Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, кенг қамровли бунёдкорлик ишлари, ҳар бир соҳадаги ўзгариш ва янгиланишлар одамларимизнинг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси чин маънода халқ Конституцияси сифатида юртдошларимиз томонидан эътироф этилмоқда.
Маълумки, Конституциявий қонун лойиҳаси билан амалдаги Конституцияга 27 та янги модда киритилмоқда, моддалар сони 128 тадан 155 тага ошмоқда, Конституциямизнинг амалдаги 275 та нормаси 434 тага кўпаймоқда, яъни амалдаги Конституциямиз 65 фоизга янгиланмоқда.
Таъкидлаш жоизки, янги таҳрирдаги Конституциянинг 44-моддасида: “Болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, аҳлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланади”, деб келтирилади.
Дарҳақиқат, меҳнатга оид халқаро ҳужжатлар ва миллий қонунчиликда болалар меҳнатининг оғир шакллари ёки уларнинг мажбурий меҳнати қатъий таъқиқланган. Давлатимиз раҳбарининг одилона сиёсати туфайли бугун мамлакатимизда болаларнинг мажбурий меҳнати тўлиқ барҳам топди.
Янги таҳрирдаги Конституциямизга киритилаётган мазкур норма болалар меҳнатининг оғир шаклларидан ҳимоя қилиш, уларни соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишишлари учун муҳим ҳуқуқий кафолат бўлиб хизмат қилади.
Янги Конституциянинг 21-моддасига кўра, ҳеч кимга унинг розилигисиз қонунчиликда белгиланмаган мажбурият юклатилиши мумкин эмас.
Конституция ва қонунларда бизнинг зиммамизга фуқаро, инсон, ота-она, фарзанд ёки муайян касб эгаси сифатида бир қатор мажбуриятлар юклатилган. Жумладан, қонунларга риоя этиш, бошқаларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, ота-онани боқиш ва фарзандларни тарбиялаш, табиий муҳит ва тарихий ёдгорликларни асраш, солиқларни тўлаш, Ватанни ҳимоя қилиш ва бошқалардир.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда фуқаролар учун муносиб турмуш ва меҳнат шароитларини яратиш мамлакатимиз олдида турган устувор вазифалардан биридир. Янги таҳрирдаги Конституциянинг 42–моддасига асосан, “Ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга” деб белгиланмоқда.
Амалга оширилган меҳнат фаолияти учун муносиб ҳақ олиш ҳар бир ходим учун муҳим аҳамиятга эга. Бу масалада, авваламбор, адолат мезонига қатъий амал қилиш лозим. Янги таҳрирдаги Конституциямизга киритилаётган мазкур норма орқали айнан шундай мезонлар ўрнатилаётганлиги аҳамиятлидир.
Янги таҳрирдаги Конституциянинг 58-моддасига асосан, “Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайди”.
Жамият ва давлат ҳаётида хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги, шунингдек, хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг муҳим йўналишларидан биридир.
Жамият ва давлат ишларини бошқаришда гендер тенгликнинг таъминланиши хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, қонунлар ва турли қарорлар қабул қилинишида иштирокини янада кенгайтириш имкониятини беради. Бундан ташқари, гендер тенглик таълим олиш, меҳнат қилиш, тадбиркорлик, ижод қилиш, маданият соҳаларида ҳам таъминланиши хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини оширади.
Мухтасар айтганда, янги Конституция бугунги кун талаби бўлиши билан бирга халқимизнинг фаровон ҳаётига замин яратади.
Елена Собирова,
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги Давлат хизматлари маркази ва ФҲДЁ органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бош маслаҳатчиси.



