Бобур ижоди ўзбек адабиётида Навоийдан кейинги алоҳида босқични ташкил этади. Тарихий манбалардан унинг икки тилда ижод қилганлиги, 1519 йил Кобулда, 1528 йилда Ҳиндистонда девон тузганлиги маълум. Бобур лирикасида Шарқ шеъриятининг кенг тарқалган ғазал, рубоий, туюқ, қитъа, маснавий, муаммо ва фард каби жанрларидаги асарлар муҳим ўрин эгаллайди.
Унинг бизгача етиб келган шеърияти ҳажман унча катта бўлмаса-да, муаллифнинг “асосан кўрган-билган, қалбидан ўтказган, ўзини тўлқинлантирган нарсалар, кечинмалар ҳақида ёзганлиги” билан аҳамиятли. Айниқса, шоирнинг йил фасллари ва уларда бўладиган табиат ҳодисалари ҳақидаги шеърлари ҳаётийлиги, рамзий-фалсафий мазмуни, лирик қаҳрамон ҳис-кечинмаларининг таъсирчан ифода этилиши билан эътиборни тортади.
Ўзбек мумтоз шеъриятида фасллар мавзуси алоҳида бир бадиий тизимни ташкил этади. Маҳмуд Кошғарийнинг “Девони луғотит-турк” асаридан ўрин олган “Қиш билан Ёз” мунозараси, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”даги “Баҳор мадҳи” қасидаси, қолаверса, Атоий, Саккокий, Лутфий ғазаллари, Шарқ мумтоз шеъриятининг гултожи бўлмиш Алишер Навоий ижодида йил фасллари рамзий-тимсолий мазмун касб этганлиги маълум. Бобур ижодида эса бу мавзу нафақат анъана сифатида давом эттирилди, балки ёрқин ҳаётийлик ва кучли ижтимоий мазмун билан бойиди.
Менинг кўнглумки, гулнинг ғунчасидек таҳ-батаҳ қондур,
Агар юз минг баҳор ўлса, очилмоғи не имкондур
матласи билан бошланувчи ғазалдаги образ ва тасвир оҳорли. Яъни лирик қаҳрамоннинг озорланган қалби гулнинг ғунчасига ташбеҳланади. унчанинг ҳар бир қати эса қон билан тўлган. Шу боис бу қатлар юзта баҳор бўлса ҳам очилмайди. Табиатнинг мазкур ҳолати ва лирик қаҳрамон руҳий ҳолатида уйғунлик кузатилади. Ушбу ғазалнинг ёзилиш тарихи “Бобурнома”да ўз ифодасини топган: “Буларға (яъни, фитнакор Мирзохоннинг Хуросонга кетишига – муаллифлар) рухсат бергандин сўнг Борон ва Чоштуба ва Гулбаҳор доманаси сайриға бордук. Баҳорлар Борон ёзиси ва Чоштуба дашти ва Гулбаҳор доманаси бисёр хўб бўлур. Сабзаси Кобул вилоятининг ўзга ерларига боқа, хейли яхши бўлур, турлук-турлук лолалар очилур, бир қатла лола анвоини буюрдимким, санадилар, ўттуз тўрт навъ лола чиқди, нечукким бу ерларни таърифида бир байте айтилиб эди:
Сабзаю гуллар била жаннат бўлур Кобул баҳор,
Хоса бу мавсумда Борон ёзисию Гулбаҳор.
