НОМИ ҚОРАҚАЛПОҚ ЭЛЛАРИМ БОРДИР
Қорақалпоқ билан ўзбекнинг қалблари кенг, узун ва саноқсиз йўллар билан туташиб кетган
ЯНГИ ЙЎЛ ВА КЎПРИКЛАР ҚУРИШ, ИНФРАТУЗИЛМАНИ ХАЛҚАРО АНДОЗАЛАР ДАРАЖАСИДА РИВОЖЛАНТИРИШ БОРАСИДА АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН КЕНГ КЎЛАМЛИ ИСЛОҲОТЛАР МИЛЛИОНЛАБ ҚАЛБЛАРНИ ЯНАДА ЯҚИНЛАШТИРИБ, ЖИПСЛАШТИРМОҚДА.
БУГУНГИ КУНДА МАМЛАКАТИМИЗНИНГ БАРЧА ҲУДУДЛАРИДА КАТТА БУНЁДКОРЛИК ИШЛАРИ ДАВОМ ЭТТИРИЛМОҚДА. ҚАЙСИ ЖАБҲАГА ЭЪТИБОР БЕРИБ ҚАРАМАНГ, РИВОЖЛАНИШ, ЎСИШ СУРЪАТЛАРИНИ КЎРИШ МУМКИН. ҚОРАҚАЛПОИСТОНГА ЙЎЛИМИЗНИ МЎЙНОҚ ТУМАНИДАН БОШЛАМОҚЧИМИЗ.
МЎЙНОҚДАН БОШЛАНАДИ
Давлатимиз раҳбари «Маданият – Мўйноқдан бошланади», деган эди. Дарҳақиқат, Мўйноқда қад кўтарган замонавий иншоотлар билан боғлар, адиблар хиёбони, ҳунармандлар аллеяси, музейлар, мусиқа ва санъат мактаблари билан бирга, энг чекка қишлоқларда ҳам янгиланишлар, бунёдкорлик ишлари авж олган.
Тарихга назар ташлайдиган бўлсак Мўйноқ тумани 1931 йили ташкил этилган. Бир вақтлар катта қисмини денгиз эгаллаган ҳудуд, чўл ва ярим даштликлардан иборат. Сўнгги маълумотларга қараганда, туманда 32 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.
Туман аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 2017 йилда лойиҳа қиймати 26,4 миллиард сўм бўлган, узунлиги 96,4 км «Қўнғирот – Мўйноқ» магистрал сув қувури ва Қўнғирот туманида қуввати суткасига 7,0 минг кубометрга эга бўлган сув тақсимлаш иншоотининг қурилиши олиб борилиши натижасида 25 мингдан ортиқ аҳоли марказлашган ҳолда тоза ичимлик суви билан таъминланди.
Мўйноқ аҳлининг тарих зарварақларида муҳрланиб қоладиган катта ўзгаришларнинг яна бири янги аэропортнинг ишга тушиши бўлди. Шунингдек, тумандаги “MUYNAK LDSP” корхонаси томонидан умумий қиймати 75 миллиард 801 миллион сўмлик қамишдан қурилиш материаллари (панел) ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси ишга туширилди. Шу билан бир қаторда 2019 йилда фаолият бошлаган “Мўйноқ минерал тузи” корхонасида 100 дан зиёд иш ўрни яратилган. Бу ерда бир ойда 2000 тоннадан зиёд туз ишлаб чиқарилади.
Бугунги Мўйноқ кўчаларида юриб, бошқа шаҳарга келиб қолгандай ҳис этади киши ўзини. Шаҳарнинг бундан 5-6 йил олдинги қиёфаси тубдан ўзгарган. Кенг ва баланд иморатлар, меҳмонхоналар, хизмат кўрсатиш шохобчалари, амфитеатр, курант, музейлар, хуллас, барча иншоотлар савлат тўкиб турибди. Сайёҳлар энг кўп қадам ранжида қиладиган очиқ осмон остидаги «Кемалар қабристони» музейида денгиз томон сузмоқчи бўлиб турган кемалар узоқ тарихдан сўзлаётгандек, унинг мавжли тўлқинларини соғиниб, узоқларга термилаётгандек, шўр қумга кўксини босиб, умид билан боқаётгандек, гўё.
