УСТЮРТ ҚЎЙНИДАГИ ЖАВОҲИР ёки Қорақалпоғистонда рўй бераётган янги давр мўъжизалари


УСТЮРТ ҚЎЙНИДАГИ ЖАВОҲИР

ёки Қорақалпоғистонда рўй бераётган янги давр мўъжизалари

Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз икки йиллик шодиёналари яқинлашар экан, истиқлол халқимизга энг буюк неъматлар — эрк, ҳуррият, тинч ва фаровон ҳаёт бергани кўнгилдан ўтади. Айниқса, кейинги беш-олти йил Қорақалпоғистон Республикасида бутунлай янги ҳаёт қуриш даври бўлди, десак, асло муболаға эмас.

Бундан етти йил илгари Қорақалпоғистоннинг наинки туман ва овуллари, балки шаҳарлари қиёфаси ҳам ўтган асрнинг 80-йиллари манзарасини эслатарди. Қуриётган Орол денгизи ортидан экология бузилишининг хавотирли даражага етиши, қум ва туз бўронларининг муттасил равишда тарқалиши, ишсизлик муаммолари одамларнинг белини букиб қўйганди.

Давлатимиз раҳбари даставвал Қорақалпоғистонга келганида бу ердаги ачинарли аҳволни кўриб, минтақада экологик хатарларга барҳам бериш, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш борасида кескин ва шижоатли қарор қабул қилди. Ўзбекистон бўйича барча вилоят раҳбарлари, ташкилотлари ана шу эзгу ишга жалб этилди. Натижада бу ҳудудда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари туфайли туман ва овуллар, шаҳарлар қиёфаси тубдан ўзгарди. Барча соҳада туб ўзгаришлар, янгиланишлар қилинди, кўплаб иш ўринлари яратилди. Ёшлар сиёсати асосий ўринга қўйилди. Нукус шаҳри, Мўйноқ шаҳарчаси қайтадан чирой очди.

Президентимиз томонидан ана шу эзгу тамойилга асосланган туб ислоҳотлар Қорақалпоғистоннинг ҳар бир шаҳар ва тумани, қишлоқ ва овули, ҳар бир хонадонига кириб боришини таъминлаш бош мақсад қилиб белгиланди.

Ўтган йиллар давомида давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистонга 9-10 маротаба ташриф буюрган бўлса, ҳар гал катта сармояларга асосланган ташаббуслар билан келди ва уларнинг амалга оширилишида бош-қош бўлди. Овулма овул, уйма-уй юриб, оқсоқоллар, тадбиркорлар, ёшлар вакиллари билан мулоқот қилди, уларнинг талаб ва таклифларини тинглаб зерикмади, ҳаммасини инобатга олди.

Ушбу даврда Қорақалпоғистонни комплекс ривожлантиришга қаратилган 30 дан ошиқ Фармон ва қарорлар қабул қилинди. Натижада ҳудудда тадбиркорлик субъектлари сони 2 баробар ортди, 4,5 мингдан зиёд инвестиция лойиҳалари ишга туширилди.

Эртанги кун бугундан-да

саодатли бўлади

Президентимиз Кегейли туманида Қорақалпоғистон Республикасида саноатни ривожлантириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказганида халқ фаровонлигини янада оширишга қаратилган 3 та янги ташаббусни илгари сурди.

Биринчи ташаббус доирасида Қорақалпоғистондаги 452 та маҳалланинг ҳар бирига тўғридан-тўғри 500 млн. сўмдан қўшимча маблағ ажратилиши кўзда тутилди ва маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш бўйича жамғарма ташкил қилиниб, унга 250 млрд. сўм ажратилди. Иккинчи ташаббус бўйича Қорақалпоғистондаги 47 минг уй-жой ва кўчмас мулкка кадастр қилиб бериляпти. Натижада аҳолида ипотека кредити олиш, томорқасида деҳқончиликни кенгайтириш учун кредит, субсидия расмийлаштириш, яшаётган бошпанасини фарзандларига мерос қолдириш имконияти туғилди. Учинчи ташаббус бўйича эса Қорақалпоғистонда йилига 6,5-7 минг­та уй-жойга талаб борлиги ҳисобга олиниб, аҳоли ва янги оилалар учун замонавий лойиҳа асосида 4 минг якка тартибдаги уй-жой қуришга 4 сотихдан ер ажратилмоқда. Шу билан бирга, ушбу ҳудудларда инфратузилма тизими ҳам барпо қилиняпти. Яъни жорий йилда ўтган йилдагига нисбатан 2 баравар кўп ёки 4 мингта уй-жой қурилмоқда.