Ушбу сайр келганда бу ғазални тугаттим:
Менинг кўнглумки, гулнинг ғунчасидек таҳ-батаҳ қондур…
“Бобурнома”да келтирилган фардда Кобул даштларининг ўзга ерда такрорланмас баҳори манзараси акс эттирилган. Ундан кейинги ғазал матласида лирик қаҳрамон кайфияти билан табиат гўзаллиги параллел қўйилган ва параллеллизмнинг юксак намунаси яратилган. Ушбу мисраларда пейзаж, шоир изтироблари ва тарихий асос уйғунлиги бор. Бу асосларни “Бобурнома”дан ўқиймиз. Тарихдан маълумки, 1506 йилнинг кузида темурий бекларнинг бирлашиб, Шайбонийхон устига юриши қолдирилгач, Бобур Ҳусайн Бойқародан кейин Ҳирот тахтини шерикчилик билан бошқараётган Бадиуззамон ва Музаффар Мирзонинг таклифи билан Ҳиротга боради. У бир муддат Навоийнинг уйида яшайди, Хуросон пойтахтининг диққатга сазовор жойлари билан танишади. Айни қиш чилласида Кобулга қайтади. Кобулда эса айни пайтда фитна уюштирилган, тахт Мирзохон исмли кишига олиб берилган эди. Бобур тадбиркор ҳукмдор сифатида фитнани бостиради ва ҳатто гуноҳкорни кечириб, юксак инсонийлик фазилатини намоён этади. Хиёнаткорнинг Бобур олдидаги ҳолатига эътибор беринг: “Мен эски девонхонанинг шарқи шимолий сориғи айвонида ўлтуриб эдим. Мен дедимки: – Кел, кўрушалинг. Олдарағондин юкуниб келгунча икки қатла йиқилди. Кўрушгандин сўнг, ёнимда ўлтурғузуб, кўнгул бердим. Шарбат келтурдилар. Мирзахоннинг дафъи таваҳҳумиға шарбатни аввал ўзум ичиб, анга бердим”. Бобур фитнакор душмани қаршисида ўзини улуғвор ва шафқатли тута билади, хиёнаткорни нафақат кечиради, балки ўзида уни “эл ва улуснинг дағдаға ва тараддудидан” асрай оладиган ирода топади. Исмига муносиб бир мусулмон подшо сифатида диннинг чин таянчи эканлиги (Заҳириддин Муҳаммад), фақат жисман кучли бўлмай (Бобур – арабча шер), шафқат ва фазилатда ҳам юксак салоҳият соҳиби эканлигини тарих олдида исботлайди. Ҳинд истилосидан сўнг Бобурни ўлдиришга жазм этган Малика Байданинг гуноҳидан кечиши – “Бобурнома”даги муаллиф шахсиятини очувчи фикрлар ва бизнинг таҳлилларимиз асослилигини тасдиқлайди. Бироқ бу хиёнат қалбда ўз изини қолдиради. Мирзохон фитнаси бостирилгач, Бобур маънавий-руҳий мадад истаб табиат сайрига чиқади. Кўклам даштининг алвон лолаларга бурканган фусункор манзарасига боққан ва тақдирнинг навбатдаги синовидан сабоқ олган, қалбида оғриқ туйган буюк шоир юқоридаги мисраларни ижод этади. Унинг кўнглидаги “гулнинг ғунчасидек таҳ-батаҳ қон”лик ҳолати ана шундай тарихий асосларга эгалиги билан эътиборни тортади.
Бобурнинг табиат лирикасида куз поэтик образининг ўзига хос ўрни бор. Шоир шеъриятида бу фаслни икки жиҳатдан таҳлил қилиш мумкин:
1) ҳижрондаги ошиқ ҳолатини ифодалайди – бу унинг дастлабки мазмуни;
2) ватандан айру инсоннинг соғинч изтиробларини акс эттиради – куз чизгилари берилган мисраларнинг асл моҳияти айнан мана шу.
Бинобарин, қуйидаги ғазал бу жиҳатдан жуда қимматли материал бера олади:
Хазон яфроғи янглиғ гул юзунг ҳажрида сарғардим,
Кўруб раҳм айлагил, эй лоларух, бу чеҳраи зардим.
Маълумки, мумтоз шеъриятда “хазон” сўзи “куз” маъносини ифодалаб келади. Ғазалнинг лирик қаҳрамони дастлабки мисраларда ҳижрондаги ошиқдай таассурот қолдиради. У ўз маъшуқаси ҳажрида хазон япроғи мисол сарғайган. “Чеҳраси зард”лигини далил сифатида келтириб, ҳуснда лов-лов ёнган лола рухсорли ёрдан раҳм истайди. Байтдаги “лоларух” ва “чеҳраи зард” метафораларининг ёнма-ён келиши ошиқнинг изтиробли ҳолатини ёрқин ифода этади:
Сен, эй гул, қўймадинг саркашлигингни сарвдек ҳаргиз,
Аёғингға тушуб, барги хазондек мунча ёлбордим.
Муаллиф таърифидаги ёр шунчаки гўзал эмас, ошиғининг пойида кузги хазон мисоли ялинишларига парво қилмас даражада мағрур ҳамдир. Ғазалнинг кейинги мисрасида эса шоирнинг асл мақсади аёнлашади. Гўзал ёр тимсолида ҳамиша завол билмас Ватан образи бўй кўрсатади:
Латофат гулшанида гул киби сен сабзу хуррам қол,
Мен арчидаҳр боғидин хазон яфроғидек бордим.
Чиндан-да, инсон умри йил фасллари каби ўткинчи. Фақатгина бизни дунёга келтирган она тупроқ, Ватангина мангуликка дахлдор. Фасл руҳига мос тушкунлик кайфияти нафақат лирик қаҳрамон чеҳрасида зоҳир бўлади, балки қалбигача кириб бориб, қонли кўз ёшлар шаклида ўзини ошкор қилади:
Хазондек қон ёшим, сориғ юзумдин эл танаффурда,
Ба ҳар ранге, биҳамдиллаҳ, улусдин ўзни қутқордим.