Мўйноқ туманида моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига жами 12 та маданий мерос ва зиёрат объектлари киритилган. Булар: Экология музейи, Орол тарихи музейи, Ҳунармандлар аллеяси, «Балиқчи уйи» уй музейи, Ҳаким ота, Тоқмақ ота ва Ажиниёз бобо мақбаралари. Шунингдек, Орол денгизи, Судочье кўли, Устюрт текислиги, Очиқ осмон остидаги кемалар музейи, Урга қишлоғи ва «Оролдаги боғим» лойиҳаси асосидаги инновацион боғ шулар жумласидандир.
Тумандаги “Оқ кема” болалар дам олиш ва соғломлаштириш оромгоҳи 2020 йили Президентимизнинг Мўйноқ халқига алоҳида меҳри, қорақалпоқ заминида улғаяётган ёш авлодларга ғамхўрлиги ўлароқ бунёд этилди. “Оқ кема” Марказий Осиёдаги энг яхши оромгоҳлар сафидан жой олган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 ноябрдаги “2020 – 2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Мўйноқ туманида жами 232 миллиард 575 миллион сўмлик инвестициялар ўзлаштирилиши ҳисобидан 73 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида 589 та янги иш ўрни яратилди.
Бир пайтлар Орол денгизи ҳажми жиҳатидан дунёда тўртинчи ўринда турган ва ўзининг бой флора ва фаунаси билан машҳур бўлган. Йиллар давомида сувнинг ҳажми 14 баробар камайди ҳамда денгиз ўз соҳилидан бир неча юз километрга чекинди. Денгизнинг сувсиз қолган майдонида 6,2 миллион гектардан ортиқ қумли ва тузли чўлистон пайдо бўлди.
Энди эътиборни маълумотларга қаратсак. Мустақиллик йилларида Оролбўйи ҳудудида жами 400 минг гектардан зиёдроқ майдонда яшил қопламалар барпо этилган экан. Ҳурматли Президентимизнинг ташаббуси билан бошланган лойиҳа доирасида 2018 йилдан бошлаб шу кунгача 1 миллион 732 минг гектарга яқин ер майдонига чўлга чидамли ўсимликлар экилди. Шу тариқа мисли кўрилмаган кенг қамровли ишга асос солинди.
ЎЗБЕКИСТОННИНГ ШИМОЛИЙ ДАРВОЗАСИ – ҚОРАҚАЛПОИСТОН
Халқимиз инсон шаъни, қадр-қиммати юксак тутилиб, юртимизнинг ҳар бир фуқароси муносиб турмуш шароитида яшашига эришиш борасидаги саъй-ҳаракатларни юксак қадрлайди, айнан мустақиллик туфайли одамларнинг яхши яшаши, муносиб турмуш даражасига эришиши учун имкон берилганини чуқур ҳис қилади.
Ҳозирги кунга келиб, Қорақалпоғистон Республикасида оғир шароитда яшаётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож 51 минг оиланинг уй-жой шароити яхшиланган бўлса, айрим ҳудудларда аҳолига тоза ичимлик сувини етказиб бериш қатор қийинчиликлар билан амалга оширилаётган бир пайтда Қорақалпоғистонда ичимлик сув билан таъминлаш даражаси 71 фоизга етди.
Қорақалпоғистонга эътибор жуда катта. Имконияти йўқлиги туфайли ёрдамга муҳтож оилалар давлатимиз томонидан ҳимояланмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 2 февралдаги «Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш ва маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан барча овул ва қишлоқлардаги аҳоли турар жойлари хатловдан ўтказилди.