Ана шу мақсадда жорий йил 28 июль куни “Қорақалпоғистон Республикаси аҳолисини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда жисмоний шахслар томонидан қурилган уй-жойларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди. Унда Қорақалпоғистон ҳудудида фуқароларнинг ҳужжатларсиз қурилган уй-жойлари жойлашган ер участкасига ижара ҳуқуқи, жойлашган бино ва иншоотларга мулк ҳуқуқи эътироф этилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири бошчилигидаги ҳамда тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳ Қорақалпоғистон Республикасининг экспорт, инвестициявий ва саноат салоҳиятини юксалтиришга қаратилган навбатдаги чора-тадбирларни ишлаб чиқиш бўйича иш олиб боряпти. Ана шу мақсадда Мўйноқ, Қўнғирот, Қонликўл, Шуманай ва Хўжайли туманларидаги бир қатор йирик саноат корхоналарига ташриф буюрилиб, лойиҳа ташаббускорлари билан учрашувлар ўтказилди ҳамда тадбиркорларни қийнаб келаётган масалалар ва ишлаб чиқариш қувватларини янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Ўрганиш жараёнида устувор тармоқларда янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича имкониятларни таҳлил этишга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Устюрт ва Мўйноқ ҳудудида очилган янгиянги нефть-газ булоқлари, Қўнғирот сода заводи ва қурилиши бошланиш арафасида турган “Сургул” газ-кимё мажмуаси, Қоратоғ тизмаларидаги рангли металлар ҳамда ҳали қурилиш навбатини кутиб ётган фосфорит конлари, Учқудуқ — Нукус темир йўлининг барпо этилиши, Буюк Ипак йўлининг аҳамиятли бир қисми бўлган Қўнғирот — Бейнов автомагистралининг жадал суръатларда қурилиши, Нукус аэропортига халқаро мақом берилиши билан дунёнинг тўрт томонига очиладиган ҳаво йўллари халқимизнинг истиқболи порлоқ эканлигидан дарак бермоқда.

Яқинда интернет тармоғида кўзимга тушган бир хабар ғашимни келтирди. Унда гўё Оролбўйи минтақасида яшаётганлар ўсиши тўхтаган, тушкунликка тушган бир халқ каби тасвирланган. Йўқ, аслида унақа эмас. Бу йил 40 мингдан зиёд ўғил-қизларимиз 1 синфга борса, 150 мингдан ортиғи мактабгача тарбия масканларига борар экан.

Истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан бўлажак инвестор ва тадбиркорлар билан мулоқотни фаоллаштириш, кичик ишлаб чиқариш корхоналарини ўрта корхоналарга, ўрта корхоналарни йирик корхоналарга трансформациялашга алоҳида эътибор қаратилаётгани Қорақалпоғистоннинг эртанги куни бугунданда саодатли бўлишидан далолат беради.

