Ўзбек тилига давлат тили мақоми 1989 йил 21 октябрь куни берилди. Халқнинг ватани, давлати каби яна бир буюк, эҳтимолки, бирламчи бойлиги бор. Бу – унинг она тили. Тил ҳар бир миллатнинг улкан бойлиги, беназир қадрияти ва бебаҳо мулки ҳисобланади. Ҳар бир халқ ўзи ҳурмат ва эҳтиром қиладиган она тилига эга. Айнан тил одамлар гуруҳини бир миллат сифатида бириктиради, яъни халқни халқ, миллатни миллат қилади. Тилда ана шу тилнинг ижодкори бўлган халқнинг тафаккур тарзи, тарихи ва маданияти акс этади. Айни замонда, тил ижтимоий тараққиётда улуғвор аҳамият касб этади. Шунингдек, тил ҳар бир миллат ўзлигининг ажралмас белгиси ҳамдир.
Улуғ мутафаккир шоир Алишер Навоийнинг ўзбек халқи маънавий дунёси, тилининг шаклланиши ва тараққиётида хизматлари беқиёс. Навоийнинг асарлари орқали она тилимизнинг туганмас хазинаси юзага чиқди, бу орқали она тилимизга бўлган меҳр-муҳаббатимиз ошди. Ўзбекистон Республикасида давлат тили сифатида ўзбек тили кўрсатилган бўлса-да, бошқа миллатларнинг тили ва урф-одатлари ҳам ҳурмат қилинади. Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганидек, ўз тилини ҳурмат қилган бошқаларнинг она тилига ҳам чуқур ҳурмат билан қарайди.
Қорақалпоғистон Республикасида давлат тили ўзбек ва қорақалпоқ тиллари ҳисобланади. Тил инсонларнинг ўзаро алоқа воситаси бўлиб, яратувчининг инсонга берган бебаҳо неъматидир. Бир миллатни бошқасидан ажратиб турувчи асосий белгилардан бири ҳам тилдир. Дунёда ҳар бир халқнинг ўз тили унинг бебаҳо бойлиги, ифтихори, нажоти ҳисобланади. Миллат бор экан, унинг тили ҳам яшайди, тили яшар экан у миллат бошқа миллатлар орасида ўз нуфузи, обрўсига эга бўлади. Ҳар бир халққа ўз тили азиз ва ардоқли. Тил байрами инсонни она тилига ва ўз халқига бўлган меҳр-муҳаббатини жўш урдирувчи бетакрор байрамдир. Тил байрами шунингдек, халқлар ўртасида ўзаро тотувлик ва дўстлик ришталарини мустаҳкамловчи муҳим омилдир.
Доно аждодларимиздан бизга мерос сифатида тил ҳақида кўпгина ҳикматли сўзлар етиб келган: «Она тилим — жону дилим», «Тилга эътибор — элга эътибор», «Тил — миллат кўзгуси» кабилар шулар жумласидан. Она тили ҳар бир инсоннинг тақдири, ўтмиши ва келажагида ҳал қилувчи рол ўйнайди. Она тилидан айрилишни ўлимга менгзайдилар. Чиндан шундай. Бугун дунёдаги кам сонли халқлар ҳам ўз она тили учун курашмоқда. Унинг яшаб қолишини таъминлаш учун бор имкониятини сарфламоқда. Шундай экан, биз – шонли тарих, улуғ алломаларига эга бўлган ўз давлат тилимизни қадрлаш, уни ривожлантириш, нуфузини оширишдек савобли ва хайрли ишларда ҳамиша фаол бўлишимиз лозим.
Давлат тилини ривожлантириш фақат шу соҳа вакилларининг иши эмас, балки мана шу заминда яшаб, шу юртнинг чангини ютиб, сувини ичиб, тузини тотиб яшаётган ҳар бир инсоннинг вазифаси ҳисобланади. Оддий ишчи бўлайлик ёки тадбиркор, қайси соҳа вакили бўлишимиздан қатъий назар, давлат тилининг ривожи учун ҳисса қўшишимиз шарт. Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан барча иш ўринларда давлат тилининг тўғри қўлланиши ва давлат тили ривожланишига ўз ҳиссасини қўшувчи маслаҳатчи лавозимининг жорий қилиниши ҳам давлат тилига бўлган ҳурмат ва эътиборнинг яна бир далилидир. Бундай лавозимларнинг жорий қилинишига сабаб сўнгги йилларда ташқи ёзувлар ва иш ҳужжатларининг ёзилиши давлат тили меъёрларидан чиқиб кетиши бўлди. Ҳақиқатдан ҳам, бугун бино ва иморатларимиз юзидаги пешлавҳаларга боқсак, она тилимизга қанчалар бефарқ эканлигимизни англаймиз. Уларни тартибга келтириш учун бугун қанча маслаҳатчилар жойларда иш олиб бориб, тадбиркорларга, аҳолига пешлавҳалар, ахборот матнлари ва эълонларни тартибга келтириш борасида тавсиялар, амалий ёрдамлар бермоқда. Таассуфки, айрим юртдошларимиз ушбу жиддий масалага бефарқ қарамоқдалар. Гўёки, бу ишларга уларнинг алоқаси йўқдек. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозим, кўплаб юртдошларимизга, раҳбар ходимларга, тадбиркорларга, ўз ёрдамини аямай сидқидилдан ёрдам бераётган ўзбек тили ва қорақалпоқ тили фан ўқитувчиларига миннатдорлик билдириш лозим. Уларга давлат тили борасидаги илк тавсиянинг ўзиёқ етарли бўлиб, ўзига тегишли бино, дўкон, савдо шохобчасининг пешонасига давлат тилида битилган чиройли матнларни жойлаштирмоқдалар.
Хулоса қилиб айтганда, ўзбек тили ва маданияти жаҳон цивилизациясида янада равнақ топиб, унинг пурмаънолиги, жозибадорлиги, талаффузи мусиқадай жарангдорлиги билан жаҳон аҳлини ўзига ром қила олади, халқаро тил даражасига кўтарилади ва дунё халқлари бу тилни севиб ўрганиб, самимий ҳурмат қиладилар. Ҳар бир инсон ўз атрофида рўй бераётган ислоҳотлар, янгиланишлар ва бунёдкорликларга юксак фаҳм-фаросат, теран ақл-идрок, зукко назар-эътибор билан муносабатда бўлмас, хулоса чиқармас экан, ҳаттоки донишмандлар ҳам унинг онг-у тафаккурида эзгулик, маънавият ва маърифат чироғини ёқа олмайди.
Раъно Айбергенова,
Қўнғирот тумани ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси.



