бир қанча хато ва камчиликларга йўл қўйилган.

Жумладан, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва кредит маблағларини олишида ёрдам бериш ишлари талаб даражасида олиб борилмаган.

Янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2023 йилда туманда дастур асосида 5360 иш ўринларини ташкил қилиш белгиланган. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида режа бажарилгани бўйича ҳисобот тақдим этилган. Бироқ, тақдим қилинган ҳисоботлардаги кўрсаткичлар ошириб кўрсатилгани аниқланган.

Қурилиш соҳасида ҳам қонунбузарлик ҳолатлари, ҳужжатларни расмийлаштиришда хато-камчиликларга йўл қўйилгани, янги кўп қаватли турар-жойларни қуриш тўғри ташкил қилинмагани,айрим раҳбарларнинг ўз вазифасига лоқайдлик билан қарагани каби камчиликлар аниқланган.

Йиғилишда ўз вазифасига лоқайдлик билан қараганлиги учун туман ҳокимининг ўринбосари-Оила ва хотин қизлар бўлими, Маҳалла кесимида ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш маркази, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими, Мактабгача ва мактаб таълими бўлими, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими ва Маданият бўлими раҳбарларига интизомий жазо чораси қўлланилди.

Жўқорғи Кенгес Раиси Қораўзак туманида ҳам йиғилиш ўтказди.

Унда туманда бугунги кунгача амалга оширилган ишлар танқидий муҳокама қилиниб, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, туризмни ривожлантириш бўйича амалга оширилиши зарур вазифалар, қайта тикланувчи энергия манбаларини ўрнатиш бўйича белгиланган режалар ижросидаги камчиликлар таъкидлаб ўтилди.

Янги иш ўринларини яратиш ва аҳолининг бандлигини таъминлаш йўналишида жорий йилда 6020 янги иш ўринларини ташкил этиш белгиланган. Шундан, ушбу йилнинг биринчи ярмида туманда жами 3083 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланиб, режа бажарилгани бўйича ҳисобот берилган. Аммо, тақдим қилинган ҳисоботлардаги баъзи рақамлар ошириб кўрсатилгани ва камчиликлар борлиги аниқланган.

Камбағалликни қисқартириш ва халқнинг бандлигини таъминлаш борасида Оилавий тадбиркорлик дастури учун туманга ажратилган кредитларнинг фақат 65,7 фоизи ўзлаштирилган.

Йиғилиш давомида ўз вазифасини бажаришда хато-камчиликларга йўл қўйгани учун туман ғазначилик бўлими раиси эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида жаримага тортилди.

Туман ҳокимининг Қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, Ички ишлар бўлими, Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими, Иқтисодиёт ва молия бўлими раҳбарлари, 4 нафар ҳоким ёрдамчиси, 9 нафар хотин-қизлар фаоли, 5 нафар ёшлар еткачисига интизомий жазо чораси қўлланилди.

Ўтказилган йиғилишда йўл қўйилган хато-камчиликларни бартараф қилиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилиб, тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Қ.Х.А.