БУЮК ШОИРНИНГ ИЖОДКОР АВЛОДЛАРИ


Заҳириддин Муҳаммад Бобур подшоҳнинг панневараси Абу Зафар Муҳийиддин Муҳаммад Аврангзеб Оламгирнинг қизи Зебуннисобегим ҳам бошқа кўпгина бобурий маликалар сингари сермаҳсул ижод қилган.

Гулбаданбегим таъбири билан айтганда, «Фирдавс макон ва жаннат ошён Ҳазрат» Бобуршоҳ томонидан асос солинган бобурийлар салтанати, яъни сулоласи номига муносиб бўлишда, давлат ишларида, илм-фан ривожида бобурий маликаларнинг ўрни салмоқлидир. Сулола тарихига назар ташлар эканмиз, қайсидир маънода улар ҳаётини ўрганганда, кимга қандай тарбия берганига қараб, бобурий маликалар, яъни шаҳзодалар аёлларининг ҳам ўрни катта эканлигини кўрамиз.

Чунки, Cоҳибқирон Амир Темур ўз тузукларида келин танлаш ишини давлат сиёсати даражасида кўрганлигини шундай келтиради: «Ўғилларим, набираларим ва яқинларимни уйлантириш ташвишида келин изламоққа эътибор бердим. Бу ишни давлат юмушлари билан тенг кўрдим. Келин бўлмишнинг насл-насабини, етти пуштини суриштирдим. Хос одамлар орқали соғлиқ-саломатлигини, жисмоний камолотини аниқладим. Келин бўлмиш насл-насаби, одоб-ахлоқи, соғлом ва бақувватлиги билан барча қусурлардан ҳоли бўлсагина эл-юртга катта тўй томоша бериб келин тушурдим».    

Зебуннисобегим бошқа бобурий маликалар сингари ўз даврининг етук олимларидан Мулло Муҳаммад Ашраф Исфаҳоний ва Мулло Жовоннинг қўлида тарбия топган. Зебуннисобегим забардаст шоира, етук олима, уста танбур чертувчи созанда ва моҳир хаттот бўлиб етишади. Араб-форс тилларининг сарфу наҳв (морфология ва синтаксис)ини, фиқҳ (қонуншунослик), мантиқ, фалсафа, тарих фанларини пухта ўзлаштиради. У настаълиқ, насҳ ва шикаста хатларини зўр маҳорат ила битган. Қуръонни бир неча маротаба ҳуснихатда кўчирган ва ёддан қироат билан ўқиган, араб ва форс тилларида ижод қилган. Шунингдек, Зебуннисобегим олимларга, шоирларга ва санъат аҳлларига ҳомийлик кўрсатиб, уларга маош тўлаб турган. «Олами Ислом» тазкирасидаги «Зебуннисобегим отаси ҳукмдорлик билан қозонолмаган шуҳратни илм ва одоб билан қозонган» жумлалари фикримизни тасдиқлайди.

Турғун Файзиевнинг «Зебуннисо» рисоласидаги қуйидаги маълумотлар малика ҳақидаги қарашларимизни янада ойдинлаштиришга ёрдам беради. «Зебуннисо бегимнинг чиройли бир девони бўлган. Яна тасаввуф фалсафасига оид «Мунис ул-арвоҳ» асари ҳам бор. Тафсир соҳасида 769 варақли «Зеб ат-тафсир» («Гўзал тафсирлар)ни ёзди. Бундан ташқари, илоҳиётга доир «Зеб ан-нашаот» номли асар ёзиб, уни устози хотирасига бағишлади. Ҳиндистон мусулмонлари орасида дастуруламал бўлиб қолган «Фатавойи оламгирий» («Шариат қонунлари мажмуаси») асарини форс тилига таржима ҳам қилдирди».

Зебуннисобегим ўз замонасининг етук зиёлиси эди. У отаси Аврангзеб Оламгирнинг яқин маслаҳатчиси бўлган, лекин Зебуннисобегимнинг адолат ва маърифат бўйича берган маслаҳатлари, эркин фикрлари шоҳга ёқмаган.

Зебуннисобегим Шарқнинг машҳур шоири Мирзо Абдуқодир Бедилнинг қизига ҳам устозлик қилган. Зебуннисобегимнинг ҳаёт йўли афсонавий воқеаларга бой. Унинг насли ота тарафидан ҳам, она тарафидан ҳам Бобур подшоҳга бориб туташади. Шоҳ қизи, шоира Зебуннисобегим беназир ҳусн эгаси бўлишига қарамасдан, 63 йиллик умри давомида ўзига муносиб, ҳамдард ёр топа олмади. У 1702 йилда 63 ёшида Деҳлида вафот этди.

Шу ўринда Зебуннисобегимнинг «Лайли зотидан эсамда» деб бошланувчи ғазалини қуйидагича таҳлил қилишни лозим топдик.

«Лайли зотидан эсамда, дилда Мажнунча ҳаво,

Тоғу тош кезгум келур, лекин йўлим тўсгай ҳаё».

