КАРТОШКАНИНГ ЯНГИ НАВИ ҲОСИЛДОРЛИКНИ ОШИРМОҚДА


Амударё тумани “Тўлқин” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Тажимуратов Исмоил” фермер хўжалиги далаларида иш қизғин. Тинимсиз меҳнатлар ўз самарасини бериб юқори ҳосил олиш имконияти яратилмоқда. Хусусан, авваллари 1 гектар майдонга экилган картошкадан фақат 20-25 тоннага яқин ҳосил олинган бўлса, эндиликда  қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, уруғчиликни ривожлантириш борасидаги инновацион ғоялар натижасида бир гектардан салкам 50 тонна ҳосил олинмоқда.

Туманда Уруғчиликни ривож­лантириш маркази ҳамда мутахассислар билан ҳамкорликда картошка етиштиришни такомиллаштириш бўйича муҳим тажриба амалга оширилаётгани эътиборлидир.

— Маълумки, картошка энг муҳим озиқ-овқат экини ҳисоб­ланади, — дейди Уруғчиликни ривожлантириш маркази бош мутахассиси Бердибек Наубиев. — Унда инсон организми учун фойдали бўлган крахмал, углевод, оқсил, минерал тузлар ва бош­қа моддалар мавжуд. Картошкадан халқ истеъмолида йил давомида фойдаланилади. Уруғчиликни ривожлантириш маркази томонидан фермерларимизга  “Аризона” Элита навини экиш бўйича тавсиялар бериб борилмоқда.

Чунки, ушбу картошка нави бизнинг иқлим шароитимизга мослашган. Бу йилги салқин об-ҳаво ҳамда ёмғирлар мазкур картошка нави ҳосилдорлигини оширмоқда.

— 2026 йил ҳосили учун 200 та фермер хўжаликларидаги 300 гектардан ортиқ ер майдонларига картошка экилди, — дейди Амударё тумани қишлоқ хўжалиги бўлими бош­лиғи ўринбосари Ринат Хайт­баев.  — Шундан тумандаги 16 та фермер хўжалигининг жами 28 гектар ер майдонига тажриба тариқасида Голландия­дан келтирилган “Аризона” Элита  нави экилди.

Бугунги кунда ҳудуддаги “Тажимуратов Исмоил” фермер хўжалигининг 1 гектар майдонида ушбу нав синовдан ўтказилди.

Мутахассисларнинг дастлабки хулосаларига кўра, ушбу майдондан гектарига 500 центнергача ҳосил олиш имконияти мавжуд.

Таъкидланганидек, Қорақалпоғистоннинг тупроқ-иқлим шароитида картошка етиштириш бўйича бундай юқори натижа илгари  кузатилмаган. Шу боис, ушбу “Аризона” навини махсус совуткич омборларда сақлаб, 2027 йил ҳосили учун фермер хўжалик­ларига етказиб бериш режалаштирилган.

Бу эса аҳоли ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини юқори ҳосилдор картошка уруғлиги билан барқарор таъминлашга хизмат қилади.

Ф.НУРУЛЛАЕВА.