Мўйноқда етиштирилган қовун-тарвузлар экспорт қилинмоқда


Мўйноқ туманининг “Ҳаким ота” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудуди “Қизилжар” массивидаги яйловларнинг унумдорлигини ошириш, ҳудудда чорвачиликни ривожлантириш мақсадида ташкил қилинган “Ажиниёз яйловлари” ишлаб чиқариш яйлов кооперативида етиштирилган маҳсулотлар қўшни Қозоғистон Республикасига экспорт қилинмоқда.

Нафиса Байниязова раҳбарлик қилаётган ишлаб чиқариш яйлов кооперативида жорий йилда 15 гектар ерга қовун-тарвуз, 3 гектарга қовоқ, 1 гектарга картошка экилди. Шундан Қозоғистон Республикасининг Ақтау шаҳрига 20 тонна қовун-тарвуз экспорт қилинди. Яна 60-70 тонна маҳсулотни экспорт қилиш режалаштирилмоқда.

– Ҳар қандай қишлоқ хўжалиги маҳсулотидан юқори ҳосил олиш тупроқнинг таркиби, тузилишига боғлиқ, – дейди ишлаб чиқариш яйлов кооперативи раҳбари Нафиса Байниязова. – Ерларимиз бўз тупроқ, шунинг учун ҳам экилган қовун-тарвузларга ҳеч қандай ўғит берилмайди. Бўз тупроқда етиштирилган маҳсулотларни эса аҳоли катта қизиқиш билан харид қилади.