Оролқум офати ва инсон

матонати

Орол тақдирига бефарқ бўлсак, бора-бора бутун Ер куррасига унинг офати етади. Шунинг учун Президентимизнииг саъй-ҳаракатлари ва халқаро экологик ташкилотлар ёрдамида Орол акваториясининг Жанубий қисмида Оролқум ҳамласига қарши яшил ҳудуд барпо этиляпти. Бу ерда ҳозирги кунга келиб ўрмон хўжаликлари томонидан жуда катта майдонда саксовул, черкез, кандим ўсимликларидан иборат ўрмонзорларнинг бунёд этилгани қум кўчишларига барҳам бермоқда. Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси томонидан эълон қилинган ҳар бир оиланинг 5 тадан мевали дарахт ўтқазиши бўйича ташаббуси ҳам ўз натижаларини беряпти.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Орол денгизи қуриши билан боғлиқ офатнинг ҳақиқий қиёфасини бутун дунёга ошкор этди. Фожиа оқибатларини бартараф қилиш ва Оролбўйидаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш, минтақанинг сув ва экология билан боғлиқ муаммоларига ечим топиш бўйича барча саъй-ҳаракатни бирлаштириш таклифини илгари сурди. Давлатимиз раҳбарининг Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида траст фондини ташкил этиш борасидаги ташаббуси БМТ томонидан қўллаб- қувватланди.

Президентимиз таклифи билан Оролбўйига келган БМТнинг ўша пайтдаги Бош котиби Пан Ги Мун бу фожиали ҳолатни ўз кўзи билан кўрди ва уни экология муаммоларига масъулиятсиз муносабатда бўлишнинг яққол мисоли, бутун Ер юзи халқларининг умумий фожиаси деб атаган эди. Дунё ҳамжамиятини бу экологик инқирознинг олдини олишга даъват қилганди.

Шундан сўнг Президентимиз ташаббуси билан Оролнинг қуриган ҳудудида амалий ишлар бошланди. Унга шўрга чидамли бўлган саксовул навини экиш мақсадида 500 дан ортиқ энг кучли техникалар, бир неча минг киши жалб этилди, турли вилоятлардан кўнгилли бўлиб келганларнинг сон-саноғи йўқ. “Ан-2” самолётлари ҳавога кўтарилиб майдонларга саксовул уруғларини сепди. Чорак асрдан буён ҳувиллаб ётган Мўйноқ аэропорти қайта таъмирланиб, самолётлар қатнови йўлга қўйилди. Ҳайдов ва чопиқ тракторлари ёрдамида тортилаётган ариқларга 50 сантиметр чуқурликда саксовул кўчатлари қадалди. Бу, албатта, эртага ўз натижаларини беради, Орол саҳроларига экилган саксовулзорлар яшил иҳота сифатида туз ва қум бўронларини тўсади, иқлим ўзгаради.

Шу йилнинг ўзида БМТ минбаридан Ўзбекистон делегацияси раҳбарининг қорақалпоқ шоири Ибройим Юсуповнинг Орол ҳақидаги шеъридан сатрларни қорақалпоқ тилида ўқиганини эшитган халқнинг кўнглида ғурур-ифтихор балқди, эртанги кунга умид мустаҳкамланди.

Бу хайрли ишларга кўпчилик юртдошларимиз, бутун Ўзбекистон бош қўшди. “Мўйноқ — 2019” хайрия жамғармаси ташкил этилганидан буён унинг ҳисоб рақамига мамлакатимиз аҳолиси томонидан миллиардлаб пул маблағлари туширилди. Ҳавзанинг чекинган майдонларига чорвабоп экинлар уруғини сепиш, балиқчиликни ривожлантириш мақсадида майда кўллар барпо қилиш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий равнақ топтириш ишлари давом этяпти.

Мўйноқда улуғвор ташаббуслар

Мўйноқда умргузаронлик қилган аҳоли ҳар қандай оғир шароитда ҳам бу ердан кўчиб кетмади. Бир кун яхши кунлар келар, деб умид билан яшади. Мана, ўша кунлар келди. Оролбўйига қутлуғ қадамлар қўйилди, улуғвор ишлар бошланди. Эртанги кунга умид, келажакка ишонч уйғотган бугунги ислоҳотлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмаяпти.