Қорақалпоғистонда 424 маҳаллада 21803 уй-жойни таъмирлаш учун 343,9 миллиард сўм ажратилмоқда. Шундан 21094 та уй-жойнинг том қисмини таъмирлаш ҳамда 709 та яшаш учун яроқсиз ва авария ҳолатига келиб қолган уй-жойларни янгидан қуриш ишлари белгиланган. Шунча инсоннинг оғири енгил бўлиб, муаммосига ечим топилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси мамлакатимизнинг шимолий дарвозаси ҳисобланади. Ўзига хос иқлим шароитига эга бўлган ушбу ҳудуднинг ёзи жазирама, қиши ўта совуқ. Бугунги кунда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, тизимли чора-тадбирлар аҳоли фаровонлигини янада ошириш, турмуш тарзини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Шу жумладан, Қорақалпоғистоннинг ташқи иқтисодий фаолияти йил сайин кенгайиб бормоқда. Бугунги кунга келиб хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар сони 196 тани ташкил этиб, кўрсаткич 3 баробарга ошган. Ҳудудий экспортёр корхоналар сони 2023 йилда 240 тани ташкил этиб, 2016 йилга нисбатан 3 баробарга ортди.
Сўнгги 6 йил ичида Қорақалпоғистон ҳудудида ишлаб чиқилган маҳсулотлар Америка, Франция, Италия, Испания, Нидерландия, Португалия, Болгария, Канада, Австралия, Миср, Бангладеш, Филиппин, Исроил, Тайван, Покистон, Таиланд, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа узоқ хорижий давлатларга кириб борди.
Ушбу давлатларга экспорт қилинган маҳсулот турлари 2 баробар кўпайиб, трикотаж маҳсулотлари, ип-калава, ош тузи, ипак, ун, қуритилган помидор, шиша идишлари, ярим тайёр мебель, ярим тайёр чарм маҳсулоти, инфузион система, бир марталик инъекцион шприцлар, кир ювиш кукуни, суюлтирилган ойна, қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган сетка ва қоракўл териси ташқи бозорда юқори баҳоланмоқда.
Қорақалпоғистоннинг иқтисодий ривожланишида “Uz-Kor Gas Chemical” қўшма корхонаси, Қўнғирот сода заводи каби йирик экспортчилар қаторида “Нукус Мед Тех”, “Ориент Текнолоджи”, “Себу Артемия” “Амударётекс”, “Кантекс Инвест”, “Корпорация Арал Сан Бао”, “Биогумус”, “Ланэкстракт” ва бошқа экспортёр корхоналарни мисол сифатида келтирса бўлади.
Сўнгги олти йилда Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 15 триллион сўм инвестиция ҳисобидан 5 минг 300 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилган. Тадбиркорлар сони эса икки ҳиссага кўпайиб, 46 мингдан зиёд иш ўрни яратилган. Авваллари саноат соҳаси ривожланиши суст бўлган 6 та туманда ишлаб чиқариш 2-3 баробар ортиб, Қорақалпоғистондаги улуши 12 фоизга етган.
Юқорида таъкидланган 6 ҳудуддаги, яъни Беруний туманидаги «Беруний буғдой кластер» ва «Райхон аппарел», Қораўзак туманидаги «Қорақалпоқ цемент» корхонасининг 3-босқичи, Қўнғирот туманидаги «ККРаси кемикал» шунингдек, Нукус шаҳридаги «Азимут ҳотел» корхоналарининг ишга туширилиши натижасида 1000 дан ортиқ иш ўрни яратилмоқда. Улар орқали ишлаб чиқаришга 300 миллиард сўм, экспортга 20 миллион доллар қўшилади.
Қорақалпоғистон Республикасини иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири – минерал хом ашё ресурсларини қайта ишлаш саноатини кенгайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, бир қатор йирик ишлаб чиқариш корхоналари ишга туширилди. Саноат корхоналари томонидан 150 дан ортиқ янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Шунингдек, Қорақалпоғистонда етук ва олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш борасида олийгоҳлар сони 2 баробар кўпайиб, 12 тага етди.
58 МИНГДАН ОРТИҚ ТАЛАБА ТАҲСИЛ ОЛМОҚДА
Қувондиқ Қодиров, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори:
– Сўнгги йилларда олий таълим соҳасини ривожлантириш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида республикамизда фаолият юритаётган давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари сони қарийб икки ярим баробарга кўпайди. Қорақалпоғис тон Республикасидаги олий таълим муассасалари 12 тага етиб, уларга қабул кўрсаткичлари 3,5 марта оширилди. Пировардида, олий таълимга қамров кўрсаткичлари аввалги 19 фоиздан 46 фоизга ўсди. Айни пайтда Қорақалпоғистон Республикасидаги олий таълим муассасаларида 58 мингдан ортиқ талаба таҳсил олмоқда.
Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида сўз борганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни жадал суръатларда ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Фармонга кўра, Қорақалпоғистон Республикасида таълим соҳасида қўшимча имкониятлар ва инсон капитали ривожини янги босқичга кўтаришга шарт-шароит яратиш йўналиши доирасида 2022 – 2023 ўқув йили учун Қорақалпоғистон Республикасида умумий ўрта, ўрта-махсус ва профессионал таълим муассасаларини тамомлаган 500 нафар, кейинги ўқув йиллари учун эса ҳар йили 1 сентябрга қадар 6 500 нафар ёшларнинг вилоятлардаги давлат олий таълим муассасаларига қўшимча қабул параметрлари асосида ўқишга қабул қилинишини таъминланди.
Бунда, мазкур қабул кўрсаткичлари бўйича ўқишга қабул қилинган талабаларга ажратилган таълим кредитлари бўйича фоиз тўловларини Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси ҳисобидан қоплаб бериш имконияти яратилди.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида доимий яшайдиган ҳамда умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларини тамомлаган ёшлар учун 2023 – 2024 ўқув йилида давлат гранти асосида қўшимча 3 000 та ўрин ажратилди.
Қорақалпоғистон Республикасидаги давлат олий таълим муассасаларини салоҳиятли профессор-ўқитувчилар билан таъминлаш мақсадида 2023 йилдан бошлаб мамлакатимизнинг етакчи олий таълим муассасаларида экология, қишлоқ хўжалиги, ирригация ва қурилиш йўналишлари бўйича таянч докторантурада кадрларни мақсадли тайёрлаш йўлга қўйилди.
Ҳудуддаги нодавлат таълим ташкилотлари ўқув жараёни учун жалб этилган хорижий мутахассислар (ўқитувчилар) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномаларни расмийлаштириш ва бериш (узайтириш) учун ундириладиган тўлов, Ўзбекистон Республикасига кириш визаси олиш учун консуллик йиғимлари ва яшаш жойида рўйхатга олиш учун ундириладиган давлат божи тўлашдан озод этилди.
Ислоҳотлар билимли ва салоҳиятли, жаҳон стандартларига мос кадрларни тайёрлаш, институт ва университетларнинг имкониятларини ҳар томонлама оширишни тақозо этади. Ҳар қандай таълим инсон ва жамият манфаатига йўналтирилган бўлиши зарур.
Янги ўқув йилидан бошлаб, олийгоҳда ўқиётган хотин-қизлар учун, ким тўлашидан қатъи назар, контракт тўлови даромад солиғидан озод қилинади. Шунингдек, Қорақалпоғистонда агро-технологиялар ва муҳандислик йўналишларида етакчи хорижий олийгоҳларнинг филиаллари ҳамда Нукусда Рақамли технологиялар институти очилади.
«Умуман, биз Қорақалпоғистонда олий таълим қамровини келгуси йилнинг ўзида 50 фоизга етказамиз. Бунинг учун, чет элларда ўқиётган ёшларимизнинг ўқишини юртимиз олийгоҳларига давлат гранти асосида кўчириш амалиётини йўлга қўямиз», деб таъкидлаган эди Президентимиз.
Таълим соҳасининг асосий таянчи бўлган азиз ва мўътабар муаллим ва мураббийлар, олийгоҳ профессор-ўқитувчиларининг машаққатли меҳнати бундан буён ҳам муносиб рағбатлантириб борилади.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг билим олишлари учун қулай шароит яратиш мақсадида 2022 – 2023-ўқув йилида магистратура босқичида ўқиётган 2 300 дан ортиқ талаба қизларнинг шартнома тўловлари ҳам тўлаб берилди. 1 минг 951 нафар олий ва ўрта махсус ўқув юртларида таълим олаётган хотин-қизларга 17 миллиард 220 миллион сўм миқдорида шартнома тўлови учун 7 йил муддатга фоизсиз кредит ажратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги «Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг янги ўқув биноси қурилиш ишлари давлат дастурига киритилиб, давлат бюджетидан 75 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Айни пайтда 2 минг ўринга мўлжалланган мазкур янги ўқув биносида сўнгги пардоз ишлари амалга оширилмоқда.