Бобур тақдиридаги толеъсизликлар “сариқ юз” метафораси билан берилади. Унинг биографиясидан маълумки, ҳар бир ҳаётий далил “толеъсизлик-зафар-хиёнат-ҳаётий сабоқлар-қалб оғриқлари” янглиғ тақдир чизиғини намоён этади. Айтиш мумкинки, Бобур Мирзонинг тахтга келган илк кунлари билан боғлиқ юқоридаги ёниқ сатрлар 12 ёшида отасидан бахтсиз тасодиф туфайли айрилиш – толеъсизлик, мавжуд хиёнатни Оллоҳнинг мадади ила бостириш – кутилмаган зафар, укаси Жаҳонгир Мирзони шоҳ қилиш нияти билан юрган Ҳасан Яъқуб бошлиқ фитнанинг фош этилиши – хиёнат, ундан чиқарилган ҳаётий сабоқлар ва кўнгил озорларидан туғилган. Кейинги мисралар унинг шоҳлик фаолияти, “ахтари бахт” (бахт юлдузи)ни излаш йўлидаги саргардонликларидан сўзлайди:
Не толеъдур мангаким, ахтари бахтим топилмайди,
Фалак авроқини ҳар нечаким дафтардек ахтардим.
Бу байтда “фалак авроқини” осмон қаватлари тарзида каби ўз маъносида тушунмаслик керак. У толеъ юлдузини излаб Шарқнинг ўша пайтдаги сиёсий денгизида сузган, тахт учун курашлар ва хиёнатлардан безган Бобурнинг руҳий изтиробларини ифодалайди. Бу синовлар унинг иродасини тоблади, шахсиятини шакллантирди. Жавоҳарлаъл Неру таърифидаги “дилбар шахс”ни, “уйғониш даврининг типик ҳукмдори, мард ва тадбиркор” инсонни, “санъатни, адабиётни севувчи, ҳаётдан ҳузур қилувчи” санъаткор шоирни тарбиялади. Ғазалнинг сўнгги байти ҳаётнинг бутун аччиқ-чучугини тотган, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган Бобурнинг ҳаётий кузатишлар ва хулосаларидан келиб чиққан ҳикматидай жаранглайди:
Улуснинг таъну таърифи манга, Бобур, баробардур,
Бу оламда ўзумни чун ямон-яхшидин ўткардим.
Юқорида таҳлил этганимиз Бобур байтларида яратилган баҳор, хазон (куз) образи ўзига хос маъно товланишлари билан намоён бўлган. Баҳор ва уни ифода этувчи тимсоллар лирик қаҳрамон руҳиятига уйғун тасвир этилган. Айни пайтда “гулнинг ғунчаси” хиёнатдан қалби пора бўлган инсон образини ифодалаб келади. Куз образи орқали ишқдан озорланган ошиқ тимсоли бадиий гавдалантирилган. Мазкур образ тадрижий равишда Ватан соғинчидан сарғайган юз – юртига интилган инсон образи томон ўсиб боради. Айтиш мумкинки, лирик қаҳрамоннинг руҳий тушкунлик ҳолати, маҳзун қалб кечинмалари тасвири Мирзо Бобур сатрлари бағрига сингиб кетган. Айниқса, шоирнинг кенг китобхонларга маълум ва машҳур рубоийлари фикримизни бу жиҳатдан ёрқин асослайди:
Кўпдин бериким, ёру диёрим йўқтур,
Бир лаҳзаю бир нафас қарорим йўқтур.
Келдим бу сори ўз ихтиёрим бирла,
Лекин боруримда ихтиёрим йўқтур.
Ёки,
Ҳижрон қафасида жон қуши рам қиладур,
Ғурбат бу азиз умрни кам қиладур.
Не навъ битай фироқу ғурбат шарҳин-
Ким, кўз ёши номанинг юзин нам қиладур.
Ҳақиқатан, улуғ мутафаккир, султон, шоҳ ва шоирнинг 47 йиллик қисқа умрида фироқу ғурбатлари бисёр бўлгани бу каби сатрлар мазмунидан яққол англашилади. Унинг рубоийлари туркий тилда, равон услубда ёзилгани сабабли мактаб дарсликларидан кенг ўрин олгани бежиз эмас. Ёш авлодга ватанпарварлик туйғусини сингдиришда, юрт соғинчи ҳамда муҳаббати ифодасини Заҳирриддин Муҳаммад Бобур ижоди орқали тушунтириш ҳар жиҳатдан мақсадга мувофиқ. Чунки, мутафаккир ҳаёти ва ижодининг ўқ илдизини айтиш мумкинки, Ватанни соғинчи белгилайди. Бинобарин, шоир байтларида яратилган баҳор ва куз образлари ҳам шу маънода рамзий-тимсолий мазмун касб этган.
Дилрабо Қувватова,
Бухоро давлат университети профессори,
Башорат Жамилова,
Бухоро давлат университети доценти. 8:0




