Сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган овоз берувчи фуқаролар муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга. Сайлов участкасида муддатидан олдин овоз бериш вақти иш кунлари соат 9:00 дан 18:00 га қадар олиб борилса, дам олиш ва байрам кунлари соат 11:00 дан 17:00 га қадар амалга оширилади.
Нукус шаҳридаги 28-сайлов участкасида 2165 нафар фуқаро овоз бериши учун барча шарт-шароит яратилган. Бу участкада 28 нафар ёшлар биринчи марта овоз беради. Юсуповлар оиласи ёзги таътилга чиқиши муносабати билан муддатидан олдин овоз бериш учун сайлов участкасига келди.
— Биз 9 июль — сайлов куни оила аъзоларимиз билан дам олишда бўламиз, — дейди Султанбек Юсупов. — Шунинг учун бугун турмуш ўртоғим билан бирга сайлов участкасига келиб, муддатидан олдин овоз бердик.
Нукус шаҳри Чимбой чойхона маҳалласидаги 12-сайлов участкасида эса жами 2641 сайловчи рўйхатга олинган.
Улардан 22 нафар фуқаро сайловда илк бор ўз танлови билан иштирок этади.
— Сайлов участкасида барча шарт-шароит яратилган экан. Ёз мавсуми бўлгани боис, кимдир дам олишга, кимдир хизмат сафарига кетади, — дейди Мариника Бабаназарова. — Мен ҳам хизмат сафарига кетишим сабабли ўзим танлаган номзодга муддатидан олдин овоз бердим.
Маълумот учун айтиш жоиз, 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссияси ҳудудида 654 та сайлов участкаси тузилган бўлиб, мазкур сайлов участкаларига эл ичида обрўга эга бўлган 6266 нафар комиссия аъзоси тасдиқланган. Уларнинг 50,9 фоизи хотин-қизлар. Комиссия аъзолари қорақалпоқ, ўзбек, рус, туркман ва бошқа миллат вакилларини ташкил этади.
М.ҚУТЛИМУРАТОВ.