Шунингдек, институтнинг тўртинчи ҳамда бешинчи ўқув биноларида реконструкция ишлари учун бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан 14 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилиб, тўлиқ таъмирланди.
Айни пайтда институтда талабаларни турар жой билан таъминлаш, уларни ётоқхоналар билан қамраб олиш ишларини яхшилаш мақсадида 5 ўринда, умумий 1550 ўринли талабалар турар жойларининг қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан 23 миллиард 704 миллион сўм ажратилиб, янгидан 500 ўринли ётоқхона қурилмоқда. Шу билан бирга, институт бош биноси ёнидаги 100 ўринли ҳамда Элликқалъа педагогика факультетининг 150 ўринли талабалар турар жойлари таъмирланмоқда.
Шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосида 23 миллиард 200 миллион сўмга 400 ўринли янги талабалар турар жойининг қурилиш ишлари юқори суръатда амалга оширилмоқда. Талабаларни турар жой билан таъминлашда тадбиркорлик субъектлари билан самарали ҳамкорлик ўрнатилган бўлиб, бунинг ёрқин ифодаси сифатида тадбиркорнинг ўз балансидаги бинони қайта таъмирлаш орқали 400 ўринли ётоқхонага айлантириб, фойдаланишга топширишни режалаштираётганини таъкидлаш жоиз.
Бугунги кунда институтда ўрнатилган 550 кВт қувватлиликка эга қуёш панеллари бир кунда 42 014 кВт/соат, ҳар ойда ўртача 126 042 кВт/соат энергия ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлиб, йил мобайнида 1 миллион 512 минг 500 кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариб, йил охирига келиб, институтда электр энергияси сарфининг 167,2 фоиз тежалишига имконият яратилади. Бу ўз навбатида 1 миллиард 210 миллион сўм харажатларни иқтисод қилиш имконини беради.
НУКУСЛИК ЁШЛАР ЧЕТ ДАВЛАТЛАРДА ДАСТУРЧИ
IT соҳаси бугунгидек шиддат билан ривожланаётган асрда оммалашган ва шу билан бирга сердаромад соҳа ҳисобланади. Янги ихтиро ва кашфиётлар эса инсонни етуклик сари чорлайди. Ҳозирги даврда замонавий билимларни эгалламай туриб, маълум мақсадга эришиб бўлмайди. Бу борада ахборот технологияларини, дастурлаш ҳамда IТ соҳаси бўйича чуқур билимга эга бўлиш, янги лойиҳа ва ишланмалар устида ишлаш, уларни юрт фаровонлиги йўлида ва мамлакат ривожланиши учун тадбиқ этиш жуда муҳимдир.
Ўз соҳаси бўйича хориждаги нуфузли ташкилотларда ишлаётган ҳамюртларимизнинг тажрибаси ва фаолияти биз учун жуда муҳим. Ана шундай ёшлардан бири нукуслик Бекназар Абдикамалов ҳозирги пайтда АҚШдаги Амазон компаниясида дастурчи-муҳандис бўлиб ишлаб келмоқда.
Бекназар Абдикамалов 1993 йили Нукус шаҳрида туғилган. Тошкент ахборот технологиялари университетида ўқишнинг биринчи семестрини тугатиб, 18 ёшида Жанубий Кореяга ўқишга кетади.
