Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қорақалпоғистон Республикасида жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши ижроси бўйича Қорақалпоғистонда амалий ишларга киришилди.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида тажриба тариқасида Мудофаа вазирлиги Шимоли-ғарбий ҳарбий округига қарашли ҳарбий қисм базасида жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятини бевосита амалга оширувчи ходимларни ихтисослаштирилган ўқув-амалий курсларда мунтазам ўқитиш тизими жорий этилди.
Шу муносабат билан бўлиб ўтган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири А.Темирханов, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Ф.Ортиқов, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, фахрийлар, ёшлар иштирок этди.
* * *
Шимоли-ғарбий ҳарбий округи ҳарбий қисмларидан бирида Нукус шаҳридаги умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари учун «Очиқ эшиклар» куни ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қорақалпоғистон Республикасида жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойишига асосан ўтказилган тадбирда ўқувчи ёшлар ҳарбий қисм кутубхонаси, ётоқхона, машғулот хоналари, ҳарбий техника ва қурол-яроғлар билан танишдилар.
* * *
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши асосида мамлакатимизда 2018 йил 15 декабрдан 2019 йил 15 январга қадар “Ватанпарварлик ойлиги” ўтказилмоқда. Барча жойларда “Ватан-муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!” шиори остида кенг кўламли маданий-маърифий тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.
Шу муносабат билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгашида тадбир ўтказилди. Унда Кенгаш ходимлари, касаба уюшмаларининг аъзолари, фаоллар ва ёшлар иштирок этди.
Тадбирни бирлашма Кенгаши Раиси ўринбосари М.Данияров олиб борди.
Тадбирда Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ўқитувчиси, доцент О.Юсупов, Шимоли-ғарбий ҳарбий округи батальон командирининг ўринбосари, майор Д.Исраилов, Республика маънавият ва марифат маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раҳбари Қ.Юсупов ва бошқалар сўзга чиқиб, Муҳтарам Президентимиз-Қуролли Кучларнинг Олий Бош Қўмондони Ш.Мирзиёев раҳбарлигида ҳарбий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга кенг тўхталиб ўтишди.
Шунингдек, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари учун яратилаётган шароитлар, муддатли ҳарбий хизматчилар учун жорий этилган янгиликлар хусусида батафсил маълумот берилди. Таъкидланганидек, бугунги кунда Ватанни ҳимоя қилиш ёши, соҳаси ҳамда касбидан қатъий назар ҳар бир фуқаронинг шарафли бурчига айланмоқда.
Бу каби чора-тадбирлар республикамиз бўйлаб давом этмоқда.
* * *
Нукусда 14 январь «Ватан ҳимоячилари куни» муносабати билан югуриш марафони ўтказилди. Унда умумтаълим мактаблари, ўрта махсус ва олий таълим муассасалари талабалари, миллий гвардия, ички ишлар, ҳарбий қисмлар вакиллари қатнашди.
Марафонга «Тошлоқ элати»даги айланма йўлдан старт берилиб, шимолий автовокзал марра чизиғи сифатида белгиланди.
Якунда 3 километрга югуриш бўйича ўғил болалар орасида Нукус ихтисослаштирилган олимпия заҳиралари мактаб интернати ўқувчиси Шарапат Назаров ва қизлар орасида Дилноза Қайратдинова, 5 километрга югуриш бўйича Нукус спорт коллежи ўқувчиси Жаҳонгир Раҳимбоев ва Нукус педагогика коллежи ўқувчиси Раъно Жамғурбаева, 10 километрга югуриш бўйича Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талабаси Қуатжан Абдимуратов, қизлар орасида эса Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти талабаси Мария Лемзекова, ҳарбий хизматчи Сардор Юлиев, миллий гвардия ходими Бобошер Мавлоновлар ғолиб бўлишди.
Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Қорақалпоғистон хабар агентлиги ва Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати материаллари асосида тайёрланди.



