ЎЗГАРИБ, ЯШАРАЁТГАН ҚОРАҚАЛПОҒИСТОНИМ!


Юртимизга шундай бир нурафшон кунлар келдики, умрнинг ҳар дами, ҳар нафаси сизга бахт билан боқаётгандай, шундай дориломон замон, озод ва обод ҳаёт, шукуҳли кунлар учун сен нима қилдинг,  деб савол бераётгандай бўлади.

Кўнгил бир ҳапқириб қўяди. Ўтган умрингга, орқада қолган узун йўлларга бир қараб оласан. Қандай яшаганинг, сендан қолган излар, сен қилган меҳнат, чеккан машаққатларнинг баҳоси борми, дея ўз-ўзингга савол берасан. Бу меҳнатларинг бугунги бахтли кунларда кичик бир зарра бўлса ҳам кўриняптими, деган ўйларга борасан.

Шунда бахтдан чақнаб югуриб келаётган неваранг бағрингга отилади. Унинг орзу-умидлардан тўлиб ­тошаётган юрак уришларини сезасан. Ҳали болалар боғчасида бўлса ҳам инглизча гапираётган ёки корейс, немис тилида қўшиқ айтаётган чеварангизнинг янги замонда янги чечакдай илдиз отаётганидан кўнглингиз тўлиб тошади.

Бундай бахтли ҳис-ҳаяжонлар мана 28 йилдирки, ҳар бир олган нафасимиз, ҳар отган қадамимиз, янги орзу мақсадлар, интилишларимиз, эл учун, унинг келажаги учун қилган, қилаётган ҳар бир ишимиз шу ота-маконнинг кенг­ликларига сингиб, дарахтларига, гулларига қўшилиб ўсаётгандай.

28 йил! Истиқлолимиз 28 ёшга тўлди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг яқинда имзо чеккан «Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори билан танишар эканмиз, ҳар биримизнинг кўнглимизда, ўтган онларга шукроналик, юртимиздаги бунёдкор­лик ишларидан фахрланиш, фарзанд­ларимиз бахтидан қувонч ҳислари тўлиб тошади.

«Мамлакатимиз тарихида ўчмас саҳифа очган буюк истиқлол туфайли Ўзбекистон ўтган давр мобайнида жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаб, миллий тикланишдан миллий юксалиш сари дадил илгарилаб бормоқда» дейилади қарорда. Ҳақиқатда ҳам мамлакатимиз миллий тикланишдан миллий юксалиш сари юз тутди.

Юртимизда рўй бераётган янгиланишлар, шиддат билан кечаётган ўзгаришлар мустақилликнинг илк йилларида жуда кўп айтилган миллий онгнинг уйғониши, қадриятларимизнинг тикланиши, ислом оламида ўз ўрнимизнинг мустаҳкам қарор топиши, жаҳон ҳамжамиятида Ватанимиз нуфузининг ортаётгани айниқса, кейинги икки йилда ёрқин намоён бўлмоқда.

Мисол келтириш учун узоққа боришнинг ҳожати йўқ. Агар Қорақалпоғистоннинг пойтахти жонажон Нукус шаҳрининг кўчаларидан аста-секинлик билан оҳиста айланиб юрсангиз, ҳаётимизнинг нақадар жўшқин, нақадар кўркам, салобатли бўлиб бораётганлиги, миллат шаъни, миллат қадри улуғланаётганлиги ярқираб кўринаётганига гувоҳ бўласиз.

Нафақат марказий кўчалар, Нукуснинг тўрт томони, эски, янги қалъа деб аталувчи мавзелари, «Дўстлик, «Каттаоғар» каналларининг ҳар иккала соҳили обод гўшаларга айланаётганидан баҳри дилингиз очилади. Янги аэропорт, темирйўл вокзали атрофларида кўплаб чет эллик туристларни учратасиз. Айниқса, Савицкий музейи­га бутун дунё ҳамжамиятининг қизиқиши ортаётгани, унинг залларида чет эллик туристлар ҳамиша гавжум эканлигини кўриб ғурурланасиз.

Бутун жаҳон нигоҳи Мўйноққа қаратилганлиги нафақат қорақалпоғистонликларни, бутун Ўзбекистон  халқини қувонтирмоқда. Бундан 10-15 йиллар олдин Қорақалпоғистонга Орол денгизи инқирози оқибатида экологияси бузилган бир воҳа сифатида қаралган бўлса, сўнгги 2 йилда бу фикрлар мутлақо ўзгарди.

Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон халқига чексиз меҳр-эътибори, ғамхўрлиги туфайли бундай фикрларга кескин барҳам берилди.

Сўнгги икки ярим йил ичида давлатимиз раҳбари Шавкат ­Мирзиёев Республикамизда беш марта бўлиб, жараён­лар билан яқиндан танишди. 2018 йилнинг 15-16 ноябрь кунларидаги сафаридан сўнг 11 триллион 534 миллиард сўмлик 793 та лойиҳа қабул қилиниб, шунинг натижасида 12 минг­дан ортиқ янги иш ўринлари яратилмоқда.

Президентимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 72-сессия­сида дунё жамоатчилиги эътиборини Орол муаммосига қаратгани, Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари Кенгашининг навбатдаги йиғилишида, Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича Кенгашнинг бешинчи саммитида бу муаммони яна бир маротаба кўтариб чиққанлиги халқимизга бўлган эътибор ва алоҳида ғамхўрлигининг натижасидир.

Шунингдек, Муҳтарам ­Президентимизнинг Мўйноқ туманига ташрифи давомида берган кўрсатмалари асосида жорий йил 16 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг «Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан тасдиқланган Дастур асосида Мўйноқ туманида 2019-2021 йилларда 1 трлн. 485 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиши белгиланиб, бу борадаги кўламли ишлар бошланиб кетган.

2019 йилнинг ўзида 622 млрд. сўмлик 8 та мактабгача таълим ­муассасалари, 7 та мактаб, 4 та спорт объектлари, 6 та соғлиқни сақлаш, 8 та маданият объектларида қурилиш таъмирлаш ишлари ҳамда 20 та кўп қаватли уй-жойлар қурилиши бошлаб юборилди.

Ўтган қисқа вақт ичида бир нечта объектлар фойдаланишга топширилди. Мисол учун, 800 ўринлик Амфитеатр ва давлат хизматлари маркази янгидан қурилди ҳамда туман спорт стадиони ва Маданият маркази реконструкцияси тўлиқ якунланди.

Шунингдек, 7-сонли умумтаълим мактаби ва 32-сонли қишлоқ врачлик пунктида реконструкция ишлари ҳамда 33-сонли қишлоқ врачлик ­пунктида мукаммал таъмирлаш ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилиш арафасида турибди.

Булардан ташқари, Мўйноқ туманида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида умумий қиймати 26 трлн. 974,8 млрд. сўмлик 75 та ­лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ишлар бошланмоқда.

Буларнинг ҳаммаси бизлар учун чексиз фахр-ифтихор эмасми? Янгиланган, тобора яшариб, яшнаб кўркам бир диёрга айланаётган Қорақалпоғистонимизнинг ўрни Ўзбекистонда ярқираб кўринмоқда. Нафақат Ўзбекистонда балки Марказий Осиёда ҳам, дунёнинг бошқа давлатларида ҳам Қорақалпоғистонга бўлган қизиқиш, эътибор, ҳурмат ортаётганлигини кўриб қувонамиз.

Шу ўринда Президентимизнинг Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи  ялпи мажлисидаги маърузасида  Қорақалпоғистон тўғрисидаги алоҳида таъкидларини яна бир марта тилга олмоқчиман.

Президентимизнинг айниқса «Бугун кечагидек яшаб бўлмайди» деган фикрлари нақадар ҳақ эканлигини шиддат билан ўзгараётган ҳаётимиз мисолида қайта-қайта англадик.

Қарангки, юртимизга дунё эшиклари очилмоқда. Юрт равнақи, аҳоли турмуш фаровонлиги, тинчлик-­осойишталик, оила муқаддаслиги йўлида бугун янгича яшаш, янгича меҳнат қилиш вақти етди, демак бугун кечагидек яшаб бўлмайди.

Президентимиз маърузасидан, аёл сифатида, она сифатида юрагимда катта ғурур туйдим. Қалбимда юртимга, халқимга, давлатимиз раҳбарига яна бир марта миннатдорлик туйғулари пайдо бўлди.

Ўзи юртимиз аёллари сўнгги икки йилда жамият ҳаётининг барча соҳаларида илғор бўлиб фидойилик намуналарини кўрсатаётган эдилар. Президентимизнинг «Биз доимо аёл – бу она, оиламиз бекаси, деб уларни улуғлаймиз. Бу тўғри, албатта. Аммо ҳозирги кунда ҳар бир хотин-қиз демократик жараён­ларнинг кузатувчиси эмас, балки фаол ва ташаббускор иштирокчиси бўлмоғи шарт» — деган фикрларидан бошимиз осмонга етди.

