МУДДАТИДАН ОЛДИН ОВОЗ БЕРИШДИ


Сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган овоз берувчи фуқаролар муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга. Сайлов участкасида муддатидан олдин овоз бериш вақти иш кунлари соат 9:00 дан 18:00 га қадар олиб борилса, дам олиш ва байрам кунлари соат 11:00 дан 17:00 га қадар амалга оширилади.

Нукус шаҳридаги 28-сайлов участкасида 2165 нафар фуқаро овоз бериши учун барча шарт-шароит яратилган. Бу участкада 28 нафар ёшлар биринчи марта овоз беради. Юсуповлар оиласи ёзги таътилга чиқиши муносабати билан муддатидан олдин овоз бериш учун сайлов участкасига келди.

— Биз 9 июль — сайлов куни оила аъзоларимиз билан дам олишда бўламиз, — дейди Султанбек Юсупов. — Шунинг учун бугун турмуш ўртоғим билан бирга сайлов участкасига келиб, муддатидан олдин овоз бердик.

Нукус шаҳри Чимбой чойхона маҳалласидаги 12-сайлов участкасида эса жами 2641 сайловчи рўйхатга олинган.

Улардан 22 нафар фуқаро сайловда илк бор ўз танлови билан иштирок этади.

— Сайлов участкасида барча шарт-шароит яратилган экан. Ёз мавсуми бўлгани боис, кимдир дам олишга, кимдир хизмат сафарига кетади, — дейди Мариника Бабаназарова. — Мен ҳам хизмат сафарига кетишим сабабли ўзим танлаган номзодга муддатидан олдин овоз бердим.

Маълумот учун айтиш жоиз, 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссияси ҳудудида 654 та сайлов участ­каси тузилган бўлиб, мазкур сайлов участкаларига эл ичида обрўга эга бўлган 6266 нафар комиссия аъзоси тасдиқланган. Уларнинг 50,9 фоизи хотин-қизлар. Комиссия аъзолари қорақалпоқ, ўзбек, рус, туркман ва бошқа миллат вакилларини ташкил этади.

М.ҚУТЛИМУРАТОВ.