Тил — миллатнинг бебаҳо бойлиги. Чунки, тил орқали ҳар қандай миллат ёки халқ ўзига хос миллий хусусиятларига эга бўлади, иккинчидан, миллий тили орқали бошқа халқлардан ажралиб туради. Асрлар давомида авлоддан авлодга ота-боболаридан мерос бўлиб келган ўз она тилида сўзлаш, фикр алмашиш, эркин муносабатда бўлиш ҳар қандай инсон учун бахтдир. Тил — маънавий бойлигимиз, шундай экан “Тил сақланса, эл сақланади”, “Она тилини йўқотган халқ ўзлигини ҳам йўқотади”, деган иборалар замирида қанчадан қанча чуқур маъно, ҳикмат бор.
1989 йил 1 декабрда қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилди. Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси ва “Давлат тили тўғрисида”ги Қонунда “Қорақалпоқ тили ва ўзбек тили Қорақалпоғистон Республикасининг давлат тилларидир”, деб мустаҳкамланган.
Тил эркинлиги тилимизнинг келгусида ривожланиб, такомиллашиб, бойиб боришини таъминлаб берди. Қонун қабул қилинган вақтдан буён мутахассислар, тилчи олимлар томонидан тилимизни ривожлантириш бўйича кўп ишлар амалга оширилди. Қонуннинг қабул қилиниши она тилимизнинг тобора бойиб, такомиллашишида муҳим аҳамият касб этди.
Жорий йилда Қорақалпоғистон Республикасининг Давлат тили тўғрисидаги Қонуни қабул қилинганига 32 йил тўлмоқда. Шу йиллар ичида қанча ёзувчи ва шоирлар она тилини мадҳ этишди. Гўзал бадиий асарлар битди. Шу ўринда халқ шоири И.Юсуповнинг “Ана тилиме” шеърини келтириб ўтсак. Ўз она тилига меҳр-муҳаббати кучли бўлган шоир юрак амри ва юксак истеъдоди билан мазкур сатрларни битган:
Таллар сенше гүўилдескенин көрдим,
Сеннен шөл самалы ескенин көрдим,
Қара үйде Пушкин менен Бердақтың,
Қарақалпақша сәўбетлескенин көрдим.
Ушбу сатрларда шоир маҳорати шундаки, у ҳатто рус шоири Пушкинни ҳам қорақалпоқча сўзлата олган. Шундай экан, шоир таъкидлаганидек, бошқа халқларни ҳам қорақалпоқча сўзлата олишимиз, ёхуд улар қорақалпоқ тили ҳақида маълумотга эга бўлишлари учун ҳаракат қилишимиз лозим.
Бунинг учун қорақалпоқ тили бўйича кўргазмали қуроллар ишлаб чиқиш, рақамли дарсликларни йўлга қўйиш, интернет тармоғида қорақалпоқ тили бўйича материалларни жойлаштириш каби масалаларга эътибор қаратиш зарур. Шундагина дунё мамлакатлари халқлари қорақалпоқ тили ҳақида маълумотга эга бўлишади. Биз она тилимиз бўлган қорақалпоқ тилини кўз қорачиғимиздек асраб-авайлашимиз керак.
Қорақалпоқ халқининг тарихига назар солсак, кўпгина қийин қистовли кунларни бошидан кечирган. Шундай бўлса ҳам ўз она тилини авайлаб, сақлаб келган. Бу ҳақида шоир И.Юсупов “Ана тилиме” шеърида:
Сонша қатал сүргинлерде жоғалмай,
Бул күнлерге жеткениңе қайылман
— деб ўз она тилига таҳсин айтади.
Таниқли ёзувчи ва шоир М.Низанов ўз она тилидан хавотирланиб, жонкуяр халқ фарзанди сифатида қуйидаги сатрларни ёзган:
Мен қорқып жасайман ана тилимнен,
Жоғалтып аламан-аў мына түримнен.
Чиндан ҳам М.Низановнинг хавотирланишида асос бор. Ҳозирги вақтда кўчалардаги, бозорлардаги пешлавҳаларга эътибор берсак кўпгина хатоликларга йўл қўйилганининг гувоҳи бўламиз.
Шунингдек, тўйхона, кафе, ресторан, болалар боғчаси ва бошқа айрим муассасалар атамалари ҳам чет тилида номланган. Шу боис, уларга қорақалпоқча атама қўйилса нур устига аъло нур бўларди. “Тўй – аллоҳнинг хазинаси”, деганларидек тўйларга кўп одамлар боради. Балки, чет эллик меҳмонлар ҳам ташриф буюриши мумкин. Шу боис, ҳаттоки тўйхонанинг атамасиёқ ўзлигимиз, миллийлигимиз рамзи сифатида акс эттирилса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бу менинг тилшунос сифатидаги фикр-мулоҳазаларимдир.
Тилнинг софлигини сақлаш, уни тоза ва соф ҳолида келажак авлодларга етказиш бу нафақат тилчи олимлар, балки, бутун жамият олдида турган муҳим ва долзарб вазифадир. Бунинг учун барча бирдек ҳаракат қилишимиз лозим.
Мамбеткерим Қудайбергенов,
ҚДУ Қорақалпоқ филологияси ва журналистика факультети. Тил билими кафедраси раҳбари, профессор.
Замира Бекбосинова,
магистрант.



