2022 йилдан бошлаб «Очиқ бюджет» ахборот порталида «Ташаббусли бюджет» жараёни ва «Менинг йўлим» лойиҳасида фаол эштирок этиб келаман. Депутат сифатида 2022 йилда ўзим сайланган ҳудудда, яъни Шўманай тумани «Бегжап» овул фуқаролар йиғини «Устоз» кўчасидаги 1 км ички йўлларни таъмирлаш учун 300 миллион сўм маблағ ажратиш ҳамда «Адолат» кўчасидаги 1,5 км ички йўлларни таъмирлаш учун 487 миллион 500 минг сўм маблағ ажратиш бўйича «Очиқ бюджет» ахборот порталида «Ташаббусли бюджет» жараёнида таклиф киритган эдим ва овоз бериш натижаларига кўра, ушбу лойҳаларимиз ғолиб деб топилган эди.
Ушбу лойҳаларни амалга ошириш учун туман маҳаллий бюджетининг 2022 йил бошига шаклланган эркин қолдиқ маблағлари ва туманда ташкил этилган «Фуқаролар ташаббуси жамғармаси» маблағлари ҳисобидан жами 787 миллион 500 минг сўм маблағ («Устоз» кўчасига 300 миллион, «Адолат» кўчасига 487 миллион 500 минг) ажратилди.
Бугунги кунда «Устоз» ва «Адолат» кўчаларининг ички йўллари сифатли таъмирланиб, аҳолини кўп йиллардан буён қийнаб келаётган муаммо ҳал қилинди.
Шундан сўнг 2023 йилда яна «Бегжап» овул фуқаролар йиғинидаги «Билим булоғи» кўчасидаги ички йўлларни таъмирлаш бўйича лойиҳамиз жами 846 та овоз билан ғолиб деб топилди. Лойиҳага 2023 йилнинг ўзида туманда ташкил этилган «Фуқаролар ташаббуси жамғармаси» маблағлари ҳисобидан 550 миллион сўм маблағ ажратилиб, ушбу ҳудудга янгидан ички йўл қуриш белгиланган.
Албатта, бундай ташаббуслар аҳолининг долзарб муаммоларини ижобий ҳал қилишда жуда маъқул келмоқда.
2022 йил 2 февралда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Автомобил йўллари соҳасида очиқлик стандартларини жорий этиш ва соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди. Мазкур қарорга асосан бюджет маблағларининг сарфланишида фуқаролар иштирокини янада ошириш ва юртимиздаги мавжуд ички йўллар сифатини яхшилаш мақсадида 2022 йилдан бошлаб туман ва шаҳарлар бюджетлари параметрларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун ажратиладиган маблағларнинг 50 фоизи «Очиқ бюджет» ахборот порталида «Менинг йўлим» лойиҳаси орқали жамоатчилик фикри асосида аниқланган ички йўлларни таъмирлашга йўналтирилиши қатъий белгилаб қўйилди. Бу тизим «Ташаббусли бюджет» жараёнларидан фарқли ўлароқ бир йилда бир маротаба ўтказилади.
Ўзим сайланган ҳудуд аҳолиси билан биргаликда «Менинг йўлим» лойиҳасида ҳам фаол эштирок этиб сезиларли натижага эришиб келмоқдамиз.
2022 йилда Шўманай тумани «Бегжап» овул фуқаролар йиғинидаги «Баймақли овули» кўчасига 147 миллион 200 минг сўм ҳамда «Кўк сув овули» кўчасидаги ички йўлларни таъмирлаш учун 288 миллион сўм маблағ ажратиш бўйича таклиф киритдик ва овоз бериш жараёни натижаларига кўра, ушбу лойиҳаларимиз ғолиб деб топилди. 2022 йилнинг ўзида туман бюджети параметрларида ҳудудларнинг ички йўлларини таъмирлаш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан таклиф этилган жами 435 миллион 500 минг сўм маблағ ажратилиб «Баймақли овули» ва «Кўк сув овули» кўчаларининг ички йўллари сифатли қилиб таъмирланди.
2023 йилда яна «Бегжап» овул фуқаролар йиғинидаги «Бирликли ел» кўчасидаги ички йўлларни таъмирлаш бўйича лойиҳамиз жами 2871 та овоз билан ғолиб деб топилди. Лойиҳага 2023 йилнинг туман бюджети параметрларида ҳудудларнинг ички йўлларини таъмирлаш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан 1 миллиард 500 миллион сўм маблағ ажратилиб, ушбу ҳудудда янгидан ички йўл қуриш белгиланган. Шунинг натижасида худудимиздаги ички йўллар тўлиқ таъмирдан чиқарилади. Бу эса ўз навбатида аҳоли учун қулайликлар туғдиради.
Ҳозирги кунга келиб «Очиқ бюджет», «Фуқаролар учун бюджет» тушунчалари аҳолининг кўпчилик вакилларига маълум бўлган тизимга айланиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 апрелдаги «Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида ташкил қилинган мазкур механизм бюджет маблағларини фуқаролар ташаббуси асосида янада такомиллаштирмоқда.
Яқинда 2023 йилги «Ташаббусли бюджет»нинг 2-мавсуми бошланди.
Ўзбекстон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси билан партиямиздан сайланган депутатлар биргаликда Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туманлари бўйича «Ташаббусли бюджет»да бир қатор ташаббуслар билан фаол иштирок этмоқдамиз.
Жумладан, Шўманай, Қўнғирот ва Тахиатош туманларида ички йўлларни таъмирлаш билан боғлиқ бўлган таклифларни киритганмиз.
Хотин-қизлар ва ёшлар орасида спортни кенг тарғиб қилиш ва уларга спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун кенг имконият яратиш, ҳудудда баркамол ривожланган ва жисмонан соғлом ёш авлодни тарбиялаш мақсадида Амударё тумани «Амир Темур» ОФЙ ҳудуди ва Нукус тумани «Ақ терек» МФЙ ҳудудидаги «Қрантаў» овулига замонавий спорт майдончаси ва кичик футбол майдончаларини қуриш тўғрисида таклиф берганмиз.
Бундан ташқари, Нукус тумани «Улгили макан» МФЙ ҳудудидаги кўчаларга замонавий қуёш панелли тунги ёритгич чироқларини ўрнатиш бўйича ҳам таклиф киритганмиз.
Мақсадимиз ушбу жараёнларда фаол эштирок этиб фуқароларга «Очиқ бюджет» ахборот порталига таклиф киритиш орқали ўзлари яшаб турган ҳудуддаги долзарб муаммоларни қисқа муддатларда бартараф этиш мумкинлигини тушунтириш, давлат бюджетини шакллантириш ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнига аҳолини фаол жалб этиш.
Махмуд ЕСЕНГЕЛДИЕВ,
Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси ўринбосари – мафкура ва тарғибот-ташвиқот масалалари бўлими бошлиғи, Халқ депутатлари Шўманай туман Кенгаши депутати.