Аёл қадрининг улуғланиши миллатимиз шаънининг улуғланиши, юртимизда аёллар соғлиги, қизларни ҳаётга тайёрлаш, репродуктив саломатлигини мус­таҳкамлаш борасида изчил, мақсадли, ишлар натижали бўлишига барча имкониятлар яратилмоқда.

Президентимизнинг бу борада қабул қилган қатор қарорлари, белгилаб берилаётган вазифалар хотин-қизларнинг кучига куч, мақсадларига қанот бўлмоқда.

Президентимиз Парламентимиз ­фаолиятига баҳо берар экан, “Қонунлар тўлиқ ишлаши учун депутатлар халққа яқин бўлиши лозим, акс ҳолда қонун қоғозда қолиб кетади”, “Қайси қонун ишламаётганини халқ орасига кириб бориб, одамлардан  сўраш керак”, деган ҳақли фикрларни ўртага ташлаб уларнинг ижроси юзасидан ҳам аниқ кўрсатмалар бериб ўтдилар. “Агар аёл кишининг кўзида бир томчи ёш бўлса, демак биз уларнинг ички дунёсини билмаяпмиз”, “Ҳар бир давлат ходими ўзининг хизмати билан эгаллаб турган лавозимига лойиқ эканини исботлаши керак”, деган фикрлари давр билан тенг қадам ташлай олмаётганимизни, ҳали қиладиган ишларимиз жуда кўп эканлигини кўрсатиб турибди.

­Президентимизнинг маърузасида олдимизга қўйилган ҳар бир вазифа тарихий аҳамиятга эга бўлиши билан бир қаторда, ҳар биримиз учун ­дастуриламалдир.

Бугунги кунда Президентимиз раҳнамолигида ижтимоий иқтисодий ҳаётнинг барча соҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқдаки, бу эзгу ишларнинг замирида инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, одамларни ҳаётдан рози қилиш, юртимизнинг бундан кейин ҳам янада равнақ топишини таъминлаш сингари катта мақсадлар мужассам.

Бу катта  режа, янги мақсадлар билан қилинаётган меҳнат бугунги кунда Қорақалпоғистонда ўз самарасини бераётганлиги айни ҳақиқатдир.

Қуйидаги рақамларга эътибор берайлик. Булар шунчаки рақам ёки шунчаки кўрсаткич эмас, балки қорақалпоқ диёрининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида катта аҳамиятга эга бўлаётган халқимизнинг яратувчилик меҳнати натижасидир. Бунда ҳамманинг ўзига хос муносиб ўрни ва катта ҳиссаси борлигини мамнуният билан қайд қиламиз.

Чунки, бундай улуғвор мақсадлар йўлида қўлга киритилган ютуқлар, Президентимиз фармон ва қарорлари асосида қабул қилинаётган давлат дастурлари ижросида яққол намоён бўлмоқда.

Юртимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, оилалар даромадини кўпайтириш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, аҳолининг тинч-осойиш­та ҳаёт кечиришини таъминлаш ва бошқа ҳаётий муҳим масалаларни ҳал этиш бўйича кенг кўламли ҳаракатлар ўзининг ижобий натижаларини бераётганлиги бунга мисолдир.

Муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида берилган топшириқларга асосан умумий қиймати 11 трлн. 526 млрд.сўмлик 793 та лойиҳани амалга ошириш ва 12 мингдан ортиқ янги иш ўринларини яратиш режалаштирилган эди. Нукус шаҳрида қиймати 33,5 млрд.сўмлик “Нукус Мед Тех” МЧЖ томонидан шприц ва инфузион системалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Кегейли туманида «Kegeyli qog’oz» МЧЖ томонидан 31,4 млрд. сўмлик инвестициялар ҳисобига целлюлоза ишлаб чиқариш, Лакрицани чуқур қайта ишлаб чиқарувчи “Ланко-мия” корхонаси ишга тушди.

