ШИМОЛНИНГ ШАМОЛИ ҲАМ ИЗFИРИН ЁХУД ҚОРАҚАЛПОҒИСТОНДА КУЗ-ҚИШ МАВСУМИГА КЎРИЛАЁТГАН ТАЙЁРГАРЛИК ИШЛАРИГА БИР НАЗАР


ШИМОЛНИНГ ШАМОЛИ ҲАМ ИЗFИРИН

ЁХУД ҚОРАҚАЛПОҒИСТОНДА КУЗ-ҚИШ МАВСУМИГА КЎРИЛАЁТГАН ТАЙЁРГАРЛИК ИШЛАРИГА БИР НАЗАР

Ember энергетика таҳлил маркази маълумотларига кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида электр энергияси истеъмолига глобал талаб 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 0,4 фоиз ошган. Лекин мазкур кўрсаткич сўнгги 10 йилда кузатилаётган 2,6 фоизлик тарихий ўртача кўрсаткичдан сезиларли даражада пастлиги диққатга сазовордир.

Марказ ҳисоботида қайд этилишича, электр энергияси истеъмолига глобал талабнинг бу тахлит пасайиши, биринчи навбатда, айрим йирик иқтисодиётлар, хусусан, Европа Иттифоқи мамлакатларида талабнинг қисқариши билан боғлиқ. Яна бир эътиборга молик жиҳат: ушбу даврда электр энергиясини ишлаб чиқаришда шамол ва қуёш энергиясининг улуши ошиб, 14,3 фоизни ташкил этган (2022 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 12,8 фоиз эди). ­Хусусан, глобал электр энергияси ишлаб чиқаришда шамол энергиясининг улуши 8,75 фоизни ташкил этган бўлса, қуёш энергиясининг улуши 5,52 фоиз ошган.

Мамлакатимизда ҳам электр энергияси истеъмолида самарадорликни ошириш ҳамда “яшил” энергетикани ривожлантириш борасида дунёнинг кўплаб тараққий этган давлатларидаги каби йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Масалан, буни биргина шамол қувватидан фойдаланиб, электр энергияси ҳосил қилиш борасидаги ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Маълумотларга кўра, юртимизнинг табиий иқлим шароитидан келиб чиқиб, айни пайтда Ўзбекистондаги қайта тикланувчи энергиянинг йиллик электр қуввати жуда катта ҳисобланади. Хусусан, шамолдан 1 триллион киловатт-соатгача электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти мавжуд.

Мамлакатимиз, шу жумладан, Қорақалпоғистонда ҳам ушбу табиий имкониятлардан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада ўтган йили Беруний ва Қораўзак туманларида 100 мегаваттли шамол электр станцияси қурилиши бошланган эди.

Станция 2024 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. У ишга тушгач, йилига 350 миллион киловаттсоат электр қуввати ишлаб чиқариб, 120 мингдан ортиқ хонадонни муқобил энергия билан таъминлайди. Яна бир муҳим жиҳати, йилига 106 миллион метр куб табиий газ тежалади ҳамда атмосферага 160 минг тонна зарарли чиқинди чиқишининг олди олинади. Ушбу ҳажмдаги тежалган газ ҳисобига 35 мингта хонадонни 1 йил давомида табиий газ билан таъминлаш мумкин.

Лойиҳа қиймати 108 миллион долларни ташкил этувчи станцияда 25 та шамол турбинаси ўрнатилади. 20 километрлик 220 киловатт кучланишли электр узатиш ҳаво линияси тортилиб, бу қувват мамлакат ягона энергетика тизимига уланади. 100 нафар малакали муҳандис ва техник ходим доимий иш билан таъминланади.

Қорақалпоғистонда ҳам аҳолининг электр энергиясига эҳтиёжини тўлиқ қондириш мақсадида эскирган электр узатиш тармоқлари, яроқлилик муддати ўтган трансформатор пунктларини янгисига алмаштириш, электр ускуналарни қайта таъмирлаш, симёғочлар ўрнига бетон устунлар ўрнатиш ишлари бажарилмоқда.

Бу борада Амударё тумани электр таъминоти корхонаси томонидан олиб борилаётган тиклаш-таъмирлаш, электр тақсимлаш пунктлари ва узатиш тармоқларида ўтказилаётган синов ишлари диққатга сазовор.

— Жорий куз-қиш мавсумида истеъмолчиларни узлуксиз ва сифатли электр энергияси билан таъминлаш, шунингдек, кучли шамол, сел-ёмғир ҳолатлари юз берганида узилишларнинг олдини олиш мақсадида 46 та трансформатор пункти, 160 километрдан ортиқ узунликдаги ҳаво электр тармоқлари ҳамда эскирган таянч устунлари алмаштирилди, — дейди Амударё тумани электр таъминоти корхонаси раҳбари Мансур Худайберганов. — Бундан ташқари, юздан ортиқ трансформатор пунктлари, 251 километр узунликдаги электр узатиш ҳаво тармоқларида жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Туманнинг Хизр эли, Ўзбекистон, Қорамон, Дурунки, Дўстлик, Бешовул, Аёқчи, Гулзор, Уйшин маҳаллалари ҳамда Бобур ва Амир Темур номли, Чойкўл, Тўлқин, Дўрман ҳамда Қангли овулларидаги истеъмолчиларни электр энергияси билан барқарор таъминлаш, электр узатиш тармоқларида муаммо юз бермаслиги учун 14 та трансформатор пункти ҳамда 33 километрдан ортиқ узунликдаги электр узатиш тармоқларини қуриш режалаштирилган эди. Айни пайтда мазкур ҳудудларда электр узатиш тармоқлари тортилиб, 10 та трансформатор ўрнатилди, яна тўрттасини ўрнатиш ишлари давом эттирилмоқда.

