БЎЗАТОВДА БАХТ БАҲОРИ


Бу дунёни англаш уни кўришдан бошланади. Халқимизнинг “юрган дарё…” мақолини тилга олсак, бежиз кўксимизда тўлқинлар тўлғонмайди. Дарё ёқалаб одимлаб бораётган киши билолмай қолади, у дарёга эргашяптими, дарё унга?! Ҳа, олам гўзал! Шу гўзалликка боқиб, энтикиб турган одам эса оламдан-да гўзал. Чунки қалбга кўчган гўзаллик ҳад-ҳудудсиз бўлади. Яна бир аён ҳақиқат бор. Йилнинг тўрт фасли ўз фурсатига, ўз вақтига султон. Аммо баҳор барибир бошқача… Баҳорнинг бу дунёга, ҳатто тоғу тошга, саҳроларга-да бирдек бахш этган кўрку файзи олдида қолган фасллар бош эгади. Шубҳангиз бўлса, марҳамат, Қорақалпоғистонга келинг! Бўзатовга келинг! Баҳорнинг чўлдаги чиройини ўз кўзингиз билан кўрасиз!

САОДАТ ЙЎЛИНИ ИЗЛАГАНЛАР

Беихтиёр хаёлда ортда қолган йиллар юз очади. Бугунги Бўзатов бағрида балқиб, кечаги Бўзатовни кўз ўнгингиздан ўтказасиз. Ўтмиш сизга ўз кўзгусини тутади. Бу кўзгу сатҳидаги ғуборни артсангиз, ҳаёт барча ҳақиқати билан юз очади. Туйқус ёдингизга оғир кунларда айтилган халқ нақли келади:  “Оч қоринга қўшиқ на ҳожат?!”.

Бўзатовликларга Бўзатов чўлларининг фавқулодда гўзаллиги эмас, шоқоллар изғиб юрган чакалакзорлари, на ўзларига, на молларига сув топиб бера олаётган бечора ҳол чўпонларнинг ожиз қиёфаси кўринади.

Кутилмаган қаҳратон қақшатганда, емишсиз қолган чорваси ҳолини ўйлаб, яратганга нола қилаётган молбоқарлар оҳига тасаввурингизда қандай шерик бўлганингизни билолмай қоласиз. Яна оғир ўйлар ўз домига тортади… Сиз ичаётган тотли сув уларда йўқ. Сиздаги табиий газ, нафақат уйингиз, балки кўчаларингизда ҳам порлаб турган чироқлар уларда йўқ. Улар ҳам биз каби бахтли яшашга ҳақли-ку, деган хижолатпазлик вужудингизни кемиради.

Булар — кечаги Бўзатовнинг манзаралари эди. Бугунги Бўзатовда эса том маънода бахт баҳори юз очган! Зеро, баҳор ўз номи билан яшашга, яратишга, севишу севилишга чорловчи фасл. Агар ушбу мафтункор фасл қувончи шу ҳудуд одамларининг қалбига кўчган бўлса, гўзаллиги чеҳраларида акс этса, бу юртнинг баҳори икки карра дилбарлашади. Биз бугунги Бўзатовда ана шундай кўкламни, ўз баҳори бахтидан мамнун яшаётган бўзатовликларни кўриб, кўнглимиз гуллади, кўзимиз порлади. Беихтиёр ёдимга қорақалпоқ халқининг Бўзатовда туғилиб, камол топган оташин куйчиси Бердақнинг қуйидаги икки сатри келди:

Шод қилиш учун ватанни

Бахт йўлини излар эдим!

Бобо Бердақ бир пайтлар нафақат Бўзатов, балки буткул қорақалпоқ элини кезиб тополмаган “бахт йўли”дан бизлар шоён ўтдик. Тўғрироғи, кўзимизга ишонмадик. Яшириб нима қилдим, Нукусдек шаҳарга келмаганимга ҳам беш-олти йил бўлди. Ўша йиллар давомида мен билган-кўрган Нукус мутлақо янгиланиб кетибди. Гўзалликда, улуғворликда, улкан-улкан иншоотлар тархининг бир-бирига мутаносиблигида, замонавий архитектурасида мамлакатимизнинг энг олд шаҳарларига бўйлашадиган ҳолат мужассам, десам муболаға бўлмас. Шаҳар шу даражада нафиски, асир бўласиз, бунёдкорларга тасанно ­айтасиз!

