Ўзбекистон Республикасидаги тиббиёт соҳаси ходимларининг устози, оқсоқоли, дунёга машҳур жарроҳ, тиббиёт фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Фанлар Академияси академиги Шавкат Ибрагимович Каримов 80 ёшни қаршилади.
Юбилей муносабати билан маросимда иштирок этиш қорақалпоғистонлик икки жарроҳга – мен ва берунийлик дўстим Бозорбой Оразалиевга насиб этди.
Ш.Каримов 1966 йили Тошкент тиббиёт институтининг даволаш факультетини тамомлаб, Янгиер шаҳар шифохонасида оддий жарроҳ, кейинчалик бўлим раҳбари лавозимида ишлаган. 1969 йили ўзи ўқиган Тошкент тиббиёт институти факультатив хирургия кафедрасида стажёр-тадқиқотчи, ассистент ва доцент лавозимларида фаолият юритган. Ёш олим Шавкат Каримов ўзининг ташаббускорлиги, тиришқоқлиги ва илмга чанқоқлиги билан, ҳамкасбларидан ажралиб турган. Олиб борган илмий изланишлари натижасида 1971 йилда тиббиёт фанлари номзоди илмий даражасини олишга сазовор бўлган.
Ш.Каримов ўша даврда ўзининг ҳурматли устози, академик Уктам Арипов бошчилигида ихтисослаштирилган бўлимларни ташкил қилишда фаол иштирок этган. Жумладан буйрак трансплантацияси (кўчириш)-мураккаб жарроҳлик амалиётини биринчи бўлиб амалга оширишга эришган.
Шу йиллари қон-томир жарроҳлиги ривожлана бошланган эди. Унинг бошчилигида биринчи маротаба катта қон-томирни реконструктив (янгидан тиклаш ва улаш) жарроҳлик амалиётини бажаришга муваффақ бўлинди. Бу мураккаб соҳани янада кенг ривожлантириш ва янги жарроҳлик амалиётини клиникада бажариш мақсадида Ш.Каримов 1974-1977 йилларда Москвадаги академик А.Н.Бакулев номидаги юрак, қон-томир жарроҳлик марказида таълим олган. Шу йиллари унга академик А.В.Покровский раҳбарлик қилган. 1981 йил Москвада академик А.В.Покровскийнинг илмий раҳбарлигида «Қорин аортаси окклюзиялари диагностикаси ва уларни жарроҳлик йўли билан даволаш» мавзусидаги докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Педагогик маҳорати ошиб, талабалар ҳурматига сазовор бўлган Шавкат Каримов 1982-1985 йилларда Тошкент тиббиёт институтининг даволаш факультети декани лавозимига сайланган. 1979-2012 йиллар давомида факультатив ва госпитал жарроҳлик кафедраси мудири сифатида 33 йилдан ортиқ фаолият юритди.
Бу давр мобайнида жигар, меъда-ичак, қон-томир, кўкрак қафаси, шошилинч жарроҳлик, рентгеноэндоваскуляр жарроҳлик ва ангионеврология жарроҳлик бўлимларини ўзида жамлаган катта клиник базани яратди.
Шавкат Ибрагимовичнинг ташкилотчилик қобилияти ва маҳорати йилдан йилга ошиб бораётгани эътиборга олиниб, 1989-1991 йилларда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари, кейинчалик 1991-1998 йилларда Соғлиқни сақлаш вазири лавозимида ишлади. Шу даврда ташкилотчи, ҳукумат аъзоси ва давлат арбоби сифатида катта обрўга эришди. Унинг раҳбарлигида тиббиёт тизимида янги ўзгаришлар, халқимиз талаб-эҳтиёжига мос шифохоналар, янги илмий-амалий марказлар ташкил қилинди ва шунга асосланиб замонавий диагностик тиббий техникалар олиб келинди ва ишга туширилди.
Академик Шавкат Ибрагимович Каримов бошчилигида Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимида биринчи маротаба янгилик жорий этилди – қишлоқ аҳолисига тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш учун замонавий қишлоқ шифокорлик пунктлари ва туманларда оилавий поликлиникалар ташкил этилди, унинг структураси тасдиқланиб, ёш шифокорлар ишга қабул қилинди, янги иморатлар бўй тиклади ва янги тиббий техникалар билан жиҳозланди.
Етук олим ва педагог Ш.Каримов 2004-2016 йилларда Тошкент давлат 2-сонли тиббиёт институти ректори, кейин эса Тошкент тиббиёт академияси ректори лавозимларида муваффақиятли ишлади. Академиянинг нуфузи Европа, Осиё ва Америка давлатларигача ошиб борди. Ушбу мамлакатларнинг тиббиёт соҳасида эришган ютуқларини Ўзбекистон Республикаси тиббиёт клиникаларида татбиқ этишга муваффақ бўлди.
Машҳур профессор Ш.Каримов раҳбарлигида йирик, салоҳияти юқори жарроҳлик мактаби яратилиб, шифокорлар Россия, Европа ва Осиё мамлакатларида малакасини ошириб, тиббиёт соҳасининг қобилиятли мутахассислари бўлиб етишиб чиқди ва халқимизга хизмат қилиб келмоқда.
