Тинчлик, меҳнаткашлик ва тараққиёт — бугун Чимбой туманидаги Гужумли маҳалласи ҳаётининг асосий мезонига айланган. Қисқа вақт ичида амалга оширилган кенг кўламли ишлар уни нафақат туманда, балки Қорақалпоғистондаги намунавий маҳаллалардан бирига айлантирди.
Бугун бу ерда беш мингдан ортиқ турли миллат вакиллари аҳил-иноқ яшаб, юрт равнақига ўз ҳиссасини қўшмоқда. Маҳалланинг энг катта бойлиги эса, шубҳасиз, унинг инсонлари ва келажаги бўлмиш ёшлардир. Шу боис ҳудудда таълим тизимига алоҳида эътибор қаратилган. Бир давлат умумтаълим мактаби, мактабгача таълим ташкилоти ҳамда давлат-хусусий шериклик асосидаги бешта болалар боғчаси фаолияти йўлга қўйилган.
Ўтган 2025 йил маҳалла ҳаётида алоҳида аҳамият касб этди. Маҳалла фаоллари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорлигида амалга оширилган ишлар натижасида жиноятлар кузатилмади, ажримлар икки баробар камайди. Натижада маҳалла “яшил тоифа”га киритилди.
– 2025 йил маҳалламиз яшил тоифага кирди. Жиноятлар кузатилмай, ажримлар икки баробар камайди. 2025 йилни маҳалламиз учун муваффақиятлар йили бўлди, деб айтсак бўлади, – дейди маҳалла раиси Жузимгул Абдрасулиева.
Ҳудудда амалга оширилаётган ободончилик ишлари ҳам аҳоли турмуш даражасини оширишга хизмат қилмоқда. “Ташаббусли бюджет” ва давлат дастурлари доирасида 1 километрдан ортиқ йўл асфальтланди. Томорқа ерларини суғориш учун сув насоси олиб келинди. “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури асосида 3 миллиард сўм маблағ ажратилиб, “Жамбас жап”нинг 4 километри бетонланди. Шунингдек, 85 та бетон устун ўрнатилиб, 3,5 километр симёғоч тортилди.
– Ташаббусли бюджет асосида маҳалламиз 1 километрдан зиёд йўлни асфальт қилиш, томорқа майдонларини суғориш учун сув насос ўрнатиш лойиҳалари билан қатнашиб ғолиб бўлди, — дейди Жузимгул опа.
Маҳаллада аҳолига қулайлик яратиш мақсадида турли хизмат кўрсатиш объектлари ҳам ташкил этилган. Озиқ-овқат дўконлари, автомобилларга хизмат кўрсатиш шохобчалари, гилам ювиш цехи, темир дарвоза ва дераза ромлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Шунингдек, тикувчилик, сартарошхона ва ҳаммом каби маиший хизмат турлари ҳам фаолият кўрсатмоқда. Тадбиркорлик учун яратилган имкониятлардан унумли фойдаланаётган Данияр Қайпназаров 30 миллион, Даврон Арепбаев 20 миллион, Элмира Токбанова эса 10 миллион сўм кредит олиб, ўз бизнесини йўлга қўйди. Улар нафақат маҳалладошларига ёрдам бериб, оғирини енгил қилмоқда, балки оилаларини ҳам барқарор моддий таъминлаб келмоқда.
Давлат томонидан яратилаётган имкониятлар маҳаллада тадбиркорлик ривожига ҳам кенг йўл очмоқда. Имтиёзли кредитлар асосида фуқаролар ўз бизнесини йўлга қўйиб, бандлигини таъминламоқда.
Айниқса, хотин-қизларга қаратилаётган эътибор натижалари яққол кўзга ташланади.
– Президентимиз томонидан биз хотин‑қизларга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, хотин‑қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш устувор йўналиш этиб белгиланди. Шунингдек, “Аёллар дафтари” дастури орқали бу каби аёллар қўллаб-қувватланиб, ҳаётда ва жамиятда ўз ўрнини топишлари учун шароитлар яратилмоқда,-дейди маҳалла раиси.
Дарҳақиқат, давлат сиёсати доирасида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш, шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган аёлларни жамиятга мослаштириш ва таълимга жалб қилиш бўйича кенг имкониятлар яратилган.
Маҳалла раиси Жузимгул опанинг ташаббуси ва фидойилиги бу ютуқларда муҳим ўрин тутади. Унинг меҳнати муносиб баҳоланиб, жорий 8 март байрами арафасида “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.
Гужумли маҳалласи мисолида кўриниб турибдики, давлат ғамхўрлиги, аҳоли бирдамлиги ва ташаббускор раҳбарият уйғунлиги ҳар қандай ҳудудни тараққий эттиришга хизмат қилади. Тинчлик ва фаровонлик ҳукм сурган бу маҳалла келгусида ҳам намунавий ҳудудлардан бири бўлиб қолишига ишонамиз.
Фотима АБДУРАИМОВА.



