ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИ ЮЗАСИДАН ТАКЛИФЛАР БИЛДИРИЛДИ


Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг иккинчи ялпи йиғилишида кўриб чиқилиши белгиланган қонунларни муҳокама қилишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси аъзолари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари  туман (шаҳар) Кенгашлари депутатлари иштирок этди.

Йиғилишни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Ҳамраев олиб борди. Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Б.Тажиев, сенаторлар Г.Аннақиличева, Ш.Уснатдинов, О.Атаниязова ва бошқалар сўзга чиқиб, Олий Мажлис Сенатининг иккинчи ялпи йиғилишида кўриб чиқилиши белгиланган Аҳолини рўйхатга олиш, Қишлоқ хўжалиги ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва ёввойи ўтлардан муҳофаза қилиш, Меорология, Матбаа иши, Фуқароларнинг жамоат тартибини сақлашдаги иштироки, Халқаро савдо арбитражи тўғрисидаги қонунлар юзасидан таклифлар билдиришди.

— Бугунги ҳар бир кунимиз янгиликларга, бунёдкорликларга бой бўлиб бормоқда. Буларнинг барчаси ­Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида кўрсатилган муҳим йўналишларнинг ҳаётимизга шиддат билан тадбиқ этилаётганида ўз ифодасини топмоқда. Айниқса, ҳар бир депутат халқ ишончига эришиб, уларнинг муаммолари билан яшаётган бир даврда, биз энди кечаги депутат, кечаги сенатор эмасмиз, деган тушунчалар уларнинг халқ орасига янада кўпроқ кириб боришига имконият яратмоқда, бугунги кун муаммолари билан яшашга ундамоқда, — дейди сенатор Г.Аннақиличева. — Жумладан, жамоат тартибини сақлашда маҳаллалардаги фуқаролар ихтиёрий равишда иштирок этади. Демак, жамоат тартибини сақлашда маҳалланинг ҳиссаси катта. Аммо, қонун лойиҳасида ички ишлар органлари, масъул ташкилотлар билан биргаликда деган сўзлар кўплаб қўлланилиб, маҳалла сўзи деярли ишлатилмаган. Бу қонун билан тасдиқланиб, кўрсатилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Шунингдек, Матбаа фаолияти тўғрисидаги қонун ҳам ҳозирги вақтда жуда зарур. Чунки, у китоб нашрининг ривожланишига, нашр этилаётган ҳар бир китобнинг ўқувчиларга етказилиши, муаллифларнинг ҳуқуқлари белгиланишига хизмат қилади. Аммо, ҳомийлик асосида нашр этилган китоблар шарт­нома бўйича пулни тўлаган шахсга тегишли бўлади. Китобнинг кейинги тақдири эса номаълум бўлиб қолади. Қонунда ушбу масалалар ҳам аниқ белгиланиши учун таклифлар билдирдим. Бугунги ­йиғилишда қонун лойиҳаларига билдирилган фикрлар Олий Мажлисда ҳисобга олинишига ишонамиз.

Йиғилишда депутатлар томонидан ушбу қонун лойиҳаларини жойларда, айниқса, тегишли соҳа вакиллари иштирокида кенг муҳокама қилиш белгилаб олинди.

А.Жиемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.