ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН — ЯШИЛ МАКОНДА БИРГА ЯШАЙЛИК!
Қорақалпоғистон Республикаси маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар,
хотин-қизлар ва ёшлар вакилларининг халқимизга мурожаати
Азиз ватандошлар!
Юртимизнинг ҳар бир қарич ери олтинга тенг. Унинг гўзал табиати, мусаффо ҳавоси, шифобахш сувлари ҳар қандай кишини ўзига тортади.
Мана шундай бетакрор гўзалликни авайлаб-асраш, атроф-муҳит, ер ва сув заҳираларидан оқилона фойдаланиш, уларни келажак авлодга соф ҳолида етказиб бериш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Сўнгги йилларда Президентимиз томонидан мамлакатимизда яшил ҳудудларни кенгайтириш ҳамда экологик ҳолатни яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Юртимизда амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида шаҳар ва туманлар ҳудудларида ҳар турли манзарали ва мевали дарахтлар кўчатлари экилмоқда.
Айниқса, жорий йил баҳор мавсумида туман ва шаҳарларимиз ҳудудида жами 9 млн.га яқин дарахт кўчатлари экилиши таъминланди.
Шу йилнинг 11 октябрь куни, ҳурматли Президентимиз томонидан кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишида жорий йил куз мавсумида 25 октябрдан 1 декабрга қадар “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида республикамиз бўйлаб 85 млн. туп дарахт ва бута ниҳолларини экиш вазифаси белгилаб берилди.
Доимо она табиат, атроф-муҳитнинг софлиги ва барқарорлигини сақлашга интилиб келадиган кўп миллатли халқимиз номидан биз Президентимизнинг мазкур ташаббусидан руҳ олиб, барчангизни, бутун халқимизни “Янги Ўзбекистон–яшил маконда бирга яшайлик!” деган олийжаноб ғояни қўллаб-қувватлашга чақирамиз.
Доно халқимиз азал-азалдан ерга, табиатга жуда эътибор билан муносабатда бўлиб, ҳамиша уни асраб-авайлашга “Бирни кессанг, ўнни эк”, деб боғлар яратишга интилган.
Шундай экан, миллий қадриятларимизга содиқ қолган ҳолда, оилада фарзанд дунёга келганда унга атаб кўчат экиш, ҳашар йўли билан боғ-роғлар яратиш, иморатлар атрофини кўкаламзорлаштириш сингари эзгу анъаналаримизга ҳамоҳанг тарзда ҳар бир хонадон томонидан 10 туп кўчат экиш ва ўстириш ташаббусини илгари сурамиз.
Шунингдек, ҳар бир фуқаронинг тўй ва бошқа яхши кунларида ниҳол экишни анъанага айлантирсак, нима дейсизлар? Бу ғоят савобли тадбир эмасми?
Ҳурматли ватандошлар!
Аввало, сўнгги йилларда ҳурматли Президентимиз томонидан Республикамиздаги маҳаллаларни ободонлаштириш, шу билан бирга, “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқимизнинг фаровон яшаши учун кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани, буни ҳар бир ватандошимиз ўз ҳаётида чуқур ҳис қилаётганини таъкидлаб ўтиш жоиз.
Шунингдек, Юртбошимизнинг Орол денгизининг қуриган тубини яшил маконга айлантириш борасида олиб бораётган ислоҳотлари, дунёнинг юксак минбарларида минтақамизда экологик барқарорликни сақлаш бўйича илгари сураётган ташаббус ва ғояларини ҳам биз чуқур англашимиз зарур.
Асосийси, атроф-муҳит барқарорлигини сақлаш, ўз остонамиз ва атрофимизни ободонлаштириш, уни яшил боғларга айлантиришга инсонийлик ҳамда мантиқий нуқтаи назардан ҳам ҳар биримиз масъулмиз. Негаки, халқимизда “Яхшидан боғ қолади”, “Умрингдан бир кун қолса ҳам дарахт эк”, деган сўзлар бежиз айтилмаган.
Маълумки, она табиатимизга оқилона муносабатда бўлиш, атроф-муҳитни соф ҳолида сақлаш ва кўкаламзорлаштириш ота-боболаримиздан бизга қолган улуғ қадрият саналади. Умуман олганда, табиатнинг бир бўлаги эканмиз, теварак-атрофимизни, Она табиатимизни асраш-ўзимизни асраш демакдир.
Хабарингиз бор, айни пайтда юртимизда ҳурматли Президентимиз ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида маҳаллалар, кўча-хиёбонларга ва хонадонлар атрофларига дарахт кўчатларини экиш тадбирлари бошланди. Бу Сизнинг ҳам қўлингиздан келади.