– Мактабимиз биринчи марта интернетга уланганида мен умуман шокка тушганман. Унинг тезлиги, бир маълумотни дунёнинг нариги бурчагига катта тезликда етиб бориши жуда ҳайрон қолдирган. 6-7-синфдалигимда аниқ дастурчи бўлишимни билардим. Шунинг учун ўзимга менторларни топиб, улар билан электрон почта орқали гаплашардим, – дейди Бекназар Абдикамалов. – Менинг биринчи менторларим Атабек Муртазаев (Австралиядаги нукуслик дастурчи), Азиз Муртазаев (Facebook собиқ дастурчиси) ва Саламат Авезов (Полиглот дастурчи) лар эди. Улар менга кўп вақт ажрата олмасди. Лекин, оддийгина почта орқали улардан кўпроқ маълумот олишга ҳаракат қилардим. Дадамнинг иш компьютери бор, аммо интернети йўқ эди. Компьютер устахонасига бориб ишлардим. Эвазига эса бир соат интернетдан фойдаланишга рухсат олардим. Шу вақт ичида менторларим билан мулоқот қилиб, керакли дарсларни флешкамга юклардим. Уйга бориб видеоларни қайта-қайта кўрганман. Шу тариқа дастурлашни ўргандим. Менинг фикримча, ресурсларнинг чекланганлиги унчалик ёмон ҳолатмас. Озгина имкониятдан ҳам максимал даражада фойдаланса бўлади.
Таъкидлаш керак, дунё мамлакатлари тажрибасида илмий-тадқиқотлар, IТ технологиялар, стартап ғоялар, компьютер саводхонлигига жуда катта эътибор берилмоқда. Қорақалпоғистонлик дастурчи йигит Бекназар Абдикамалов хам ўз юртидан узоқ масофада ўз касбининг етук мутахассиси сифатида қадр ланади.
– Лицейда ўқиб юрганимда хорижда ўқийман деган якуний қарорга келдим. Тошкент ахборот технологиялари университети билан бирга Жанубий Кореядаги олийгоҳга ҳам ҳужжат топширдим. Лекин, буни уйдагиларга айтмадим. Ичимда Кореядан жавоб кутардим. У ердан ҳам ижобий жавоб келди. Унда ҳам уйдагиларга айтмадим. Виза билет ва бошқа ҳужжатларни тўғрилаганимдан кейингина уларга айтдим, – дейди Бекназар Абдикамалов.
Бекназар ўз орзусига етди. Ўз меҳнати, ўзининг қатъиятлиги туфайли бутун дунёга машҳур компанияда фаолият юритмоқда. Инсон олдига нима мақсад қилса ва ҳаракат қилса, албатта унга эришади. Етук мутахассис ҳисобланган қорақалпоғистонлик Бекназар Абдикамалов ва Азиз Муртазаевлар Жанубий Кореялик ҳамкори Жастин Ким билан ҳамкорликда Ami руҳий саломатлик бўйича стартап лойиҳасини ишга тушириш учун Meta (Facebook) грантини қўлга киритди. Инвестициялар ҳажми эса 3 миллион долларни ташкил этади.
Қайд этилишича, лойиҳа руҳий саломатлик хизматини янада қулайроқ қилиш учун онлайн маслаҳат сеансларини ўз ичига олади. Бу Осиё мамлакатларидаги бизнес эгаларига ўз ходимларининг руҳий саломатлигини яхшилаш имконини беради.
Стартап асосчилари таъкидлашича, бундай платформани яратиш ғояси пандемиядан кейин пайдо бўлган. Негаки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2022 йил март ойидаги ҳисоботига кўра, пандемиядан сўнг бутун дунё бўйлаб депрессия, тушкунлик даражаси 25 фоизга ошган экан.
Осиёнинг улкан стартап марказлари Сингапур ва Жакартадан ташқари, Ami стартапини бутун Осиё бўйлаб кенгайтириш, бу орқали компанияларга руҳий саломатлик платформаси ёрдамида юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш имкониятини яратиш режалаштирилган. Лойиҳа асосчилари жамиятда руҳий саломатлик аҳамияти ҳақидаги билимларни оширишни ўзлари учун олий мақсад, деб билишади.
ҚОРАҚАЛПОҚ ҚОВУНЛАРИНИНГ МАЗАСИ ОҒЗИНГИЗДА ҚОЛАДИ
Болалик пайтимизда бобомиз эккан қовунларни еб, қўллармиз ширадан ёпишиб қолишини ҳалигача яхши эслаймиз. У қовунларнинг мазаси оғзимизда қолган.
