Чимбой туманидаги “Базарбай Сапаров” фермер хўжалигида кейинги йил ҳосили учун ғаллани сифатли ва ўз вақтида экиш,зарур агротехник тадбирларни амалга ошириш масалаларига бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев қатнашиб, мазкур ишларнинг аҳамияти хусусида тўхталди ва бу ишларни амалга оширишда ҳар бир фермер ва соҳа вакиллари алоҳида масъулият билан ёндашиши лозимлигини таъкидлаб ўтди.
Таъкидланганидек, мавсумни юқори ташкилотчилик билан ўтказиш, бунда илмий жиҳатдан асосланган усуллардан фойдаланиш, ернинг унумдорлиги ва бошқа ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда иқлим шароитига мос уруғ танлаш ва ниҳолларнинг текис униб чиқишига эришиш, барча зурур агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли олиб бориш лозим.
Шунингдек, сув етишмовчилиги юзага келаётган бир даврда сувдан унумли фойдаланиш, ғалла майдонларида ёмғирлатиб суғориш технологияларини кенг татбиқ қилиш масалалари таъкидланди.
Чимбой тумани ғаллакорлари 2024 йил ҳосилига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишни мақсад қилган бўлиб, 172 фермер хўжаликларининг 4250 гектар экин майдонларига буғдой экиш режалаштирилган.
Жўқорғи Кенгес Раиси туман ғаллакорлари ва нуронийлари билан бирга, яхши ниятлар билан келгуси йил ҳосили учун ерга уруғ қадашди.
Қорақалпоғистон хабар агентлиги.