Қадрли маҳалладошлар!
Сизларни ҳурматли Президентимизниг халқимизнинг ойдин келажаги, осмонимизнинг мусаффолиги ва бутун инсоният учун зарур бўлган экологиямизнинг барқарорлигини таъминлаш борасидаги хайрли ташаббусларига елкадош бўлиб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида фаол қатнашишга чақирамиз!
Ҳурматли нуронийлар!
Сизларнинг ҳаёт тажрибангиз, дуоларингиз ва тилакларингиз халқимиз учун ҳамиша катта суянч ва таянч бўлиб келмоқда.
Мамлакатимиз ободлиги, кўчаларимиз кўрки, хонадонларимиз файз-баракасини ошириш, унда кенг жамоатчилик иштирокини таъминлаш бўйича шу йил куз ойларини руҳий поклик, маънавий етуклик, фикрларни янгилашга интилиш даври деб таърифлаш мумкин.
Барча нуронийлар, ўрта ёшдагилар ва ёшларимиз “Яшил макон” ҳаракатини қўллаб-қувватлаб ҳар бир оила энг камида уч тупдан, корхона, ташкилотлар ўн беш тупдан дарахт кўчатини қадаса, юртимиз кўкаламзорликка айланар эди.
Бугун юртимиздаги тинчлик, халқимизнинг турмуш даражаси ортиб бораётгани, шаҳар ва овулларимизнинг кўркам қиёфаси, инсонларнинг онг-тафаккуридаги ўзгаришлар, умуман, ҳаётимизнинг барча соҳаларидаги ютуқ ва марралар ватандошларимизнинг ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотларга, жонажон Ватанимизнинг келажагига бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда.
Қулай ва фаровон ҳаётни бизга ҳеч ким,ҳеч қачон ташқаридан келиб яратиб бермаслигини унутмаслигимиз зарур. Уни ўзимиз, ўз меҳнатимиз орқали яратсак, аниқроқ айтганда, ҳар биримиз ўз маҳалламиз,овулимиз, кўча ва оилаларимизни озода ва файзли бўлиши учун ҳиссамизни қўшсак, юртимиз обод масканга айланади.
Тонг саҳарда туриб, кўча-ҳовлиларимизни супуриб, атрофга сув сепиб, ҳар турли гуллар ва дарахтлар экиш қайси хонадонга чирой бағишламайди дейсиз! Бу бўйича хонадон соҳибларига, ёшларимизга маслаҳатлар бериш, йўл-йўриқ кўрсатиш, бунёдкорликка чорлаш, кўпни кўрган, тажрибали, нуроний оқсоқолларимизнинг асосий вазифасидир.
Юртимиздаги ривожланиш ва ўзгаришларда кекса авлод вакилларининг тутган ўрни алоҳида ва уларга давлатимиз томонидан қаратилаётган эътибор кундан-кунга ортмоқда.
Ободлик бор жойда қут-барака, доим тараққиёт ва келажакка мустаҳкам ишонч руҳи бўлишини унутмайлик.
Ҳурматли деҳқон ва фермерлар, томорқа ер эгалари!
Бугунги кунда Республикамиз туманларида 5 мингдан ортиқ фермер, 16 мингдан зиёд деҳқон хўжаликлари ҳамда 342 мингдан зиёд томорқа ер эгалари хизмат қилиб келмоқда.
Ерга меҳр бериш, унинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланиш, кўчат экиб, боғ яратишда сизларнинг ҳиссангиз катта.
Бундай савобли ишларни давом эттириш учун ҳар бир хонадон эгаси ўзининг томорқа ерига, маҳалла гузари ва кўчасига 10 тупдан кўчат экса, ўлкамизда ўртача 5 миллион дарахт бунёд бўлади.
Фермерларимиз “Бир дала-бир маҳсулот” тамойили асосида ўз ҳудудида тут, ток, дарахт ва бошқа ниҳолларни экса, ҳар қарич еримиз боғ-роғларга айланади.
Қадрли зиёлилар, фан, адабиёт, санъат намоёндалари ва спортчилар!
Мамлакатимизда халқимизнинг ободлигини таъминлаш, турмуш даражаси ва сифатини ошириш йўлидаги ташаббусларни қўллаб-қувватлашда сизларнинг фаол иштирокингиз муҳим.
Сизлар каби юрт таниган ижодкорларга, зиёлилар ҳамда спортчиларимизга халқимиз, айниқса, ёшлар хавас билан қарайди.
