ТИББИЁТГА БАХШИДА УМР


Инсон ҳаёти ва соғлиғи ҳақида гап кетганда, аввало оқ халат эгаларининг ўз касбига бўлган меҳр эътибори, садоқати, масъулияти ва шижоати кўз ўнгимизда намоён бўлади. Инсон чуқур билими, бой тажрибаси, қатъият ва иродаси билан ўз касбининг фидойиси бўлиб элга танилади, халқ олқиши, меҳрига сазовор бўлади. Ҳар қандай қийин ва қалтис вазиятларда ҳам ўзига билдирилган ишончни оқлашга ҳаракат қилади.

Мен бугун мана шундай юксак қалб эгаси, олим, фан арбоби, моҳир ташкилотчи, академик Турсинбай Ешанов ҳақида фикр юритмоқчиман.

 Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг академиги, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларида хизмат кўрсатган фан арбоби, тиббиёт фанлари доктори, профессор Т.Ешановни юртдошларимиз аллерголог-иммунолог олим сифатида яхши танишади ва эътироф этишади.

1940 йил 5 майда Кегейли тумани Халқобод шаҳарчасида туғилган Т.Ешанов  болалигиданоқ илм-фанга меҳр қўйди. Тиббиёт илмига бўлган қизиқиш ва интилиш уни  Самарқанд тиббиёт институтига етаклади.

Мен Т.Ешановни илк бор олийгоҳда 1960 йили кўриб, суҳбатлашганман. Олийгоҳнинг ўша вақтдаги ректори, профессор, асли булунғурлик М.Хайитов илмга иштиёқи биланд, изланувчан ва зийрак талабаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватларди. Айниқса, қорақалпоғистонлик талабаларга жуда эътиборли эди.

Т.Ешанов институтни аъло баҳоларга тугатди. Турсинбай оғадаги талабчанлик, чуқур билим ва иштиёқни кўрган институт жамоаси уни патофизиология ва фармакология кафедрасида ассистент лавозимида ишга олиб қолди. ­Т.Ешанов Самарқанд тиббиёт институтида диссертация ҳимоя қилиб, тиббиёт фанлари номзоди даражасига эришди.

Академик Ч.Абдиров ­Т.Ешановни  ўз фаолиятини айнан Қорақалпоғистонда давом эттириши учун уни ишга таклиф қилди. Чунки, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири лавозимида фаолият юритаётган Ч.Абдиров билимли ва иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватларди. Айниқса, ­халқимиз орасида лепра касаллигининг олдини олиш мақсадида ўз устида тинимсиз ишлади. Бир нечта фан номзоди ва фан докторларини тайёрлади ва уларга устозлик қилди.

Т.Ешанов 1972-1985 йилларда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли дермато-венерология илмий -тадқиқот институтининг Қорақалпоғистон филиали директори лавозимида фаолият юритди. Таъкидлаш жоизки, ўша давр­ларда республикамизда лепра касаллиги бўйича илмий тадқиқот ишлари яхши ривожланди.Лепрология бўйича етакчи мутахассислар ­тайё­р­­ланди. Натижада 2 нафар тиббиёт фанлари доктори ҳамда 5 нафар фан номзоди етишиб чиқди.

 У 1984 йили Москва шаҳрида тиббиёт фанлари Академияси академиги Андрей Дмитриевич Адо раҳбарлигида “Қорақалпоғистон Республикасида учрайдиган аллергик касалликлар ва уларни даволаш” мавзусида  диссертация ҳимоя қилиб, тиббиёт фанлари доктори бўлди.

Мен фаолиятим давомида Т.Ешанов билан соҳага оид муаммо ва масалалар, янгиликлар, илмий изланишлар юзасидан кўп бора ҳамсуҳбат бўлганман. 1987 йили март ойида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг  Қорақалпоғистон Экспериментал ва клиник тиббиёт илмий тадқиқот  инс­титутига Тиббиёт фанлари доктори Т.Ешанов директор этиб тайинланди. Мен эса илмий ишлар бўйича директор ўринбосари лавозимида ишлаб, ҳар иккаламиз ҳам Қорақалпоғистон тиббиёти ва уни янада ислоҳ қилиш, ривожлантириш, аҳоли саломатлигини тиклаш борасида ҳаракат қилдик. Мазкур институт Орол­бўйи ҳудудининг экологик инқироз даражалари, салбий факторларнинг одам организмига, унинг саломатлигига, генофондига таъсири ушбу ҳудудга хос бўлган патологиясини ўрганиш, тадқиқот қилиш бўйича илмий мувофиқлаштириш марказига айланди. Бу ерда лепрология, онкология, акушер-гинекология, педиатрия, дерматовенерология, аллергология ва иммунология каби бир қанча тиббий йўналишларда илмий тадқиқотлар олиб борилди. Ўша даврда институтда илмий ишлар 3 йўналишда ташкил этилди. Жумладан, Республика аҳолиси орасида лепра касаллигини тўлиқ бартараф этиш,  ракнинг олдини олиш ва янги даволаш усулларини амалиётга кенг жорий этиш, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида болалар ва аёллар касалланиши ва ўлимчилигининг олдини олиш шулар жумласидандир.