Ота-боболаримиз аввал замондан қовунчиликни селекция қилиб боришган. Сабаби, биз яшаб келаётган она заминда қовун экиш учун қулай шароит бўлган. Вақтида Амударё сувлари лойқаланиб оқарди. Лойқа сувнинг таркибида эса айнан қовун етиштириш учун зарур элементлар бор. Ана шу элементлар қовуннинг ширали, мазали ва жуда хушбуй бўлишида асос яратган. Қовунларни кетма-кетликда экиш учун мавсумий навлари бўлган. Масалан, энг дастлаб замча пишган. Бу энди адабий тилда “ҳандалак” деб номланади.
Бундан ташқари, бизда “Карнак” навли қовун бор. Ҳажми ҳандалакдек бўлади. У ҳам мазали. “Тарлама” деб номланган қовунимиз бор. Кесган пайтингда тариллаб кетиши учун унинг номини “Тарлама” деб аташган. Мағизи қаттиқроқ. ғичрлатиб ейилган. Яна бир ажойиб қовун – “Жийда япроқ” қовуни. Унинг тури жийданинг япроғига ўхшаган. Бу ҳам жуда ширали қовун. Қишда сақланадаган қовунлардан “Бишак” бор. “Бишак” дегани шаксиз, мазасига шак-шубҳа йўқ дегани. Бу қовун жаҳон кўргазмаларига олиб чиқилган дунёга машҳур қовуннинг бири.
Қиш ойларида ейдиган, кеч пишадиган “Тириш” навли қовун бор. Уни қишда ейишади. Тўри тиришиб қолганлиги учун ҳам “Тириш” деб номлаган. Бу сувни кам талаб қилади. Шунингдек, “Олахамма”, “Гулаби”, “Андирхон” навли қовунлар хам бор.
Беруний туманидаги “Шаббоз” маҳалласи азалдан ўзининг қовунлари билан машҳур. Шу боис кўпчилик “Шаббоз”ни яхши билишади. “Минг эшитгандан бир кўрган афзал” деганларидек, қорақалпоқнинг қовунларини бир еб кўрган киши, яна қайтиб келиши аниқ. Самарқанднинг нони ширин бўлса, қорақалпоқнинг қовуни мазали. Шукр, кейинги йилларда Қорақалпоғистонда қовун етиштириш қайта жонланди.
ҚОРАҚАЛПОҚНИНГ АЛПОМИШ
ВА БАРЧИНОЙЛАРИ
Қорақалпоғистонда ширали қовун, жугари куртук, беш бармоқ еб камолга келган ёш авлод бақувват, жисмонан кучли бўлишади. Буни биз спортчиларимизнинг ютуқларидан ҳам кўришимиз мумкин. Бунга мисол, спортчиларимиз жаҳон чемпионатларида 39 та, Осиё чемпионатларида эса 91 та ва Ўзбекистон чемпионатида 1235 та медални қўлга киритди.
Шерзод Мамутов 2023 йил 20-22-январь кунлари Перу мамлакати Лима шаҳрида қиличбозлик бўйича ўтказилган жаҳон кубогида биринчи, Тошкент шаҳрида 14-16-апрель кунлари ўтказилган бадиий гимнастика бўйича жаҳон кубогида Шахзода Ибрагимова иккинчи, Тунис шаҳрида қиличбозлик бўйича жаҳон кубоги мусобақасида Ислам Абдазов жамоавий биринчи, 3-5 февраль кунлари Болгарияда ўтказилган жаҳон кубогида жамоавий биринчи ўринни эгаллашган. Жорий йил Грузия давлатида қиличбозлик бўйича жаҳон кубогида Дильноза Уснатдинова учинчи ўрин, Болгария давлатида ўтказилган жаҳон чемпионатида Наргиза Жақсыбаева учинчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлди. Бундай натижалар жуда кўп, умидли спортчилар рўйхати узун.
Қорақалпоғистонда келажак авлод учун зарур шароитлар яратиш бўйича ютуқлар катта, режа ва вазифалар аниқ. Кейинги йилларда боғчалар қамрови 28 фоиздан 81 фоизга, уларнинг сони эса 317 тадан 1 минг 600 тага кўпайди.
