Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг барқарорлигини таъминлаш, шунингдек, бозорларни керакли маҳсулотлар билан тизимли ва кафолатли тўлдириб бориш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирни Жўқорғи Кенгес Раиси А.Оринбаев бошқариб борди.
Таъкидланганидек, деҳқон бозорларининг халқни кундалик озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда ўрни катта. Шу боис фуқароларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан мунтазам таъминлаш, сотувчилар ва харидорларга қулай шароитлар яратиш, санитария-гигиена талаблари ва нархларнинг барқарорлигини сақлаш борасида қатор ишлар олиб борилмоқда.
Шундай бўлсада, айрим жойларда, жумладан, Нукус шаҳри, Чимбой, Манғит деҳқон бозорлари томонидан фермер хўжаликлари етиштирган маҳсулотларини сотиш учун савдо дўконлари қурилмаган. Бундан ташқари,бир нечта деҳқон бозорлари томонидан халққа қулайликлар яратиш мақсадида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар бажарилмаган.
Республикамиз ҳудудидаги бозорларда кундалик озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида мунтазам равишда савдо ярмаркалари ташкил қилиниб келинмоқда. Аммо, айрим деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қиммат нархларда сотилмоқда.
Учрашувда республика деҳқон бозорлари қошида ташкил қилинган маҳсулотларни тайёрлаш, сақлаш корхоналарига бозорлардаги нархларнинг барқарорлигини таъминлаш бўйича ажратилган маблағлар ҳисобидан маҳсулотлар захирасини яратиш чоралари кўрилаётганлиги, музлаткич ва омборхоналарни самарали ташкил қилиш кераклиги, бундан ташқари, чет эллардан маҳсулот сотиб олиш учун кредит маблағларини ажратиш бўйича чоралар кўрилаётгани таъкидланди.
Учрашувда шунингдек, бозорларни тартибга келтириш, савдо расталари сонини кўпайтириш, сотувчи ва харидорларга қулай шароитлар яратиш, қиш ойларида ҳам халққа хизмат кўрсатувчи савдо растларини қуриш масалалари кўтарилди. Шунингдек, таъкидлаб ўтилган камчиликларни бартараф қилиш юзасидан тегишли соҳа раҳбарларига вазифалар топширилди.
Қорақалпоғистон хабар агентлиги.