Аслида биз Тошкентдан Бўзатовни кўзлаб йўлга чиққанмиз. Бугунги Бўзатовни кўриб, Шавкат Мирзиёевнинг давлат раҳбари сифатида фаолиятини бошлаган илк кунлариёқ: “Халқимиз эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни кўришни истайди. Бизнинг меҳнаткаш, оқкўнгил, бағрикенг халқимиз бунга тўла ҳақлидир”, деган сўзлари бугун Ўзбекистонимиз, хусусан, Қорақалпоғистоннинг ҳам шаҳарларида, чекка-чекка туманларида ўз ижобатини топаётганига комил ишонч ҳосил қилдик.

Бунинг учун бориш, кўриш, у ерлардаги юртдошларимиз билан икки оғиз суҳбатлашиш кифоя. Ана шунда Бердақ бобо ватанини шод қилиш учун излаган “саодат йўли”ни қорақалпоқ халқи топганига гувоҳ бўласиз.

ЧЕҲРАСИДА ОФТОБ БАЛҚИГАН ЭЛ

Бўзатов ҳақида ўйлай бошлаганимда, не сабаб дилимда “Бўзатовликлар нимадан зериккан?” деган савол айланди. Жавобини ҳам ўзим топгандек бўлдим. Туманларининг қайта-қайта ташкил этилишидан, тугатилишидан ва ўзга туманларга қўшиб юборилишидан зериккан, деган ўйга келдим. Чунки, чорвачиликка ихтисослаштирилган Бўзатов тумани илк бора 1979 йилда ташкил этилган ва 1988 йилда тугатилиб, 1990 йилда яна туман сифатида ажратилган. Сўнг 2004 йилда Кегейли тумани таркибига қўшиб юборилган. Ниҳоят, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2019 йилнинг сентябрь ойида Кегейли тумани таркибидаги “Бўзатов” шаҳарча фуқаролар йиғини, “Қусқанатов”, “Эркиндарё”, “Аспантой” овул фуқаролар йиғинлари ҳамда Чимбой тумани таркибидаги “Кўксув” овул фуқаролар йиғини ҳудудлари бирлаштирилиб, умумий майдони 2035,44 квадрат километр бўлган Бўзатов тумани тузилди.

Бугун бутун Ўзбекистон эътибори Бўзатовга қаратилгани айни ҳақиқат. Боиси, Президентимизнинг ўтган йил октябрда Қорақалпоғистонга қилган ташрифи доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида бу ерда “Шеърият фестивали”

ўтказилди. Унда мамлакатимизнинг таниқли адиблари, адабиёт ихлосмандлари, ижодкор ёшлар иштирок этди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 декабрдаги “2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига асосан, 2021 йилдан бошлаб ҳар йили апрелнинг биринчи ҳафтаси мамлакатимизда “Китобхонлик ҳафталиги” этиб белгилангани ва шеърият фестивали доирасида ушбу ҳафталикнинг ҳам ташкил этилгани муҳим аҳамият касб этди.

Шу йилнинг 5-6 апрель кунлари “Шеърият фестивали”да иштирок этиш учун бир гуруҳ ижодкорлар қаторида Қорақалпоғистонга сафарга отландим.

Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, камина ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, шоир Нодир Жонузоқ, Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон иштирокида ўтказилган маънавий-маърифий анжуманлар биз кутгандан ҳам аъло, биз ўйлагандан-да, ёқимли, таъсирли ва ҳаяжонли бўлди.

Аввало, қорақалпоқ халқининг меҳмоннавозлиги, очиқ чеҳраси, самимияти, одамохунлиги, бағрикенгликда қорақалпоқ саҳроларига менгзаса бўладиган қалби, меҳру муҳаббати бизни ром этди. Энг муҳими, қайси касб, қайси соҳа эгаси ёки катта ва кичик бўлмасин, биз билан мулоқотда бўлган қорақалпоқ халқининг чеҳрасида офтоб, тилида ифтихор, сўзида раҳмат, қалбида элига, ватанига, Президентимизга муҳаббат порлаб турганини кўрдик.

ЎҚИЛГАН КИТОБ — КЎНГИЛГА ЙЎЛ

Биз Нукус шаҳрига қўнган чоғдаёқ мезбонлар измида китобхонлик ҳафталиги доирасида ўтказилаётган маърифий тадбирда иштирок этиш учун “Истиқлол” дам олиш масканига, у ердаги пурвиқор болалар кутубхонасига бордик.

