Камчиликлар танқид қилиниб, вазифалар белгиланди


Республикамиз  ҳудудида жиноятчиликка қарши  курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг бугунги ҳолати, ишчи гуруҳ томонидан аниқланган камчиликлар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Тадбирни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ­М.Ерниязов бошқариб, мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат  хавфсизлигини  таъминлаш  бўйича олиб борилаётган кенг кўламли тадбирларга тўхтаб ўтди. Ўзбекистон Республикаси  Ички ишлар вазири раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ тўрт кун давомида ушбу йўналишдаги ишларнинг бугунги ҳолати билан танишиб чиқди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири П.Бабажанов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган мажлиси баёни талабларининг ижросини таъминлаш натижасида Қорақалпоғистон Республикасида юз берган жиноятлар сони камайишига эришилганлигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, айрим сектор   раҳбарлари томонидан оғир ва ўта оғир турдаги жиноятларнинг олдини олиш борасида бевосита фуқаролар йиғинларида амалга оширилиши лозим бўлган ишларнинг тўғри йўлга қўйилмаганлиги кескин тан­қид қилинди.

Шу билан бирга, айрим туманларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлиги самарали ташкил қилинмагани, ҳудудларда криминоген ҳолатни бар­қарорлаштириш чоралари ўз вақтида кўрилмаганлиги сабабли айрим секторларда юз берган жиноятлар аниқ мисоллар билан кўрсатиб ўтилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Солиқ бошқармаси бошлиғи Д.Бабажанов, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Т.Романов, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси  Кенгаши  раиси А.Данияров, “Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон  Республикаси бўлими бошлиғи Ш.Уснатдинов, Қорақалпоғистон  Республикаси  Жиноят ишлари бўйича суди  раиси  Г.Базарбоева, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Д.Ходжиев, Қорақалпоғистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Ибрагимова ва ­бошқалар сўзга чиқдилар.

Шунингдек, сектор раҳбарлари – Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Х.Каримов ва Қорақалпоғистон Республикаси Ички Ишлар вазири А.Темирхановларнинг ҳисоботлари тингланди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари  Э.Таджиев,  Қорақалпоғистон  Республикаси  Вазирлар Кенгаши  раиси Қ.Сариев иштирок этди.

Қорақалпоғистон хабар агентлиги.