Ўзбекистон халқи орасида кенг тарқалган жигар кассаликларига ташхис қўйиш ва даволашни амалга ошириш Шавкат Ибрагимовичнинг яна бир орзуси бўлди. Жумладан, жигар циррозини жарроҳлик усули билан даволашни амалга оширишда, янги технологияларни ишлаб чиқди ва концепция яратишга муваффақ бўлди. Шу боис, устозимиз Халқаро жигар шифокорлари Ассоциациясининг фахрий аъзолигига сайланди ва машҳур жарроҳ професоор А.В.Вишневский номидаги нуфузли медаль билан тақдирланди.
Ш.Каримов кўп қиррали жарроҳ. Сўнгги, 20-йил ичида бош мия инсультининг халқимиз орасида кўпайиши устозимизни ташвишга солди. Ушбу катта муаммо устида илмий ва амалий изланишларни тиббиётга татбиқ этиш, беморларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, ногиронликни камайтиришдек долзарб масалаларни ҳал этишга ўз билими, куч-ғайратини сарфлаб келмоқда.
Ишемик инсульт келиб чиқишининг асосий сабаби, бу бўйиндаги уйқу артериясининг торайиши ва шунинг сабабидан бош мияда қон айланишининг бузилиши, тромбларнинг пайдо бўлиши ва ишемик инсультга олиб келиши мумкин деган хулоса келиб чиқади. Шундай беморларни ишемик инсульт бўлмасдан олдин уйқу артериясида жарроҳлик усулидан фойдаланиб, қон-томир ичидаги атеросклеротик тугунлар олиб ташланади, ёки реконструктив операциялар бажарилади.
Шу каби долзарб муоммони ечиш, кадрларни тайёрлаш, махсус тиббий техникалар билан таъминлашдек муҳим ишларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан республика ихтисослашган илмий-амалий ангионеврология хирургия маркази ташкил этилди ва унинг директори лавозимида академик Ш.И.Каримов фаолият кўрсатиб келмоқда. Унинг бевосита саъй ҳаракатлари билан марказнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, беморларга қулайликлар яратиш ва юқори малакали илмий-амалий жарроҳ кадрлар билан таъминлашдек ишларни бажариб келмоқда. Ушбу марказнинг филиаллари барча вилоятларда ва Қорақалпоғистон Республикасида ташкиллаштирилган ва клиник базаларда мураккаб жарроҳлик амалиётлари Ш.Каримовнинг иштирокида бажарилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикасида илм-фанни ривожлантириш ва жарроҳлик соҳасидаги янги технологияларни амалга татбиқ этиш мақсадида Ш.Каримов 1996 йили Вазирликнинг буйруғи билан Нукусда академик В.Воҳидов номидаги жарроҳлик илмий-амалий маркази филиалини ташкил қилди ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келди.
Илм-фан, амалий ва педагогик фаолияти билан мамлакатимиз тараққиётига қўшган муносиб ҳиссалари инобатга олиниб, Ш.Каримов 1993 йили Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби унвони ҳамда «Фидокорона хизматлари учун» ва «Дўстлик» орденлари билан тақдирланган. 1995 йилда олим Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг академиги этиб сайланди. Унинг Халқаро майдонда, жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссаси учун 2001 йили Россия фанлар академиясининг академиги, буюк жарроҳ Н.И.Пирогов номидаги нуфузли олтин медаль билан тақдирланди ва Америка Халқаро фанлар академиясининг фахрий академиги унвонини олишга эришди.
Академик Ш.Каримов – 800 дан ортиқ илмий ишланмалар муаллифи, жумладан 32 монография, 7 дарслик 40 методик қўлланма, 50 дан ортиқ ихтиролар муаллифидир. Устоз раҳбарлигида 27 нафар тиббиёт фанлари доктори ва 64 нафар фан номзодлари етишиб чиққан.
Машҳур олим кўпгина нуфузли илмий журналларнинг таҳрир ҳайъати аъзоси саналади.
80 ёшида ҳам оқ халати эгнидан тушмаган, устознинг «фақат олдинга», шиори биз шогирдлари учун ҳаёт қонуни бўлиб қолмоқда.
Ш.Каримов кўплаб республика ва Халқаро илмий анжуман, симпозиум ва конгресслар иштирокчиси сифатида мамлакатимизда хирургия соҳасида эришилган ютуқларни тарғиб қилиб келмоқда.
Айниқса, кейинги йилларда Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда олиб борилаётган тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар эътирофга лойиқ албатта.
Устозим, академик Шавкат Ибрагимович ушбу қутлуғ кунларда Сизга сиҳат-саломатлик, оилангизга файзу-барака, фарзандлар билан узоқ йиллар соғ ва омон яшашингизни тилаймиз.
Мэлс ҚАБУЛОВ,
Тиббиёт фанлари доктори, профессор,
Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби,
Қорақалпоғистон тиббиёт институти трансплантология хирургия ва онкология кафедраси профессори.



