АТРОФ-МУҲИТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШДА ФАОЛ БЎЛАЙЛИК!


Инсон ўзи яшаб турган муҳитни ҳимоя қилиши ва бузмаслиги керак. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида бугунги кунда атроф-муҳитни сақлашга даъват қилувчи ташкилотлар мавжуд. Ушбу ташкилотлар томонидан ҳам самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Атроф-муҳитни сақлашнинг энг муҳим жиҳатларидан бири бу сувни кўп исроф қилмасликдир, айниқса, ер юзида тоза сув танқислигини билиб туриб, бунга бепарво бўлишимиз катта гуноҳ. Кўпгина давлатлар сув инқирозига дуч келмоқдалар. Мамлакатда сув танқислиги қишлоқ хўжалиги ва саноатнинг пасайишига олиб келади. Жаҳон сув инқирози давлатлараро низоларга олиб келиши мумкин.

Сўнгги йилларда атроф-муҳитни ифлосланишдан ҳимоя қилишга эътибор кучайди. Чунки, атроф-муҳит бузилиб, инсон ҳаёти хавфсизлигига таҳдид соладиган кўплаб муаммолар пайдо бўлмоқда.

Атроф-муҳит, бу – биз яшаётган ва унинг ноз-неъматларидан баҳра оладиган ер. Бу – биз кемаларда юрадиган, бағридаги балиқларини истеъмол қиладиган денгиз. Бу – биз ичадиган зилол сув, биз нафас олаётган ҳаво, бизни ёруғлик ва қувват билан таъминлаётган қуёшдир. Бу – ўсимликлар ва ҳайвонот олами, тириклик устуни ва табиий мувозанатнинг асосидир. Бу – ерни барқарор қилиб турган тоғлар.

Ҳақиқат шундаки, атроф-муҳитни, унинг манбаларини сақлаш ҳар бир инсоннинг шахсий бурчи ва масъулиятидир. Бу биринчи навбатда инсонийлик бурчимиздир. Авваллари инсонни атроф-муҳитдан ҳимоя қилиш зарурати ҳақида гапирилган бўлса, эндиликда, атроф-муҳитни одамлардан ҳимоя қилиш зарур, дейилмоқда. Аммо бу ҳам инсоннинг ўзи (манфаати) учун.

Атроф –муҳитнинг ифлосланишига олиб келадиган учта омил мавжуд:

Улкан саноат инқилоби. Биз унинг таъсирига ҳар куни гувоҳ бўлиб турибмиз, кўриб турибмиз. Ушбу инқилоб билан биргаликда иккита муаммо пайдо бўлди, атроф-муҳитнинг ифлосланиши ва табиий манбаларнинг камайиши. Шундай қилиб, ҳаво, сув ва озиқ-овқатлар ифлослангани учун инсон танаси ва унинг ҳар бир ички, ташқи аъзоларига ҳам ифлосланиш етиб борди.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида баъзи моддалардан, хусусан, барча турдаги табиий ва кимёвий ўғитлар ва ҳашаротларга қарши дорилардан нотўғри фойдаланилади. Ушбу моддалар ёмғир ва суғориш орқали тупроққа ва ер ости сувларига ўтганда, улар кимёвий заҳарланади. Бу сув манбалари яқинида содир бўлгач, ифлосланиш натижасида уларни тўхтатишга олиб келади. Бунга саноат корхоналари ва нефт қазиб олиш амалиётидан келиб чиққан ифлосланиш ҳам киради.

Урушлар. Унда ҳам атроф-муҳитга жиддий зарарлар бор. Бу таъсир иккинчи жаҳон уруши охирида Хиросима ва Нагасакида атом бомбасини портлатишгача етиб борди. Бу инсон ва у яшайдиган муҳитда энг ёмон из қолдирди.

Бир сўз билан айтганда атроф муҳитни муҳофаза қилишда фаол иштирок этиш барчамизнинг бурчимиздир.

Жўрабек Ишаев,

НДПИ ўзбек тили ва адабиёти факультети магистранти.

(Манбалар асосида тайёрланган).