ҚОРАҚАЛПО­ИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЖЎҚОР­И КЕНГЕСИНИНГ ҚИРҚ ОЛТИНЧИ СЕССИЯСИ ТЎ­РИСИДА АХБОРОТ


ҚОРАҚАЛПО­ИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЖЎҚОР­И КЕНГЕСИНИНГ ҚИРҚ ОЛТИНЧИ СЕССИЯСИ ТЎ­РИСИДА АХБОРОТ

Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қирқ олтинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессияга Олий Мажлис Сенати ва ҳукумат аъзолари, сектор ва соҳа раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев очди ва бошқариб борди.

Депутатлар сессиянинг Котибиятини сайлади ва кун тартибини тасдиқлади.

Сессия кун тартибида даст­лаб Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижроси бўйича Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасига парламент сўровини юбориш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Бу бўйича Жўқорғи Кенгес қўмитаси раиси Зуҳра Реймова маъруза қилди. Кун тартибидаги мазкур масала бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Шундан сўнг  2023 йилнинг 9 ойи якунига кўра Инвестиция дас­турлари доирасида амалга оширилиши белгиланган ишлар,  жумладан ҳудудий лойиҳаларнинг ишга туширилиши, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва экспорт режа кўрсаткичларининг бажарилиши юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари–Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ҳисоботи тўғрисидаги  масала кўрилди. Бу бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари–Инвестициялар ва ташқи савдо вазири А.Отеўлиев маъруза  қилди.

Таъкидланганидек,жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида давлат ва ҳудудий инвестиция дастурлари асосида 151та лойиҳа ишга туширилиши ва 1 минг 772 иш ўрни яратилиши режалаштирилган.Амалда 362 лойиҳа ишга туширилиб, 3 минг 263 та  иш ўрни яратилди. Мазкур лойиҳаларнинг ишга туширилиши натижасида йиллик 161,8 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари, 84,7 миллиард сўмлик хизмат кўрсатиш  ва 15,1 миллиард сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш қувватлари яратилди. Кун тартибидаги ушбу масала бўйича депутатлар тегишли қарор қабул қилди.

Сессияда шунингдек, 2023 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш ва белгиланган майдонларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг ахбороти тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Мазкур масала бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Д.Қайпов маъруза қилди. Маърузачи таъкидлаганидек, бугунги кунда республикамиздаги жами 694 минг 494 гектар майдонда 5 минг 134 фермер хўжаликлари томонидан аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш мақсадида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича чора-тадбирлар белгиланган. Асосан қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришда ер майдонларининг сув таъминоти, тупроқ балл-банитети ва табиий унумдорлик даражаси юқорилиги инобатга олинди. 2023 йил ҳосили учун туманларда 314 минг 621 гектар майдонга қишлоқ хўжалиги экинлари жойлаштирилгани қайд этилди, бу масала бўйича ҳам депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.

Шундан кейин Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ҳисоботи тўғрисидаги масала  кўриб чиқилди. Бу масала бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири Б.Торебеков маъруза қилди. Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида ички ишлар органлари ходимлари томонидан кенг жамоатчилик билан биргаликда республикамиз ҳудудида жамоат тартибини сақлаш ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, ўтган 9 ой давомида жиноятларнинг олдини олиш мақсадида “Обод ва хавф­сиз маҳалла” тамойили асосида махсус профилактик тадбирлар ўтказилиб соҳа ходимлари томонидан 16 минг 458 объект ва 311 минг 417 уй-жойлар ўрганиб чиқилди. Амалга оширилган профилактик тадбирлар натижасида республикамиздаги 215 фуқаролар йиғинида жиноят юз бермади ва 149 фуқаролар йиғинида жиноятнинг камайишига эришилди. Савол-жавоблардан кейин депутатлар бу масала бўйича тегишли қарор қабул қилди.

Шунингдек, сессияда Ижтимоий соҳа, иқтисодиёт тармоқлари ва кўп қаватли уй-жой фондининг 2023-2024 йилларда куз-қиш мавсумида доимий ишлашини таъминлаш йўналишида ҳамда кўп квартирали уй-жойларга хизмат кўрсатувчи бошқарув ташкилотларининг амалга оширган ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг ҳисоботи тўғрисида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири А.Қурбанбаев маъруза қилди. Бу масала бўйича депутатлар  тегишли қарор қабул қилди.

Шундан сўнг, Қорақалпоғистон Республикаси Давлат активларини бошқариш бошқармасининг 2023 йилнинг 6 ойи давомида амалга оширган ишлари ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси Давлат активларини бошқариш бошқармаси бошлиғининг ҳисоботи тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Бу бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи М.Ражабов маъруза қилди.

Таъкидланганидек,Қорақалпоғистон Республикаси Давлат активларини бошқариш бошқармаси томонидан 2023 йилнинг 6 ойи давомида жами 128 та  давлат активи аукцион савдоларига чиқарилган бўлиб, шундан 28 та давлат активи 9,224 миллиард сўмга баҳоланиб, бўлиб тўлаш шарти билан сотилишига эришилди. Савол-жавоблардан кейин депутатлар бу масала бўйича қарор қабул қилди.

Сессия кун тартибида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг айрим қўмиталари таркибига ўзгартишлар киритиш, Жўқорғи Кенгес Президиумининг тегишли қарорларини тасдиқлаш ҳақидаги масалалар ҳам кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар  қабул қилинди.

Шунинг билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қирқ олтинчи сессияси ўз ишини якунлади.

Қорақалпоғистон хабар агентлиги.