Шу ўринда туманларда олиб борилаётган бунёдкорлик ишларига бир назар ташлайлик…

 

ЧИМБОЙ ТОМОНЛАРДА

БАХТ БАЛҚИБ ТУРАР

 

Нукус шаҳридан Чимбой томонга йўлга чиқсангиз қорақалпоқ кенгликларининг ўзига хос жозибаси, табиати кўнглингизни яйратади, кенг ва равон йўллар тезда сизни «Халқобод» шаҳарчасига етказади. Яқиндагина пала-партиш, очиқ-сочиқ бозори, деворлари нураб кетган икки ёки уч дўкон биноларигина кўриниб турадиган шаҳарча ­кейинги икки йилда мутлақо янги ­қиёфага кирди.

Замонавий бозор, маданий ­маиший, савдо  шохобчалари, замонавий маъмурий бинолар, болалар ўйингоҳлари кўзга тушади. Айниқса, гулларга тўла йўлаклар, қатор ям-яшил арчалар шаҳарчага ўзига хос кўрк бериб турибди. Сал ичкарироқда аҳоли томорқаларидаги боғлар, сабзавот-полиз маҳсулотлари аҳолининг дастурхони тўкин-сочин қилмоқда.

Бундай ютуқларда юртимизда бўлаётган янгиланишлар, бунёд­кор халқимизнинг меҳнати мужассам эканлигини ўйлаб, кўнглингиз тўлади. Тўғри, ҳали аҳоли турмуш маданияти, ўз имкониятларидан фойдаланиш даражаси Президентимизнинг барча соҳалар бўйича қабул қилинаётган фармон ва қарорларда белгилаб берилган вазифалар ижросида ярқираб кўринаётгани йўқ. Барибир ҳаётимизда катта ўзгаришлар рўй бераётганлигини кўзимиз кўриб турибди. Биргина  мен тилга олаётган Нукус-Чимбой йўллари, унинг икки томонида барқ уриб турган янги ҳаёт нафақат сўзлаб, балки куйлаб турибди.

Мана, Чимбойга  яқинлашар эканмиз, йўлнинг ўнг томонидаги кўркам бир зиёратгоҳга кўзингиз тушади. Бу ерда қорақалпоқ хал­қининг улуғ шоири Бердақ бобо ёдгорлиги биноси қад ростлаб турибди. Кунхўжа шоир, Ахимбет бахши сингари халқ дардини куйлаган маърифатпарвар боболар хотираси халқ ардоғида. Бу зиёратгоҳ шу йўлдан ўтганларни эътиборсиз қолдирмайди. Тарихнинг ёрқин бир саҳифаси бўлган файласуф шоир Бердақ бобо, Кунхўжа шоир музейлари ҳам ёш авлодни бағрига чорлаб тургандай. Боболар руҳи ҳамиша авлодларни қўллайди.

Чимбой туманида бугунги кунда олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари албатта шундай аждодларнинг орзу умидлари, муборак ёдига, руҳига мос  бўлаёт­ганлиги юртимизнинг, хал­қимизнинг бахтидир.

Маълумки, Президентимизнинг Қорақалпоғистонга ҳар ташрифи ва берган топшириқлари шу халқнинг асрлик орзу умидлари рўёбга чиқиши, аҳоли турмуш фаровонлиги ўсиши, кўпроқ экспортбоп ­маҳсулотлар етиштириб, чет эл инвестиция­ларини жалб қилган ҳолда, саноатни ривожлантириш сингари катта вазифалар амалга оширилишига қаратилиб келинмоқда.

Шу нуқтаи назардан Чимбойда  шу кунларда шу «ZANG TEX» масъулияти чекланган жамияти Хитой халқ республикаси билан ҳамкорликда 10 млн. АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция лойиҳасини амалга оширмоқда. Бу лойиҳа ­доирасида Чимбойда ип йигирув ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона ишга тушади. Юзлаган иш ўринлари яратилади.

Туман ҳудудидаги Ўзбекистон-Хитой “Lanextrakt” МЧЖ шаклидаги қўшма корхонаси Хитой Республикасининг «Luoyang Lanbing» компанияси ва Ўзбекистон Республикасининг «Marksmart» компаниялари томонидан қурилиб, устав фонди 75 минг АҚШ доллари, шундан 90 фоизи 56,3 минг АҚШ доллари Хитой Халқ Республикаси томонидан, 10 фоизи 18,7 минг АҚШ доллари Ўзбекистон Республикаси томонидан киритилган.

Бу корхонада қизил мия илдизидан глицирризин порошоги маҳсулоти ишлаб чиқарилади.

