Коррупцияға қарши кураш борасидаги хорижий мамлакатлар тажрибаси


Сўнгги йилларда коррупция муаммоси дунё миқёсида чегара билмас жиноят сифатида халқаро ташкилотлар томонидан кенг муҳокама қилинмоқда.

Ҳаттоки, айрим сиёсатчилар томонидан коррупцияга инқирозни келтириб чиқарувчи омил сифатида таъриф берилади.

Албатта, коррупцияга қарши самарали курашда дунёнинг ривожланган мамлакатларининг тажрибасини ўрганиш ва миллий амалиётда қўллаш муҳим ўрин тутади.

Қуйида чет эл тажрибалари тўғрисида фикр юритамиз.

Улардан бири Нидерландия, яъни, бу мамлакат дунёда коррупция даражаси энг паст давлатлар қаторига киради.

Ушбу давлатда коррупцияга қарши кураш тизими қуйидагиларни ўз ичига олади. Коррупция ҳолати аниқланганда, коррупция ҳаракатларининг келиб чиқиш сабаблари муҳокама қилинади ва уларга қўлланган жазолар мунтазам эълон қилиб борилади. Ички ишлар вазирлиги ҳар йили коррупция ҳолатлари билан боғлиқ жиноятлар тўғрисида парламентга ҳисобот беради.

Мамлакатда коррупция ҳолатлари юзага келиши мумкин бўлган ҳудудларни ва у ерларда шахсларнинг ишчанлигини назорат қилиш тизими ишлаб чиқилган.

Коррупция ҳолатлари учун асосий жазо давлат ташкилотларида ишлаш ҳуқуқи ва барча ижтимоий имтиёзларнинг бекор қилиниши бўлиб ҳисобланади. Шунингдек, жарима ва  вазифасидан вақтинча четлатиш жазоси ҳам қўлланилади.

Сингапурда эса, коррупцияга қарши махсус орган мавжуд бўлиб, у коррупцияга қарши кураш бўйича тергов бюроси деб номланади.

Мазкур мустақил орган Сингапур иқтисодининг давлат ва хусусий  секторида коррупциянинг олди олинишини  ўрганади. Бундан ташқари, бюро ҳукумат мансабдорларининг мансабини суистеъмол қилиш ҳолатларини текшириб, тегишли органларга зарур чораларни кўриш учун хабар беради. Давлат томонидан бюрога давлат органлари фаолиятини ўрганиш ва коррупция ёки давлат мулкини талон-тарож этишга олиб келадиган ҳолатларни ўзгартиш юзасидан таклиф киритиш ҳуқуқи берилган.

Сингапур давлатининг коррупцияга қарши кураш тизимининг асосий ғояси «инсонни коррупцияга ­чорловчи ҳолатларни тугатиш»дан иборат.

Таққослаш мақсадида  Германия федерал Республикасининг коррупцияга қарши кураш бўйича сиёсатини олиб қарайдиган бўлсак, бунда давлат хизматчилари учун қатъий тартиб-қоидалар ва бир қанча чекловлар белгилаб қўйилган.

Жумладан, давлат хизматчилари иш давомида холис хизмат қилиши ва ўзи билган маълумот ва ҳақиқатларни сир сақлаши талаб қилинади, тегишли  тартибда рухсат олмасдан судда баёнот бериш ёки гувоҳлик бериш ҳуқуқи  чекланган. Ўз вазифасини бажариш режимини бузган деб топилган давлат хизматчиси Федерал интизомий ҳуқуқ тўғрисидаги  қоидаларга мувофиқ жиноий жавобгарликка тортилиши шарт деб белгиланган.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, бугунги кунда коррупцияга қарши кураш ҳар бир мамлакат сиёсатининг асосий вазифаларидан биридир. Коррупцияга қарши  муваффақиятли кураш тизимини яратиш, бу борада  кенг кўламли халқаро шерикликни йўлга қўйиш, чет давлатларнинг самарали тажрибасини ўрганиш ва уларни таҳлил қилган ҳолда ижобий томонларини миллий қонунчилик  ҳамда амалиётга тўғри тадбиқ қилиш талаб қилинади.

Б.Калбаев,

Беруний туман адлия бўлимининг етакчи мутахассиси.