172 та мактаб мукаммал таъмирланиб, 104 та мактабда қўшимча бинолар барпо этилгани ҳисобига 118 мингта янги ўқувчи ўрни яратилди.
Яқин келажакда Қорақалпоғистонда 160 та янги боғча қурилиб, таъмирланади, 2 мингта хусусий боғча ташкил қилинади. Келгуси етти йилда қўшимча 100 минг янги ўқувчи ўрни яратилади. Бунда 30 та янги мактаб ва 150 та мактаб учун қўшимча бино қурилиб, 350 таси таъмирланади.
Ихтисослашган мактаблар сони 2 карра оширилиб, 32 тага етказилади. Натижада Қорақалпоғистондаги мактабларда 30-35 нафардан ортиқ бола ўқийдиган синфлар умуман бўлмайди.
Бугунги кунда барча шаҳар ва туманларда жами 21 мингдан ортиқ уй-жойларда 350 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган бўлса, шунингдек, 452 маҳалланинг ҳар бирига бевосита 500 миллион сўмдан қўшимча маблағ ажратилмоқда.
Шунингдек, кадастри йўқ 47 мингта турар жой ва кўчмас мулклар бўйича тегишли ҳужжатлар ишлаб берилади. Шу билан бирга, жорий йил 4 мингта турар жой қурилиб, 4 мингта шахсий тартибдаги турар жой қуришга 4 сотихдан ер участкалари ажратиб берилади.
“БЕЛТАЎ”ДА ЯНГИ ҲАЁТ БОШЛАНГАН
Қорақалпоғистоннинг энг чекка ҳудудларининг бири Тахтакўпир тумани Нукус шаҳридан 100 км дан ортиқ масофада жойлашган. Туман драйвери чорвачилик ва деҳқончиликка ихтисослашган. Бугун ушбу ҳудудда бир қатор ижтимоий объектлар қад ростлаган. Биз Мўйноқдан бошланган йўлимизни Қозоғистон билан чегарадош ҳудудда тўхтатмоқчимиз.
Бугун овулда янги ҳаёт бошланди. Энг долзарб муаммо бўлган сув етиб келди. Туман марказидан 40 километр узоқда жойлашган ҳудуддаги қурилиш ва ободонлаштириш, томорқа ерларда деҳқончилик ишлари қизғин паллага кирган. Экин майдонларини ўзлаштириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ижобий ишларни кўриш мумкин. Неча йиллардан буён қаровсиз қолиб кетган овулнинг бугунги қиёфасини кўриб кўзинг қувонади.
Давлатимиз раҳбари топшириғига биноан Тахтакўпир тумани «Белтаў» овул фуқаролар йиғинида юқори технологияли ирригация тизими бунёд этилди. Оролбўйи ҳудудида қишлоқ хўжалиги лойиҳаси учун мутахассислар, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги техникалари жалб қилинди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2022 йил 23 ноябрдаги баёнига асосан «Белтаў» овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги кам таъминланган, эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, ҳудуд аҳолисининг яшаш шароитини янада яхшилаш, томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланишни таъминлашга кўмаклашиш, ҳудудда чорва ҳамда деҳқончиликни ривожлантириш мақсадида ер ости артезиан қудуқларни қуриш ишлари Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг махсус муҳандислик қурилиш бошқармаси томонидан беғараз амалга оширилди.
Ҳақиқатан ҳам, «Белтаў» овул фуқаролар йиғинида ҳаёт яхши томонга ўзгарганлиги боис, аҳоли бугунги кунидан жуда мамнун. Маҳаллада истиқомат қилувчи аҳоли ҳунармандчилик, касаначилик, томорқадан самарали фойдаланиши натижасида ривожланишга юз бурган. Ҳудуддаги мана шундай ўзгариш ва янгиланишлардан завқланган овул аҳолиси инсон қадри улуғланаётганидан жуда бахтиёр. Тахтакўпирнинг барча ҳудудида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари давом этмоқда.
Шундай экан, инсонларнинг бугунги ҳаётидан розилигини таъминлаш йўлидаги эзгу ишлар давом этаверади.
Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ.
(«Ўзбекистон овози» газетасидан олинди).