Бинонинг ўзига хос қурилгани, ички кўриниши, хоналарнинг ниҳоятда шинам ва замонавий жиҳозлангани баҳри дилимизни очди, ҳатто бу ерда китоб ўқийдиган болаларга ҳавасимиз келди. Зотан, китоб — маърифат, маънавият, муҳаббат шамчироғи. Шоир Усмон Азим ибораси билан айтганда, ўқилган китоб — бу кўнгил оламига очилган йўл! Бу яшашга, курашга чорлов. Ўқилмагани эса жонсиз қоғоз. Анжуманда жонли сўзлар, жилоли сўзлар лутф этилди. Қорақалпоқ китобхонлари билан ижодкорларнинг юзма-юз гурунги ўз ҳақиқати билан ҳар икки тараф учун ҳузурбахш бўлди. Чунки даврада халқига, ватанига муҳаббати борлар рўбарў туришарди. Орада китоб бор эди, диллар ҳам китоб нурига, ҳикматига чулғанган эди.

Кутубхона директори, хушрўй қорақалпоқ аёли Зулфия Сейдниязова ижодкорларнинг анжуманга кутилгану кутилмаган ташрифидан чунонам хушнуд эдики, ўзига сиғмаётгани гап-сўзидан, юз-кўзидан шундоқ аён бўлди.

Зулфияхон бизни кутубхона фаолияти билан таништирди.

Биз Нукусда кечган илк учрашувда мезбонларга ҳам китоб бериб, ҳам уларнинг китобга муҳаббатидан қалбимизга ёғду олиб қайтдик. Бу китоб, илму маърифат ёғдуси эди.

ИБРОЙИМ ЮСУПОВ ЁҒДУСИ

Ана шу ёғду таровати ила тушдан кейинги учрашувимизга, Ибройим Юсупов номидаги ижод мактабида кечган катта кечага кириб бордик.

Жараёнда қорақалпоғистонликлар ўзлиги, миллати билан қанчалар фахрланса, Ўзбекис­тон Қаҳрамони, икки халқнинг шоири Ибройим оға билан ҳам шу қадар ғурурланиши билинди.

Ҳа, Ибройим Юсупов ўз халқи қалбида ҳамиша бор, ҳамиша уйғоқ ва офтобланиб турувчи улкан ижодкор! Шу боис, шоирдан тўрт мисра қўшиқ айтмайдиган қорақалпоқни топиш мушкул бу ёқларда. Шунинг учун мазкур ижод мактабидаги учрашув ҳам баланд руҳда, самимий ва ҳароратли ўтди. Сўзга чиққанлар ва тингловчилар қалбларини бир-бирига Ибройим оғанинг улуғворлиги, ўлмас шеърияти, танти шахсияти, тирик руҳи боғлаб турди, гўё. Гапирганлар ҳам, эшитганлар ҳам улғайди, уйғонди.

Элимизнинг ардоқли шоири Усмон Азим бахшиёна дил билан тўкилди, тўлиб-тошиб гапирди, тўлиқиб-қалқиб шеър ўқиди, балқиб шеър ўқиди.

— Бор гапни айтсам, йиғинларни унча яхши кўрмайман, — деди шоир. — Тўғриси, жуда кўп жойларда бироз ўтириб, чиқиб кетаман. Билмадим, Қорақалпоғистонда ундай бўлмаяпти. Ҳар бир даврада ўзгача яйраяпман. Ўзимга сиғмай кетяпман. Назаримда, ўз Бойсунимда юргандекман. Менинг қўнғиротлик аждодларимнинг бирортаси шу қутлуғ заминда яшагандек. Яна мени ҳайратга солгани бу ёшларнинг овозидаги, шеърларидаги оҳанг! Қайдан келяпти у? Бу қизларнинг қалбига ким солди бу шеър оҳангини?! Эшитиб, ҳузур қиляпман, барака топишсин. Иқболини берсин!

БУНЁДКОРЛИКЛАР АВЖИДА!

Дунёда дилларни дилларга ҳеч бир восита адабиёт сингари, санъат сингари вобаста этолмайди. Узоқ йиллар мобайнида Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа тумани Ўзбекистон адабиёти ва санъати аҳлининг севимли масканларидан бири бўлганини кўп шоиру ёзувчилар, санъаткорлар яхши билади. Чунки бу қадимий ва навқирон гўшада ёш ижодкорларнинг “Ақчакўл илҳомлари” семинари ва эл ардоғидаги бетакрор санъаткор Отажон Худойшукуров хотирасига бағишланган “Нафосат бўстоним менинг” фестивали бўлиб ўтарди.