Шундай экан, юртимизда амалга оширилаётган кузги кўчат экиш мавсумида сизлардан янги ташаббуслар, амалий ҳаракатлар ҳамда шахсий намуна кутиб қоламиз!
Мўътабар оналар, азиз опа-сингиллар!
Хонадонларимиз баракаси, маҳаллаларимиз кўрки Сизлар билан гўзалдир!
Табиат ҳам биз учун она каби муқаддас саналади! Она ва табиат тушунчалари бир-бирига ҳамоҳанг. Онамизни қандай эъзозласак, табиатни ҳам шундай қадрлашни фарзандларимиз онгига чуқур сингдириб боришимиз шарт!
Айниқса, Қорақалпоғистон шароитида экологик хавфларнинг салбий таъсиридан ҳимояланиш мақсадида яшил ҳудудларни кўпайтириш, кўкаламзорлаштириш ҳамда экологик ҳолатни, ҳаво мусаффолигини яхшилашга эътибор қаратилиши алоҳида аҳамиятга эга эканлигини ҳар биримиз жуда яхши биламиз. Шунинг учун ҳам биз оналар, вояга етиб келаётган ёш авлодга табиатга меҳр кўзи билан қараш, инсон табиатнинг ажралмас бўлаги эканлигини уқтириб боришимиз зарур.
Сабаби, бизнинг зурриёдларимиз ота-боболаримиз сингари боғу-бўстонлар яратувчиси, она табиат ҳимоячиси бўлсин! Шундагина табиатни асл ҳолидек сақлаб, уни келажак авлодга безавол етказа оламиз.
Ҳозирги вақтда, “Оналар-яшил макон учун” ташаббуси анъанага айланиб, маҳаллаларда “Оналар боғи” ташкил қилинаётгани жуда қувонарли. Бу ишларни амалга оширишда маҳаллалардаги “Оқила аёллар” ҳаракати, кўча боши хотин-қизларимизнинг ҳам муносиб ўрни бор. Эндиги вазифамиз-ана шундай хайрли ишларни халқимиз орасида кенг тарғиб қилиб, ўлкамизни боғу-бўстонларга айлантиришда фаоллик кўрсатишдир.
Қадрли маҳалла фаол ёшлари!
Айни вақтда, айрим маҳаллаларда, кўча ва гузарларда бўш турган, дарахт экилмаган жойлар кўп. Галдаги вазифамиз ушбу жойларни боғ-роғларга айлантиришда маҳалла аҳлининг аҳллигини кучайтириш, ҳудуд ободлиги ва аҳоли фаровонлигига хизмат қиладиган лойиҳаларни кенгайтиришдан иборатдир. Бунинг учун ҳар бир маҳаллада “Маҳалла боғлари”ни яратишимиз, яшил ҳудудларни кўпайтиришимиз, шахсий ибрат тарзида дастлаб ўз оилаларимиз ва кўчамизни ободонлаштиришимиз, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига ҳиссамизни қўшишимиз зарур.
Экилган ҳар бир ниҳолга парваришлашда маҳалла фаол фидойилик кўрсатиши лозим. Бунинг учун маҳалла ёшлар етакчилари ва кўча бошларини масъул сифатида бириктириш мақсадга мувофиқ бўлади.
Азиз ёшлар!
Сизлар Янги Ўзбекистоннинг келажагисиз. Президентимиз ва халқимиз кутаётган юксак марраларга эришишда ақл-идрокингиз, куч-ғайратингиз, она Ватанга садоқатингиз жуда муҳим кучга эга.
Она еримизга меҳр беринг! Нурафшон келажак учун бугундан бошлаб ўз хонадонингиз, кўчангиз, маҳаллангизга кўчат экинг, ҳудудда “Ёшлар боғи”ни ташкил қилишда фаоллик кўрсатинг!
Асло унутманг, сиз Ўзбекистон фарзандисиз, сизнинг ҳиссангиз-бу ота-онангиз, маҳаллангиз ва бутун халқимизнинг фаровонлиги учун хизмат қилади. Шундай экан, барчамиз яшаётган ҳудудимизни яшил маконга айлантиришга чақириб қоламиз.
Қадрли ватандошлар!
Кўчат экиш ва унга ғамхўрлик қилишни мажбурият эмас, балки қадрият сифатида қабул қилайлик!
Ҳар биримиз келажак авлод олдидаги бурчимизни чуқур ҳис қилган ҳолда, “Яшил макон” лойиҳасини умумхалқ миллий ҳаракатига айлантирайлик!
Бизнинг фарзандларимизга обод, яшиликка бурканган гўзал Ватан мерос бўлиб қолсин!



