Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида XIX ёзги Осиё ўйинларида қорақалпоғистонлик 3 нафар қиличбоз қиз Зайнаб Дайибекова, Гулистан Пердебаева ва Дилназ Муртазаевалар юртимиз байроғини муносиб тарзда ҳимоя қилиб, ғолибликни қўлга киритган эди.
Таъкидланганидек, якка беллашувларда Зайнаб Дайибекова ва Дилназ Муртазаевалар бронза, Зайнаб Дайибекова ва Гулистон Пердебаевалар жамоавий ҳисобда олтин медални қўлга киритишга муяссар бўлди.
2 октябрь куни мамлакатимизнинг фахрига айланган ушбу спортчиларимиз Нукус шаҳрига қайтиб келди ва улар республикамиз кенг жамоатчилиги томонидан тантанали равишда кутиб олинди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари Б.Отемуратов, Қорақалпоғистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазири А.Алланазаров ва бошқалар сўзга чиқиб, республикамиз спортчиларини Осиё ўйинларида қўлга киритган ғалабалари билан табриклади.
— Қизим, Гулистоннинг Осиё ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси таркибида муносиб қатнашиб, жуда қийин беллашувларда рақибларини енгиб чиққани мени чексиз қувончга буркади, — дейди Гулистон Пердебаеванинг онаси таниқли журналист, филология фанлари доктори Тамара Машарипова. — Бунинг учун қизимнинг тренерларига катта раҳматлар айтаман.
А.Оразов,
Қорақалпоғистон хабар агентлиги шарҳловчиси.