Шунингдек, фавқулодда ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ҳам кўриб қўйилган. Хусусан, бундай ҳолатларда хавфни тез бартараф этиш мақсадида қўшимча захира тайёрланган. Зарур автотранспорт воситалари, ёнғинга қарши ускуналар соз ҳолатга келтирилиб, фавқулодда ҳолатларни тез бартараф этишга йўналтирилувчи ва тиклаш-таъмирлаш ишларини амалга оширишга масъул бригада ҳам тузилган. Туну кун узлуксиз навбатчилик тизими қайта кўриб чиқилиб, қатъий интизомга асосланган тизим ташкил этилган.

Президентимизнинг 2023 йил 10 апрелдаги “Ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимларини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, куз-қиш мавсумини талафотсиз ўтказиш ҳамда иссиқлик таъминотини ўз вақтида етказиб бериш мақсадида ижтимоий соҳа объект­лари иситиш тизими давлат-хусусий шериклик асосида кўмир ёқилғисига мослаштирилмоқда.

Мазкур қарор асосида Беруний туманидаги 31 та объект “ЧКБ Энерго гроуп” МЧЖга давлат-хусусий шериклик асосида бириктирилган. Унга кўра, мазкур объектларнинг иситиш тизимига 10 йил давомида ушбу корхона масъул бўлади. Бунинг учун корхона томонидан ушбу ижтимоий соҳа объектларига Туркия технологияси асосида ишлаб чиқарилган замонавий иситиш қозонлари ўрнатиляпти. Қиш фаслида хоналарнинг ички иссиқлик ҳарорати 22 даража, даҳлизлар эса 18 даражадаги иссиқлик билан таъминланади.

Тахтакўпир туманида коммуникация тармоқларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, аҳолининг иситиш ускуналаридан фойдаланишида бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

— Аҳолига 4 та подстанция, 200 дан ортиқ трансформатор пункти, қарийб 304 километр узунликда юқори кучланишли ҳаво узатиш тармоқлари орқали электр энергияси етказиб берилмоқда, — дейди туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари Бахтияр Давлетмуратов. — Электр ускуналари ва тармоқларининг куз-қиш мавсумида барқарор ишлаши учун тизимли реконструкция-модернизация ишлари олиб борилди. Жумладан, “Тахтакўпир”, “Орталиқ” ва “Даўқара” подстанцияларида олиб борилган кичик таъмирлаш ишлари якунланди. 26 та трансформатор пункти ва 107 километр ҳаво узатиш тармоқларида йирик, 86 та трансформатор пункти ва 183 километрли ҳаво узатиш тармоқларида эса кичик таъмирлаш ишлари ўтказилди.

Бугунги кунда Тахтакўпир тумани бўйича жами 7500 дан ортиқ хонадон газлаштирилган. Шундан 5 минг 558 таси табиий, қарийб 2 минг хонадон эса суюлтирилган газ билан таъминланган.

— “Тахтакўпиртумангаз” газ таъминоти бўлимига тегишли газ тармоқлари узунлиги 539,5 километрни ташкил этади, — дейди газ таъминоти бўлими раҳбари Адилбек Қидирбаев. — Туманимизда 242 та газ тақсимлаш пункти ўрнатилган бўлиб, шундан 12 таси юқори, 230 таси ўрта босимга мўлжалланган. Жорий мавсумга тайёргарлик ишлари режа асосида олиб бориляпти. Аҳоли хонадонларига “ақлли” газ ҳисоблаш ускуналари, шу билан бирга, давлат ташкилотларига “Остен” маркали газ ҳисоблагич ускуналари ўрнатиб берилди.

Тумандаги 23 та умумий ўрта таълим мактаби, 16 та мактабгача таълим ташкилоти, туман тиббиёт бирлашмаси ва унинг жойлардаги хизмат кўрсатувчи 6 пункти, туман спорт бўлими, маданият маркази биноларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари якунланмоқда.

Умуман олганда, ўтган йил қиш фаслида кузатилган аномал совуқдан тегишли хулосалар чиқарилган ҳолда, Қорақалпоғистонда жорий йил куз-қиш мавсумини талафотсиз ўтказиш, барча истеъмолчилар, айниқса, олис ҳудудларда истиқомат қилаётган юртдошларимизни электр энергияси, газ ва иссиқлик тизими билан бар­қарор таъминлаш учун барча зарур чоралар кўрилмоқда.

Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

(“Янги Ўзбекистон” газетасидан олинди).