Шоиранинг ушбу ғазалида Бобур авлодларига хос, айниқса, аёл-қизлар тарбиясидаги исломий эътиқоднинг яққол намунасини кўришимиз мумкин. Қуръони Каримни тўлиқ даражада ёд билган уни қайта-қайта ҳуснихатда кўчирган шоира Зебуннисонинг «йўлини тўсган ҳаё»ни ҳам айнан Каломи-Шарифда кўришимиз мумкин. «Аёллар учун белгиланган ҳуқуқлар ўз меъёрида эркаклар (ҳуқуқи) билан тенгдир. Аёлларга нисбатан эркакларда бир даража (зиёдалик бор). Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир». Демак, шоирамизнинг ҳаёси, бир даража зиёдаликни тўғри англаганлигида деб биламиз.

­азални охиригача ўқисак, шоиранинг дарди дунёси ўша ўзи таъкидлаган ҳаё аталмиш чегарадан чиқиб кетгудек даражадаги ҳолатда. Ўзи аёл жинсидан бўлганлигига алоҳида урғу қаратади аммо дилида, қалбида эркакларга хос шижоатнинг борлигини чиройли бир образли тарзда келтиради. Мақсадини баён қилади-да яна изга қайтади. Шу ўринда аёллар ва эркаклар ҳуқуқи масаласига озроқ бўлса ҳам ечим топгандек бўламиз.

Чунки:

Баски қўйдим мен фалакнинг елкасига ғам юкин,

Кийди мотам тўнини-ю, бўлди қадди ҳам дуто.

Ҳатто шоиранинг фалак елкасига қўйган ғамларидан унинг қадди ҳам эгилиб, мотам тўнига бурканиб олган. Шу ўринда ўйлаб қоласан киши агар шоиранинг ўзи таъкидлаганидек, нафақат «дилда Мажнунча ҳаво»си балки жисми жони билан ўғил бола бўлиб туғилганидами, Бобурийлар сулоласи яна узоқ йиллар ҳукмронлик қилармиди!?

Зебуннисобегим ҳам бошқа бобурий маликалар сингари шоҳ қизи бўлишига қарамасдан ҳамиша фақирликни ихтиёр қилган. Буни биз Зебуннисобегимнинг қуйидаги мисраларида ҳам кўришимиз мумкин:

Шоҳ қизи бўлсам-да, қилдим фақр йўлин ихтиёр,

Бас менга бу зебу зийнат ким, отим Зебуннисо

Дунёнинг турли кутубхоналарида буюк аждодларимизга тегишли нодир китоблар сақланмоқда. Айниқса, Бобурийлар уч асрдан зиёд ҳукмронлик қилган Ҳиндистонда аждодларимизга тегишли кўплаб маънавий хазиналар мавжудлигини жуда кўплаб тарихий манбалардан кўришимиз мумкин. Юртимизга анжуманда иштирок этиш учун келган хорижлик меҳмонлардан бири, Бобур номидаги халқаро жамоат фондининг Ҳиндистондаги бўлими раҳбари, Рампур Ризо кутубхонаси вице-президенти, шоир ва олим, доктор Сйед Нақи Аббас ўз суҳбатларининг бирида қуйидагича маълумотларни келтиради:

Бобурийзода Аврангзебнинг қизи Зебуннисобегим ҳам бетакрор шоира бўлган. Мен бир ривоятни сизга айтиб берай. Таржима қилиб, ўзбекистонлик дўстларга етказсангиз, хурсанд бўлардим.

Ривоятларга кўра, Аврангзеб Оламгирга Чин ўлкасидан туҳфа келтиришибди. У қимматбаҳо кўзгу экан. Шоҳ уни қизи Зебуннисобегимга берибди. Кунлардан бир куни маликанинг канизаги уйни тозалаётиб, бехосдан ўша ойнани синдириб қўйибди. Шундан сўнг у минг бир қўрқув ва ҳижолат билан Зебуннисобегим ўтирган хонага кириб, бир бурчакда қимтинибгина, айбдорона тураверибди. Мутолаа билан машғул бўлган малика ундан нима гаплигини сўраганда, табъи назмга эга канизак шундай дебди:

“Аз қазо оинаи чини шикаст”.

(Таржимаси:Бехосдан чин кўзгуси синди).

Шунда Зебуннисобегим ҳозиржавоблик билан:

“Хуб шуд, асбоби худбини шикаст”

(Таржимаси:Яхши бўлибди, худбинлик асбоби синибди), деб жавоб берибди.

Бунда, биринчидан, Зебуннисобегимнинг нақадар раҳмдил ва бағрикенг аёллигини билиш мумкин. Яъни, минг бир хижолат билан қилган ишини, подшоҳ совғасини синдириб қўйганини айтиб, жазо кутиб турган канизакни кечириш ва шу билан бирга унга тасалли бериш соҳибкарамлик белгиси. Иккинчидан, маликанинг нақадар фасоҳат эгаси эканини англаш мумкин.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, наслий жиҳатдан асл бобурий малика саналмиш Зебуннисобегим чин маънода олима, шоира, таржимон ва бошқа жуда кўп илм-фан ҳамда маънавият соҳасида дунё тамаддунига ўз улушини қўшган ижтимоий сиёсий жабҳада фаол сиёсатшунос ҳисобланади.

Сайёра Бекчанова,

Нукус давлат педагогика институти Ўзбек адабиёти кафедраси доценти, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).