“КЕРДЕР” МАҲАЛЛАСИДАГИ ЯРАТУВЧАНЛИК ИШЛАРИ
ҳудуд аҳлига янгича ҳаёт бағишламоқда
Президентимизнинг Қорақалпоғистонга қилган ҳар бир ташрифи бу ўлкада навбатдаги улкан бунёдкорлик, кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишларини бошлашга замин яратмоқда. Эътиборлиси, Давлтимиз раҳбарининг ҳар бир ташрифида белгиланган вазифалар ижроси ҳудуд аҳолиси фаровонлигини таъминлашга қаратилганлиги билан янада улуғворлик касб этаётир.
Мамлакатимиз раҳбари Қорақалпоғистонга ўтган гал қилган ташрифи давомида Нукус шаҳридаги Алтин жағис маҳалласида бўлиб, маҳаллада олиб борилган қурилиш ва ободонлаштириш ишларидан хурсанд бўлганини ва бу каби ишлар ҳамма жойда давом этишини таъкидлаган эди. — Қорақалпоғистон маҳаллаларини обод қилиш, сув, йўл, электр таъминотини яхшилаш, мактаб, боғча ва тиббиёт пунктларини қуриш ва таъмирлаш учун бу йил 1,5 триллион сўм бераяпмиз, — деган эди Президентимиз.
Айни кунларда Қорақалпоғистондаги кўплаб овул ва маҳаллаларда қурилиш, ободонлаштириш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Нукус туманидаги “Кердер” маҳалласида “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонларини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар бунга мисол бўла олади.
Мазкур маҳаллани ҳар томонлама обод қилиш, аҳолисига муносиб турмуш шароитини яратишдек, эзгу мақсадда Қорақалпоғистон Республикаси ва Нукус тумани сектор раҳбарлари, маҳалладаги бешликдан иборат ташкил этилган ишчи гуруҳлар томонидан хонадонбай юриб, аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш ишлари амалга оширилмоқда.
Кердер маҳалласида 564 та хонадон мавжуд бўлиб, 3 786 нафар аҳоли 751 та оилада истиқомат қилади. Улар орасида қорақалпоқ, ўзбек, қозоқ ва корейс миллати вакиллари аҳил-иноқ умргузаронлик қилиб келишмоқда.
— Ишчи гуруҳлар томонидан хонадонлар уйма-уй юриб тўлиқ ўрганилди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикаси Халқ қабулхонаси бош мутахассиси айрат Тлеумуратов. — Натижада 268 та хонадонда 411 та фуқароларнинг соғлиқни сақлаш, бандлик, субсидия, кредит, уй-жойини таъмирлаш, ичимлик суви ва бошқа масалалар бўйича муаммолари мавжудлиги аниқланди. Улардан 213 та муаммо жойида ҳал этилди.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2 462 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди. Натижада 1 019 нафар фуқарога амбулатор шароитда 2 нафар фуқарога туман тиббиёт марказига даволаниш учун йўлланма берилди. Шунингдек, 1 нафарига ногиронлар аравачаси берилиб, 192 нафар фуқарога бепул дори-дармонлар тарқатилди.
Маҳалладаги “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “Темир дафтар”лар ва кам таъминланган оилалар рўйхатига киритилган 68 нафар фуқаронинг хонадонида эса ҳомийлар томонидан таъмирлаб бериш ишлари бошланди. Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган боқувчисини йўқотган 13 та хонадонда таъмирлаш ишлари якунланди. Шунингдек, эҳтиёжманд 8 та оилаларга маиший техникалар берилди.
Маҳаллага келувчи 3 км йўлни асфальт қилиш ишлари бошланди. Ҳудуддаги 1,4 км йўлга асфальт ётқизилди, 2,1 км ички тупроқ йўлларига шағал ётқизилмоқда. Маҳалладиги 35 та кўчага 20 км ичимлик суви тармоғи тортилиши бошланди. Ҳомийлик ҳисобидан 1 та хонадонга артезиан қудуқ қазиб берилди. Электр таъминотини яхшилаш бўйича 1 та янги трансформатор ўрнатилди ва 80 та яроқсиз таянчлар олиб ташланиб, янгилари ўрнатилмоқда.
Эътиборлиси, қурилиш майдонига айланган маҳалла аҳли маданий-маърифий тадбирларда ҳам фаол иштирок қилишмоқда. Кўчабоши аёллар ва “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари томонидан “Жонажон юртим ободлигига ўз ҳиссамни қўшаман” шиори остида маҳалладаги оилаларда хонадон маданиятини юксалтириш, хонадонларни обод ҳамда кўркам қилиш, қурилиш меъёрлари ва санитария-гигиена қоидаларига риоя этиш бўйича тушунтириш ишлари амалга оширилди.
Маҳалла кўчалари ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини, волейбол мусобақаси, овул эркаклари, аёллари ва болалар ўртасида 5000 қадам ва югуриш марофони ўтказилди. Шунингдек, маҳалла нуронийлари учун Нукус шаҳридаги И.В.Савицкий номидаги музейга саёҳат уюштирилиб, ёшлар билан уч авлод учрашуви ўтказилди.
“Кердер” маҳалласида қурилиш ободонлаштириш ишлари билан бир вақтда ҳудуд аҳолисини тадбиркорликка жалб қилиш ҳамда бандлигини таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тикувчилик, хизмат кўрсатиш ва бошқа йўналишларда ўз фаолиятини бошлаётган 15 нафар аҳоли вакилларига субсидия ажратилаётган бўлса, 8 нафар фуқарога 180 млн. сўм кредит ажратиб берилди.
Маҳаллада битта мини футбол майдончаси, болалар майдончаси маданият саройини қуриш ишлари бошланган. Шунингдек, маҳалладаги 9-сонли болалар боғчаси капитал таъмирланмоқда. Ҳудуддаги 20 километр ичимлик сув тармоқлари янгидан тортилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг ташрифида белгиланган вазифалар ижроси маҳалларни обод ва халқимизни рози қилишга хизмат қилаётир. Кўп йиллар эътибордан четда қолган Нукус туманидаги “Кердер” маҳалласидаги ушбу кенг кўламли яратувчанлик ишлари аҳоли вакилларининг эртанги кунга бўлган ишончини оширмоқда, таъбир жоиз бўлса, янгича ҳаёт бағишламоқда, — десак муболаға бўлмайди.
Ғайрат Отажонов.



