Мурожаатлар жойида ҳал этилмоқда


Жорий йил 30 март куни Кегейли тумани “Жылўан жап” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязовнинг фуқаролар билан сайёр қабули ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси ­Президентининг Қорақалпоғистон Республикасидаги Халқ қабулхонаси томонидан ташкил этилган тадбирда вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, туман ҳокимлиги раҳбарлари, жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, жорий йилнинг ўтган ойлари давомида туман аҳолисидан Халқ қабулхоналарига 96 та мурожаат келиб тушган. Шундан 52 та мурожаат ижобий ҳал этилган. 17 та мурожаат эгасига тушунчалар берилган бўлса, 27 та мурожаат тегишли соҳа раҳбарлари томонидан ўрганиб чиқилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси томонидан шу куни 18 нафар фуқаро қабул қилинди. Шундан 5 нафар фуқаронинг мурожаати шу ернинг ўзида ҳал этилди. Жумладан, “Жанабазар” овул фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Турсингул Мамутова тикув машинаси билан таъминланадиган бўлди “Ақтуба” овул фуқаролар йиғини ҳудудидан Аяпберген Абдуллаевнинг ногиронлиги тасдиқланди. “Еркиндарья” овул фуқаролар йиғинидан Зулфия Тажибековага моддий ёрдам бериладиган бўлди. “Нурли бостан” маҳалла фуқаролар йиғинидан Қизларгул Утенова ҳамда “Ақтуба” овул фуқаролар йиғини ҳудудидан Бийбиназ Мамутоваларнинг ишга жойлашиши бўйича мурожаатлари ижобий ҳал этилди.

— Фарзандларимга нафақа олиш ва ишга жойлашиш бўйича Халқ қабулхонасига мурожаат қилган эдим, — дейди “Қумшунгил” овул фуқаролар йиғинидан Гулбосин Сержанова. — 2011 йили 1-сонли Нукус тиббиёт коллежини тамомлаганимдан буён ишсизман. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг қабулида бўлдим, тегишли соҳа раҳбарлари томонидан ёрдам бериладиган бўлди.

Шу куни фуқаролар асосан, даволаниш, бандлик, табиий газ, ичимлик суви таъминоти ва бошқа муаммолар бўйича мурожаат этишди. Шулардан бири “Абат макан” маҳалла фуқаролар йиғинидан Жумабай Мадреймов шу ҳудудда яшовчи фуқароларнинг бир неча йиллардан буён ичимлик суви масаласида қийналиб келаётганини айтиб мурожаат қилди. Унинг мурожаати тегишли соҳа раҳбарлари томонидан ўрганиб чиқилиб, чора кўриладиган бўлди.

Сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикасидаги Халқ қабулхонаси раҳбари Ҳ.Халимов иштирок этди.

* * *

Жорий йил 2 апрель куни Ёшлар марказида Қорақалпоғистон ­Республикаси Жўқорғи Кенгеси ­Раиси М.Ерниязов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Э.Таджиев, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директори Б.Қудратхожаевларнинг фуқаролар билан сайёр қабули ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси ­Президентининг Қорақалпоғистон Республикасидаги Халқ қабулхонаси томонидан ташкил этилган тадбирда вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, Нукус шаҳри, Хўжайли, Тахиатош, Нукус туманлари ҳокимликлари раҳбарлари, жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ушбу сайёр қабул давомида 140 нафарга яқин фуқаро қабул қилинди. Улар асосан, уй-жой билан таъминлаш, ишга жойлашиш, йўл қурилиши, коммунал хизмат кўрсатиш, даволаниш, имтиёзли кредит олиш ва ­бошқа масалалар бўйича мурожаат қилишди.

Тадбирда фуқароларнинг мурожаатлари ҳар томонлама кўриб чиқилиб, тегишли ёрдам кўрсатилди. Шунинг­дек, бир қатор мурожаатларнинг ечими мутасадди соҳа раҳбарлари томонидан назоратга олинди.

— 2016 йилдан буён ишсизман, — дейди Хўжайли тумани “Водник” ­посёлкасида истиқомат қилувчи Алима Жақсимуратова. — Шу кунга қадар бир неча жойларга мурожаат қилсам ҳам ишга жойлаша олмадим. Сайёр қабулда менинг мурожаатим эътиборга олиниб, тумандаги мактабгача таълим муассасаларининг бирига ишга жойлашадиган бўлдим. Бундан жуда хурсандман.

Республикамизда бундай сайёр қабуллар давом этмоқда.

Қорақалпоғистон хабар агентлиги.