Ассалому алайкум, ҳурматли аскарлар ва сержантлар!
Офицерлар ва Қуролли Кучларимиз фахрийлари!
Аввало, сизларни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан мамлакатимиз ҳаётидаги қутлуғ сана-Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Куролли Кучларимиз ташкил этилганининг 27 йиллик байрами билан қизғин қутлаб, барчангизга мустаҳкам саломатлик, оилаларингизга омонлик, юртимиз тинчлиги, халқимизнинг фаровон ҳаёти йўлидаги эзгу ишларингизда катта зафарлар тилашга рухсат этгайсизлар!
Кўнгилларга шижоат бағишлаб, барчани бунёдкорлик ишларига руҳлантирадиган бебаҳо мезонлардан бири-бу давлат хавфсизлиги, юртимизнинг тинчлиги, халқимизнинг фаровонлигидир.
Шундай экан, аждодларимиздан бизга мерос бўлиб келаётган она Ватанимизни асраб-авайлаш, юртимиз тинчлигини таъминлаш-ҳар биримиз учун муқаддас бурч ҳисобланади.
Шунинг учун ҳам бугунги сана ватанпарварлик, халқимизга садоқат, мардлик ва жасорат каби юксак қадриятларни ўзида мужассам этган том маънодаги умумхалқ байрам сифатида қалблардан чуқур жой эгаллайди.
Ўзингизга яхши маълум, бугунги байрам арафасида Муҳтарам Президентимиз, Қуролли Кучларимиз Олий Бош Қўмондони Ш.М.Мирзиёев сизларга йўллаган табригида «Армия ва халқ-бир тану бир жон!» деган чуқур мазмунли ғояга алоҳида тўхталди.
Чиндан ҳам, бугунги кунда барча давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, маҳалла, ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар ташкилотлари, таълим-тарбия муассасалари, кенг жамоатчилик вакиллари ушбу мақсад атрофида жипслашмоқда.
Шунингдек, Муҳтарам Президентимиз ўз табригида мамлакатимизнинг ҳарбий ва сиёсий масалалар бўйича аниқ позициясини ўзида акс эттирган Мудофаа доктринаси ишлаб чиқилгани, Қуролли Кучларимизнинг жанговар тайёргарлигини ошириш, уни модернизациялаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ҳарбий хизматчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг профессионал билим ва тажрибасини орттириш, ҳарбий таълим соҳасига хорижнинг илғор тажрибаларини, ахборот-коммуникация технологияларини тадбиқ этиш, аскар ва офицерларимиз тўғрисида асарлар яратиш каби бир қатор муҳим масалаларга эътиборимизни қаратди.
Табрикда билдирилган бу қимматли фикрлар ҳар биримиз учун дастуриламал сифатида хизмат қилади ва олдимизга аниқ вазифаларни белгилаб беради.
Чунки, мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлаш, тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлаш-бу бизнинг она Ватан ва бунёдкор халқимиз олдидаги фарзандлик бурчимиздир.
Ҳурматли Ватан ҳимоячилари!
Кейинги қисқа вақт ичида Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида Қуролли Кучларимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, Миллий гвардия ва Мудофаа саноатининг қўлга олингани, ҳарбий округлардаги таркибий ўзгаришлар, бошқарув тизимининг янгилангани, Қуролли Кучларимизнинг замонавий қурол-аслаҳа ва техникалар билан таъминлангани-буларнинг барчаси мамлакатимиз Мудофаа қудратини орттириш борасидаги муҳим қадамлардан саналади.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлашимиз керакки, Муҳтарам Президентимиз ўтган йилнинг 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистонга ташрифи давомида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ аскарлари билан учрашиб, бу ерда яратилган шароитлар бўйича ўзининг қимматли фикрларини билдиргани, жиноятчиликнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратгани, пойтахтимизда «Хавфсиз шаҳар» дастурини амалга ошириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб бергани-бизга ҳар қачонгидан ҳам ўзгача масъулият юклайди. Шунингдек, ўтган йилнинг 4 декабрь куни Муҳтарам Президентимиз томонидан «Қорақалпоғистон Республикасида жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими самарадорлигини орттириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги махсус фармойиш қабул қилингани олдимизга аниқ вазифаларни белгилаб бермоқда.
Яна бир муҳим жиҳати шундаки, Муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 12 декабрдаги махсус Фармони асосида ҳарбий-маъмурий секторлар тузилиб, бугунги кунда «Йўл харита»ларида белгиланган вазифаларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Мана, ўтган йилнинг ўзида Шимоли-ғарбий ҳарбий округида 36 миллиард сўмдан зиёд маблағ ҳисобига қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилиб, зарур жиҳозлар билан таъминланган бўлса, ҳарбий маъмурий сектор фаолиятини ривожлантириш мақсадида маҳаллий бюжет ҳисобидан 31 миллиард сўмга яқин маблағлар ажратилди.
Бунинг амалдаги кўриниши сифатида Шимоли-ғарбий ҳарбий округида жойлашган 20 та кўп қаватли турар жойларнинг капитал таъмирдан чиқарилгани, 11 объектда капитал таъмирлаш ишлари олиб борилгани, ҳарбийларнинг саф тортиш майдони ва ички йўлларни бетонлаш ишлари бажарилгани, ҳарбийларимиз учун замонавий электрон кутубхона фойдаланишга топширилгани, спорт майдончаларини қуриш ва тоза ичимлик суви етказиб бериш ишлари олиб борилгани, ҳарбий қисмларнинг моддий-техника базаси мустаҳкамлангани каби кўплаб мисолларни келтириш мумкин.
Ўтган йили амалга оширилган хайрли ишлардан яна бири-бу ҳарбий хизматчилар учун 34 миллиард сўмдан зиёд маблағ ҳисобига шаҳар ва туманларимизда 5 қаватли, жами 240 квартирали 8 та турар жойда қурилиш ишлари олиб борилганидир.
Муҳими, бундай хайрли ишларни жорий йилда ҳам давом эттириб, Нукус шаҳрида ёшларимизни ватанга садоқат руҳида тарбиялашда аҳамиятли ўрин эгаллайдиган ҳарбий боғ яратиш, Шимоли-ғарбий ҳарбий округи дала ўқув майдонининг инфратузилмасини ривожлантириш, бу ерда 400 ўринга мўлжалланган ётоқхона, ошхона ва бошқа объектларни қуриш, ушбу ҳудудда замонавий кузатув минораларини тиклаш, барча ҳарбий қисмларда ахборот-ресурс марказлари фаолиятини йўлга қўйиш каби бир қатор ишларни амалга ошириш белгиланмоқда.
Шунингдек, ҳарбийларимиз, миллий гвардия ва ички ишлар ходимлари учун 2019-2020 йилларда 38 миллиард сўмга яқин маблағ ҳисобига 240 квартирали 8 та турар жой қуриш режалаштирилмоқда.
Ватан ҳимоячиларига қаратаётган бундай юксак эътибори учун ҳарбий хизматчиларимиз, уларнинг ота-оналари ҳамда бутун халқимиз номидан Муҳтарам Президентимиз, Қуролли Кучларимиз Олий Бош Қўмондони Ш.М.Мирзиёевга минг-минг раҳматлар айтамиз!
Азиз дўстлар!
Сизларни яна бир марта бугунги Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 27 йиллик байрами билан қизғин қутлаб, барчангизга мустаҳкам соғлик, оилаларингизга омонлик, юртимиз тинчлигини асрашдек ўта масъулиятли ва эзгу ишларингизда катта муваффақиятлар тилайман.
М.Ерниязов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Жўқорғи Кенгеси Раиси, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари.