Шу йилдан эътиборан, мазкур фестиваллар “Шеърият фестивали” ҳамда “Ёшлар овози” санъат байрами тарзида Бўзатовда ўтказиладиган ва икки халқнинг ёшлари орасидан иқтидорлиларини кашф этадиган улкан ҳаракатга айланади. Бунинг учун эса Бўзатов туманида ҳавасли ва ҳайратли бунёдкорлик ишлари амалга ошириляпти.

Нукусдан йўлга отланган ижодкор меҳмонларни Бўзатов тумани ҳокими Маҳмуд Қайпанов раҳбарлигидаги туман аҳли Бердақ боғида кутиб олди.

Ёш ижодкорлар бийрон-бийрон тили, ёқимли овози билан бизни ўз шеърларига мафтун этди.

Бердақ ҳайкали пойига гуллар қўйилгач, янги бунёд этилган улуғвор Ёшлар марказида аҳоли вакиллари ва ёшлар билан самимий учрашув бўлиб ўтди. Ёшлар марказида беш ташаббуснинг амалдаги ижобатини кўриб, кўзимиз қувонди. Ажабо, ёш истеъдодларни кашф этадиган ва уларни турли касб-ҳунарга ўргатадиган 15 та тўгарак фаолият юритяпти бу даргоҳда!

Бу ҳудудларни, овулларни айланиб шоҳиди бўлганимиз — айнан икки йилда амалга оширилган хайрли ишлар кўлами шу даражада улуғки, киши ҳайратга тушади. Замон талабларига жавоб берадиган ёзги ўйингоҳ, ёнида қад ростлаётган ва шу йил ноябрда фойдаланишга топширилиши режалаштирилаётган қишки спорт мажмуаси, “Шеърият фестивали”нинг якуний босқичи ўтган ёзги амфитеатр — барчаси бетакрор! Мавжуд 15 та умумтаълим мактабининг 9 таси икки йил ичида қайта таъмирланиб, зарур ўқув анжомлари билан таъминланибди. Қолганлари бу йил қайта чирой очиши айтилди.

Шунингдек, бешта мактабгача таълим ташкилоти қайтадан реконструкция қилингани ва 90 ўринли янги боғча бунёд этилгани бўзатовликларнинг кўксини тоғдек кўтариб юборгани рост. Бизга айтишларича, йил якунига қадар яна 120 ўринли боғча ишга тушади. Дарвоқе, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси томонидан 160 ўринли янги сиҳатгоҳ қурилиши бу йил бошланади. Буларнинг барчаси чўл бағрида бўй чўзган Бўзатовнинг бугуни ва келажаги учун қилинаётган эзгу саъй-ҳаракатлар инъикоси, албатта.

ШАРОИТ БЎЛСА, ЧЎЛ ҲАМ ГУЛИСТОН…

“Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш учун 2021 йилда давлат томонидан ажратилган 55 миллиард сўм маблағ, асосан, аҳолини тоза ичимлик сув ва табиий газ билан таъминлашга йўналтирилади, бу борада кенг кўламли ишлар бошлаб юборилган ҳам. Жумладан, сувни чучуклаштирувчи иккита янги катта станция қурилиб, тўртта мавжуд станция қайта таъмирланибди. Эркиндарё, Аспантой ва Кўксув овулларига сувни чучуклаштирувчи 3 та станция қуриб берилди. Туман ташкил бўлмасидан олдин ичимлик сув билан таъминлаш кўрсаткичи бор-йўғи 35 фоиз бўлса, ҳозир 61 фоизга етган.

Аҳолининг табиий газга бўлган эҳтиёжини қондириш бўйича қилинган ишлар ҳам таҳсинга лойиқ. Бу ерда қисқа вақт ичида қиймати беш миллиард сўмлик катта газ тақсимлагич станция қурилгани сўзимиз тасдиғидир. Станцияга 26 километр узоқликдан юқори босимдаги газ қувурлари тортилди ва натижада икки йил ичида 1200 хонадон табиий газ билан таъминланди.

Йил якунига қадар, насиб бўлса, яна 800 хонадонда табиий газ ёнади!