Шу ўринда Т.Ешановнинг жуда моҳир ташкилотчилик қобилияти ҳақида ҳам келтириб ўтиш жоиз. У 1990 йилнинг 23 январида Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири лавозимига тайинланди.

Т.Ешанов раҳбарлик қилган йилларда Қорақалпоғистонда тиббиёт соҳасига алоҳида эътибор қаратилиб, самарали ишлар амалга оширилди. Жумладан, 1990-1991 ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоқ давлат университети базасида тиббиёт факультети очилди. Кейинчалик эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан алоҳида Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиали бўлиб ташкил этилди. Шунингдек, Нукус туманида республика “Она ва бола” саломатлигини тиклаш маркази, Нукус шаҳрида ўрта бўғин тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш техникуми, 2-сонли Нукус тиббиёт училишиси барпо этилиши каби бир қатор хайрли ишларга асос солинди. 

Биласизми, Т.Ешанов билан ишлаш ҳам қийин ҳам осон эди. Чунки, у жуда талабчан. Ундаги қатъият ва ирода, салоҳият кишининг хавасини орттиради. У давраларда, йиғилишларда  ҳар бир маърузасини қоғозга қарамасдан тингловчига тўлиқ етказиб бера олади. Шунингдек, Турсинбай оға самимий ва мард инсон. Ваъда берса уни албатта бажарарди.

Академик Т.Ешанов фаолияти давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати бўлди.

У 1996 йили Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг академик В.В.Вохидов номидаги Илмий хурургия марказининг Қорақалпоғистон  филиали, 1997 йили Нукус шаҳрида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг таянч пункти, шунингдек,  1999 йилда Ўзбекистон фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими таркибида Республика Онкология илмий маркази очилишига катта ҳисса қўшди.

Т.Ешанов 250 ортиқ илмий мақолалар муаллифи. У дунёнинг АҚШ, Москва, Санкт-Петербург, Иран, Туркия, Душанбе, Ашхабад каби йирик давлатларида  ўтказилган халқаро конгрессларда, симпозиумларда, конференцияларда ўз илмий маърузалари билан иштирок этган.

Республикамиздаги экологик вазият, сув танқислиги, Орол денгизи тубида чанг тўзон, тузли шамол  кўтарилиши ва бунинг халқимизга салбий таъсири, натижада айрим салбий кўрсаткичларнинг юзага келиши Т.Ешановни доимо ўйлантириб,  хавотирга солиб келган. Унинг ҳар бир маърузаси, давра суҳбатлари, ОАВ даги чиқишлари кенг омма мулоҳазаларига сабаб бўлган. Унинг бу каби экология соҳасидаги меҳнатлари муносиб баҳоланиб, 1995 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг ҳақиқий аъзоси, академик бўлиб сайланди. У Ўзбекистон Фанлар Академияси вице-президенти, Қорақалпоғистон бўлими раиси сифатида юртимиз илм-фани ривожига катта ҳисса қўшди. Бугунги кунда ўғли Аман тиббиёт фанлари доктори, хирург шифокор сифатида  ота изидан бориб, халқ саломатлиги йўлида фидойи меҳнат қилмоқда. Мамлакатимиз илм фанига қўшган хизматлари муносиб баҳоланиб, Т.Ешановга “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими”, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларида хизмат кўрсатган фан арбоби фахрий унвонлари берилган. Қорақалпоқ давлат университети профессори ­М.Ажибеков билан бирга талаба ёшларга яратган ўқув қўлланмаси учун Бердақ номидаги давлат мукофоти сов­риндори бўлди.Унинг номини абадийлаштириш мақсадида Нукус шаҳридаги кўчалардан бирига Т.Ешанов номи берилди.

Т.Ешановнинг 80 йиллик юбилейига бағишланиб ёзилган ушбу мақоламда у инсон билан бирга ишлаган даврларим, унинг халқимиз саломатлиги йўлидаги фидойи меҳнатлари, илмий янгиликлари ҳамда инсонийлик фазилатларини баён қилишга ҳаракат қилдим.

 Хулоса ўрнида, донишманд олим Маҳмуд Замахшарийнинг қуйидаги сўзларини келтириб ўтмоқчиман: “Ёки илмли бўл, ёки илмга таяниб иш тутадиган бўл, лоақал илмни тинглаб эшитадиган бўл…”  Бу сўзлар келажакда илм фан учун ўз ҳаётини бағишламоқчи бўлган ёшларга қанот бўлиши шубҳасиз.

Мэлс Кабулов,

Тиббиёт фанлари доктори, профессор, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби, Қорақалпоғистон тиббиёт институти Факультатив ва госпитал хирургия кафедраси мудири.