Ўлкамизда кўклам нафаси. Қуёш ўзининг заррин нурларини гўёки юртимизга сочаётгандек, бутун борлиқ ўзгача манзара касб этмоқда. Бободеҳқон қўлига кетмонини олиб дала бўйлаб борар экан, янада ғайрати, шижоати ошади. Эзгу ниятлар ила Яратгандан юртимизга осойишталик, қут барака, ризқ-рўз сўраб ерга уруғ сепади, кўчат ўтқазади.
Халқимизнинг азалий қадриятларидан бўлган бир-бировга меҳр-оқибатли бўлиш, саҳоват кўрсатиш, яхшилик қилиш, кексалар ҳолидан хабардор бўлиш, ота-оналар дуосини олишдек эзгу фазилатлар айни Наврўз айёмида янада ёрқинроқ намоён бўлади.
Халқимиз янгиланиш, яшариш, уйғониш фасли бўлган кўкламни орзиқиб кутади.
Мана шундай уйғониш, янгиланиш, тенглик, йил боши саналган кун бу – Наврўз айёмдир.
Миллий ўзлигимизнинг ажралмас қисми бўлган Наврўзнинг пайдо бўлиши, асрларга бориб тақалади. Наврўзнинг узоқ тарихи ва унинг ўзига хос хусусияти ҳақида Фирдавсий, Беруний, Маҳмуд Қошғарий, Умар Ҳайём, Алишер Навоий сингари алломаларимиз ўз асарларида маълумотлар беришган, шунингдек, бу ҳақида қадимий “Авесто” ёзма манбаларида ҳам қайд этилган.
Таъкидлаш жоизки ушбу меросларда Наврўзнинг қуёш ҳамал буржига кириши, тун қисқариб, кун узая бошлаши, табиат жонланиши айни баҳор кириб келиши билан боғлиқ эканлиги илмий асослаб берилган. Жумладан, сўз мулкининг султони, Ҳазрати Алишер Навоий:
Зулфу рухсор ила комимға мени еткурсанг,
Ҳар тунунг қадр ўлубон, ҳар кунунг ўлсун Наврўз,
дея Наврўзни яшариш, янгиланиш, уйғониш, яхшилик, ҳамжиҳатлик, муборак ва хосиятли кун сифатида таърифлайди.
Маълумотларга қараганда, Умар Ҳайём ўзининг “Наврўзнома” асарида ушбу қутлуғ кунда оддий одамлар ҳам ўз уй-жойларини тозалаши, саранжом-саришта тутиши, гул ва кўкатлар билан безаши, ҳақида келтириб ўтилади.
Шунингдек. У ўз рисоласида Наврўз тарихи хусусида шундай ёзади: “…Ўз сўзига вафодор бир яхши дўстим мендан Наврўз жорий этилганлигининг сабабини тушунтириб беришни ва уни қайси подшоҳ тайин қилганлигига аниқлик киритишни сўради. Мен илтимосни қабул қилдим ва ушбуни иншо этдим.
“…Наврўзнинг жорий қилиниши сабабини айтсак, у шундан иборат-ки, Офтобнинг икки айланиши мавжуд, уларнинг бири қуйидагича: Офтоб ҳар уч юз олтмиш беш кеча-кундузнинг ўн иккидан бирида Ҳамал буржининг (Қуёшнинг йиллик кўринма ҳаракат йўлидаги ўн икки бурждан бири. Ўзининг йиллик айланишида қуёш ҳар бир буржни бир ойда босиб ўтади. Қуёшнинг Ҳамал буржига кириши кун билан туннинг тенглашган вақтига тўғри келади. Буржлар минтақаси, яъни қуёшнинг мазкур айланма йўли 360 даражага бўлинган, ҳар бир бурж 30 даражани эгаллайди, ҳар бир даражанинг олтмишдан бири “дақиқа” деб аталади) биринчи дақиқасига илгари чиқиб кетган пайтининг ўзида яна қайтиб келади”.
Демак, ўша даврларда ҳам Наврўзнинг аҳамияти, тарихи, хосияти ўрганилиб, асослаб берилган.
Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, халқимизнинг ҳаёти, қалби ва онгида юз бераётган ижобий ўзгаришлар Наврўзнинг азалий қадрияти ва анъаналарини янада чуқурроқ англашга ундамоқда. Наврўзнинг ҳаётимизда тутган ўрни ва аҳамияти шундан иборатки, унинг руҳи ва фалсафасида яшариш ва янгиланиш, яхшилик ва бағрикенглик, табиатни асраб-авайлаб, доимо у билан уйғун бўлиб яшаш каби ўлмас ғоялар мужассам. Айниқса, бу бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг асосий мақсади ва маъно-мазмунига ғоят ҳамоҳанг экани билан аҳамиятлидир.
Наврўзнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, ушбу кунларда юртимизда яшовчи турли миллат вакиллари аҳилликда, ҳамжиҳатликда миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлашга ўз ҳиссаларини қўшадилар. Юртимизнинг ҳар бир шаҳар ва қишлоқларида, маҳаллаларда, кенг қамровли ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишларини ўтказиш анъанага айланган. Бундан ташқари ҳар бир хонадон, ховлилар саранжом-саришта қилиниб, “Ободлик кўнгилдан бошланади” деган ҳикматга амал қилинади.
Шу ўринда мамнуният билан эътироф этиш жоизки, Наврўз анъаналари йилдан йилга такомиллашиб, сайқалланиб бормоқда. Бунинг яна бир кўриниши бу маънавий дунёмизни, онгу-тафаккуримизни бойитишга хизмат қилувчи китобхонликнинг йўлга қўйилишида намоён бўлмоқда.
Шу кунларда ёшу улуғ кексаларимиз, отахону-оналаримиз қўлларини дуога очиб, эл-юртимиз осойишталиги, халқимизнинг омонлигини тилашмоқда. Дуода ҳикмат кўпдир. Юртимиз ва халқимизнинг эзгу тилаклари ижобат бўлсин.
Феруза Нуруллаева.