Аҳолини иш билан таъминлаш масаласи ҳам эътиборда. Туркия билан ҳамкорликда янги барпо этилган “Бўзтекс” қўшма корхонаси ана шу эзгу саъй-ҳаракатларнинг дебочаси. Бу ерда 150 хотин-қиз иш билан таъминланган. Қолаверса, ажойиб шарт-шароит яратилган. Бу меҳнаткашларнинг ишчанлик кайфияти юқори бўлишида муҳим. Қорақалпоқ аёллари ўз корхонасида пешана тери эвазига яратилаётган маҳсулотлар чет элларга экспорт қилинаётганидан, шу орқали жонажон Ватани ривожига улуш қўшаётганидан фахру ифтихорда.

Бўзатов туманида 21 600 дан зиёд аҳоли яшайди. Албатта, уларни доимий иш билан таъминлаш, яшаш шароитини янада яхшилаш муҳим масала. Юқорида айтганимиздек, туман аҳлининг аксарияти чорвачилик билан шуғулланади. Улар чорва боқишнинг ҳадисини олган, бу борада асрий тажрибаларга эга.

КУН САЙИН ОБОД ТУМАН…

Даштлар аро, тўқайлар ичра ўз ризқу насибасини териб егувчи жонзотлар бисёр. Бўзатов тўқайзорларига Яратган барака уруғини сочган, қорамоллар қишнинг қаҳратонида ҳам шу тўқайзорларда қолиб кетиши ва омон чиқишини эшитиб, ҳайратга тушдик. Аммо инсон инсондай яшаши учун шароит керак, имконият яратилиши жоиз. Бугун қорақалпоқ элида, Мўйноқу Бўзатовда бўлган ҳар бир ватандошимиз Президентимиз Шавкат Мирзиёев жонажон юртимизнинг бир парчаси бўлган Қорақалпоғистон тараққиёти, халқининг бахтли, саодатли, тўкин ҳаётидан рози яшаши учун ҳам барча имкониятларни ишга солаётганига, чексиз ғамхўрлик қилаётганига ишонч ҳосил қилади.

Буни амалда кўриш учун юқорида айтганимизни яна такрорлаймиз — Бўзатовга келинг! Овуллар оқсоқоли кафти дуога очилганда юз-кўзларидан ёғилаётган нурни кўринг, тилларидан тўкилаётган болни, шукрона эътирофни эшитинг. Айниқса, Бўзатов  ёшларининг ирмоқдай шарқираб, ёқутдай ярқираб, ўзига, истиқболига, Президентига комил ишонч билан айтаётган сўзларини ҳаётининг хуш садосига менгзасангиз арзийди.

Бийронлиги, билимдонлиги, китобхонлиги, шиддат-шижоати билан давлатимиз раҳбари назарига тушган, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори, 1-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Гулсанам Ўрозбоева, 13-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Гулферуз Сарибоева, ёш шоирлар Сайидназар Менглиев, Минора Холбоева каби ўнлаб истеъдодлар мана шу  Бўзатовнинг эртаси, Бўзатов бахтининг баҳорлари, дегимиз келади.

Бугун Бўзатов осмонида Тангри қуёши порлаб турибди. Бўзатовликлар қалбида эса кўҳна Жайҳуннинг шиддати шарқирайди.

Туман ҳокими эътирофича, улар 2020 йилнинг кўкламини, айниқса, Наврўз байрамини зўр шодиёна қилиб, катта тантаналар билан кутиб олмоқчи эдилар. Аммо пандемия панд берди. Шукрки, 2021 йилнинг баҳорини бахтларидан балқиб кутиб олишди. Ниятимиз шуки, Бўзатов аҳлига, улуғ қорақалпоқ элига баҳорий бахт ҳамиша эргашиб юрсин!

Чўл ичинда жон сақлаб,

Жон ичинда шон сақлаб,

Фарзандлик шаънин оқлаб,

Яшар бўзатовликлар.

Ёрқин дарё ёғдуси,

Янги замон кўзгуси.

Ушалиб хуш орзуси,

Яшар бўзатовликлар.

Осмонтойнинг оқшоми,

Туннинг тонгга саломи.

Кафтлари дуо жоми,

Яшар бўзатовликлар.

Довудкўл ётар порлаб,

Элни бағрига чорлаб.

Ўрдак овлаб, ғоз овлаб,

Яшар бўзатовликлар.

Қадрига қанот бўлиб,

Юрт мадҳи баёт бўлиб,

Кун сайин обод бўлиб,

Яшар бўзатовликлар,

Яшнар бўзатовликлар!

Маҳмуд ТОИР,

Ўзбекистон халқ шоири.

Тошкент – Нукус – Бўзатов – Тошкент

2021 йил