САПЁР ХОТИРАЛАРИДАГИ ТАРИХ


Фашизм устидан Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк ғалабага тўрткўллик ватанпарвар, фидойи аждодларимизнинг қўшган ҳиссаси ҳақида қанчалик кўп баён қилсак ҳам камдек. Чунки, ҳозирги тинчлигимиз учун уларнинг фидойилик ила жангоҳларда кечган кунлари унутилмас тарих. Ана шундай фидойи инсонлардан бири 1923 йилда Тўрткўл туманида туғилган Рўзимбой Атаджановдир.

Қаҳрамонимизнинг илк жангга кирган даври 1943 йил Смоленск шаҳридан бошланади. Яъни Рўзимбой Атаджанов кўнгилли тарзда фронтга отланади ва 3-Белоруссия фронтининг 215-Смоленск ўқчилар дивизиясига қарашли 386-алоҳида сапёрлар батальони разведка гуруҳига қўшилади. Ушбу дивизияда  Мўйноқ туманидан Жуманазар ­оипов, Хива туманидан Махмуд Нурниязов, Шовот туманидан Қурияз Раҳимовлар ҳам у билан биргаликда жанг қилганлар.

Р.Атаджановнинг жанговар йўли Смоленск шаҳридан Кенгсберг шаҳригача давом этади. У ўзининг хотираларида шундай воқеаларни баён қилган: “Мен сапёр эдим, ҳаётимиз ўта таҳликали эди. Сабаби сапёр ҳаётда бир марта янглишади деган ибора бор. 1944 йил ёзида Витебск районида Березина дарёсидан қўшинларимизни олиб ўтиш учун йўл очишимиз зарур эди. Яъни дарё бўйини минадан тозалаш ва қисқа муддатда кўприк қуриш ишларини бажардик. Бу топшириқни бажаришда ватандошим мўйноқлик Жуманазар Ғоипов билан жонбозлик кўрсатдик. Бунинг учун учинчи даражали “Слава” («Шуҳрат») ордени билан мукофотландим.

1945 йил январь ойида Шешуна дарёсидан қўшинларимиз ўтишига йўл очиб берганимиз учун “Қизил юлдуз” ордени, 1945 йил март ойида Кенгсберг шаҳри остонасида душман истеҳкомининг орқа томонига ўтиб олиш учун миналардан тозалашда кўрсатган фидойилигимиз учун иккинчи даражали “Слава” («Шуҳрат») орденлари билан тақдирландим. Лекин ушбу операцияда яқин ўртоғим москвалик Григорий Кубишин минани зарарсизлантириш пайтида кўз олдимда ҳалок бўлди. Унинг белидаги 2 та граната ҳам портлаб, танасидан фақат 2 та оёғи қолган эди. Бу воқеаларни эслаш жудаям оғир. 1945 йил 14-март куни ўнг қўлимдан ярадор бўлдим ва Каунас шаҳрида госпиталда 6 ой ётдим, сўнгра яна сафга қайтдим. 1945 йил декабрь ойида эса уйга келдим”.

Рўзимбой Атаджанов урушдан кейин ўқитувчи, туман касаба уюшмаси раиси, туман қурилиш бўлимида иқтисодчи каби лавозимларда ишлади. 5 нафар ўғил, 3 нафар қизни умр йўлдоши Робияхон опа Тожибоева билан биргаликда тарбиялаб вояга етказдилар. Рўзимбой Атаджанов 1991 йил 31 август куни вафот этди.

“Инсон-азиз, хотира-муқаддас”.

9 май — Хотира ва ­қадрлаш куни муносабати билан яқинда Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси, Миллий гвардия, туман халқ таълими бўлими ҳамда тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Рўзимбой Атаджанов хонадонига ташриф ­буюрилиб бешавқат уруш даври хотиралари ёдга олинди.

Ватан ва келажак авлод учун қаҳрамонлик кўрсатган аждодларимиз олдида ҳамиша таъзимдамиз!

Ж.СЕТТИЕВ, Маънавият ва маърифат маркази Тўрткўл туман бўлинмаси раҳбари.