Бугунги кунда Чимбой шаҳри маркази, қишлоқлари қиёфаси давримизга мос равишда ўзгариб, яшариб бораётганлигини кўрамиз.

Айниқса, жорий йилга мўлжалланган инвестиция дастури доирасида оилавий поликлиника, аҳоли бандлигини таъминлаш маркази, болалар мусиқа ва санъат мактаби биноси каби иншоотлар қурилиши жадаллик билан олиб борилмоқда.

Шунингдек тумандаги 7-сонли мактабда, 13,5 км. масофадаги ичимлик суви  тармоқларида, 7 та кўп квартирали турар жой бинолари ва 6,5 км.лик ички йўлларда таъмирлаш ишлари давом этмоқда.

Айниқса, Президентимизнинг қишлоқ аҳолисини арзон турар жойлар билан таъминлаш борасидаги фармон ва қарорлари асосида Чимбойда 3 хонали 8 та турар-жой биноси, 4 қаватли, 24 квартирали битта турар жой биноси қурилишлари ҳам битказилиб, фойдаланишга топширилиш арафасида турибди.

Чимбойда «Обод қишлоқ» дастури доирасида «Қамиш ариқ», «Бахт­ли», «Кўкча» овул фуқаролар йиғинлари ҳудудларида 44 та объектда ободонлаштириш, таъмирлаш, қайта қуриш ишлари ҳамжамиҳатлик билан олиб борилмоқда.

Бу ишлар учун 28 миллиард сўмдан кўп маблағ ажратилган. Бу қишлоқлардаги 3-, 11-,14-,19-,42-,48-сонли мактаблар таъмирланиб, янги ўқув йилига тайёрланмоқда. 10 км. масофага янгидан ичимлик суви тармоқлари тортиш, 22 км.дан ортиқ масофадаги электр тармоқларини модернизация қилиш, 21 км. масофадаги ички автомобил йўлларини таъмирлаш, 6,5 км.га яқин масофадаги йўлларда ёритгичлар ўрнатиш, 4,5 км. масофада пиёдалар йўлакчаларига асфальт ётқизиш, айниқса аҳолининг таъмирга муҳтож бўлган 16 та турар ­жойларининг тепа қисмларини таъмирлаш ишлари албатта қишлоқлар қиёфасини замон талаблари даражасида обод ва кўркам бўлиши учун хизмат қилади.

Президентимизнинг Қорақалпоғистонга қилган сафари давомида белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида Нукус-Тахтакўпир автойўлининг Чимбой туманидан ўтувчи 6,4 км. қисми Дўстлик гузари туман марказининг бош кўчаси қилиб белгиланди.

Шу гузар бўйида  3 қаватли кўп квартирали 10 та турар жой биноларини янгидан қуриш, 20 та якка тартибдаги эски турар жойларни кўчириш, марказий канализация тармоғини яратиш ишлари ҳам қўлга олинмоқда.

Чимбой халқи ҳар куни бир яхши янгилик, сабаб, хурсанд бўлади. Мана яқинда Ёшлар куни муносабати билан туман ёшларига икки қаватли китоб дунёси дўкони совға қилинди.

Бу совғанинг диққатга сазовор томони шундаки, унинг қурилишига,  ёш ишбилармон Даврон Халилов ҳомийлик қилиб, Чимбойда китоблар оламини яратди ва ёшларнинг баркамол инсонлар бўлиб ­вояга етишига катта ҳисса қўшди.

Шу куни туман марказида икки ўринда замонавий спорт майдончаси ҳам ёшлар учун фойдаланишга топширилди.

Туман деҳқонлари, ғаллакор, пиллакорлар ҳам бу йил ғалла, пилла топшириш режаларини Қорақалпоғистонда биринчилардан бўлиб уддалаб чиқдилар.

Шу кунларда миришкор пахтакорлар 5200 гектар майдонда ғўза парваришида фидоийлик билан меҳнат қилмоқдалар.

Бу янгиланишлар, ўзгаришлар бунёдкорликларнинг барчаси Чимбойнинг бугунги куни, келажаги ва халқнинг фаровонлиги, обод­лиги учун қилинаётган катта савоб ишлардир.

Чимбойдан чиқиб Нукус-Манғит томонларга ўтиб назар ташлаймиз.

 

(Давоми бор).

 

Гулистон АННАҚИЛИЧЕВА,

Қорақалпоғистон Республикаси

Жўқорғи Кенгеси депутати,

Сенатор.