Шу йилнинг 30 сентябрь куни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев йиғилганларни касб байрами билан муборакбод этди ҳамда Президентимизнинг устоз ва мураббийларга йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Дарҳақиқат, фарзанд тарбияси, уларнинг ҳар томонлама соғлом инсон бўлиб вояга етиши — бу ҳар бир оилага бахт-саодат ва файз олиб келиши билан бир қаторда шу ҳалқнинг ва элнинг тақдирини белгилайдиган муҳим омил саналади. Шу боисдан ҳам кейинги йилларда юртимизда Президентимиз раҳбарлигида таълим тизимини ривожланган мамлакатларнинг тажрибаси ва миллийлигимиз уйғунлиги асосида бутунлай ислоҳ қилиш, ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, ёшларни ҳар томонлама билимли қилиб тарбиялашга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда.
Сўнгги беш йил ичида мактабгача таълим ташкилотлари сони 318 дан 1654 га, болаларни боғчаларга қамраб олиш даражаси 27,6 фоиздан 80 фоизга етказилди. Мактаблар сони 706 тадан 722 тага, олий таълим муассасалари 6 тадан 12 тага кўпайди. Мактаб битирувчиларининг олий таълим муасассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичи 14,2 фоиздан 41,8 фоизга ўсди.
Қобилиятли ёшларимизни ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида туман ва шаҳарларда 18 та ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб интернатлари очилди. Бу йил яъни “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да илм олиш истагида бўлган ёшларимиз учун олдин ҳеч қачон бўлмаган имкониятлар яратилди. Мазкур ўқув йилида жами 9 минг 500 нафар ёшлар қўшимча квота асосида талаба бўлиш бахтига муяссар бўлган бўлса, шундан 113,5 баллдан юқори балл тўплаган 3 минг нафар ёшлар давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди. Шунингдек, чет элларда ўқиётган 1 минг 335 нафар талаба ёшлар ўқишини юртимиздаги олий таълим муассасаларида имтиёз асосида давом эттириш имкониятига эга бўлмоқда.
Хотин-қизларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг илм олиш ва жамиятда ўз ўрнини эгаллаши учун шароитлар яратиш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, ўтган 2022-2023 ўқув йилида магистратура босқичида таълим олаётган 2300 дан ортиқ қизларнинг шартнома тўлови давлат ҳисобидан тўлаб берилган бўлса, олий ва ўрта-махсус таълим муассасаларида ўқиётган 1 минг 951 нафар қизлар учун 17,2 миллиард сўм миқдоридаги шартнома пулини тўлаш учун 7 йил муддатга фоизсиз кредитлар ажратилди. Қолаверса, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандлари, етим ёки ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган 150 нафар талаба қизларнинг 1 миллиард 56 миллион сўмлик шартнома пули давлат ҳисобидан тўлаб берилди.
Албатта, келажагимиз эгаларининг чуқур билим эгаллаши, ўқитувчи ва мураббийлардан ўз касбига фидойиликни талаб этиши билан бирга, улар учун яратилган шароитларга ҳам боғлиқ. Шу мақсадда шу йилнинг ўзида давлат дастурлари асосида 13 мактабда деярлик 121 миллиард сўмлик, 8 та болалар боғчасида 39 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Қувончли жиҳати шундаки, юртимизда яратилган имкониятларга жавоб сифатида ёшларимиз ҳам фан олимпиадаларида, турли танловларда, спорт мусобақаларида халқимизнинг фахрига айланиб келмоқда. Биргина мисол, Хитой давлатининг Ханчжоу шаҳрида ўтказилаётган ёзги Осиё ва Параосиё ўйинларига спортнинг грек-рим кураши, эркин кураш, оғир атлетика, дзюдо, қиличбозлик, спорт гимнастикаси, гандбол, жиу-житсу турлари бўйича 21 нафар спортчимиз Ўзбекистон Республикаси терма жамоаси таркибида муносиб қатнашди. Улар ичида таниқли спортчимиз Зайнаб Дайибекова ва келажаги порлоқ қизимиз Гулистон Пердебаевалар спортнинг қиличбозлик тури бўйича бўлиб ўтган жамоавий мусобақада олтин медални қўлга киритиб, халқимизнинг кўнглини чексиз қувончга чулғади. Шунингдек, Зайнаб Дайибекова ва энг ёш спортчимиз Дилназ Муртазаева бу спорт турининг якка беллашувларида бронза медалини қўлга киритди. Энг аҳамиятли томони шундаки, билимлар беллашуви, санъат соҳасидаги танловлар, спорт мусобақалари, ҳарбий ва бошқа йўналишлар бўйича бундай ютуқларга эришиб келаётган ўсмирлар ва ёшлар сони йилдан йилга ортиб бормоқда.
Йиғилишда бир гуруҳ касб фидойиларига давлатимизнинг орден ва медаллари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг қарори билан фахрий унвонлар ва кўкрак нишонлари, ўтган ўқув йилининг якунларига кўра юқори натижаларга эришган мактаб жамоаларига эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Танатанали йиғилаш республикамиз санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури билан якунланди.
Қ.Х.А.