Давлатимиз раҳбари Мўйноқ туманига ташрифи чоғида Орол фожиасидан энг кўп зарар кўрган бу ҳудуд аҳолисининг сабр-қаноатлилик, меҳнаткашлик хислатларини алоҳида тилга олди. Уларни Мўйноқни ривожлантириш режалари билан таништирди. Шу асосда бу ерда кўп қаватли турар-жойлар, инфратузилма объектлари барпо қилинди, йўллар қайтадан асфальтланиб, дарахт кўчатлари ўтқазилди. Ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва таъмирлаш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини ривожлантириш бўйича лойиҳалар амалга оширилди.

Ҳозирги кунда туманда кўплаб хусусий мактабгача таълим муассасалари, “Янги Мўйноқ” шаҳарчасида дастурлашни чуқур ўргатишга ихтисослаштирилган инновацион мактаб, болалар мусиқа ва санъат мактаби каби бир қанча таълим-тарбия муассасалари бунёд этилди. Стадион ҳамда болалар ва ўсмирлар спорт мактаби биноси реконструкция қилинди. Маданий дам олиш маскани, 2 минг томошабинга мўлжалланган амфитеатр, Ёшлар маркази бинолари ҳам шулар жумласидан. Эски аэропорт таъмирланиб, ишга туширилди. Саҳрога айланган ҳудудда қолиб кетган эски кемалар йиғилган жой замонавий Кемалар музейи мажмуасига айлантирилмоқда.

Бугун Мўйноқ шаҳрига келган меҳмон унинг ўтмишда қандай кўринишда бўлганини, ҳатто тасаввур ҳам қилолмайди. Замонавий бозор, аэропорт, икки томонга йўл олган гузарлар, қатор кўчалар, кўркам уйлар ва маъмурий, маърифий иморатлар кўзни қувонтиради.

Шу йиллар ичида Орол денгизи тубидан 120 дан ортиқ артезиан қудуқлари қазилди. Бу — саксовул ўрмонларида фауна ва флора қайта тирилди, дегани.

Тадбиркорлар Орол денгизи қирғоғидаги лойдан оҳак, қумдан ойна, чиғаноқлардан совун ишлаб чиқариш ишларини йўлга қўйиш билан шуғулланяпти, дарё суви келадиган жойларда қизилмия, денгизнинг шўр сувидан артемия олиш, ош тузи, томат пастасини тайёрлаш цехлари очиляпти.

…Мўйноқда янги тонг отмоқда. Бу қутлуғ тонг, ҳудуд аҳлининг орзу-умидларини рўёбга чиқарадиган тонг. Янги шаҳарча, “Мўйноқ аква саноат” ДУКнинг балиқни қайта ишлаш консерва заводи, “Fumei Grоup” МЧЖ шаклидаги қўшма корхонанинг қамишдан ДСП ишлаб чиқариш заводи ва бошқалар ана шу нурли орзуларнинг амалдаги рўёбидир.

Адабиёт — халқнинг юраги

Давлат раҳбари Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий тараққий эттириш масаласига ҳамиша алоҳида эътибор қаратиб келади. Ҳудудни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини оширишга оид кўплаб Фармон, қарор ва дастурлар қабул қилинди. Шу билан бирга, адабиёт ва маданиятга ҳам жуда катта эътибор кўрсатиляпти.

Президентимизнинг пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонига ташрифи чоғида: “Адабиёт халқнинг юраги, элнинг маънавиятини кўрсатади. Бугунги мураккаб замонда одамлар қалбига йўл топиш, уларни эзгу мақсадларга илҳомлантиришда адабиётнинг таъсирчан кучидан фойдаланиш керак. Аждодларимиз меросини ўрганиш, буюк маданиятимизга муносиб буюк адабиёт яратиш учун ҳамма шароитларни яратамиз”, деган гаплари қалбимга муҳрланган.

Ҳозирги кунда Адиблар хиёбонида адабиёт, маърифат ва маданият маскани сифатида очиқ дарслар, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиляпти. Бу ерда қорақалпоқ элининг асл фарзандлари Бердақ, Ибройим Юсупов, Тўлепберген Қаипбергенов шахсига ҳам юксак эътибор кўрсатилгани, айниқса, қувонарлидир.

Бундан ташқари, ҳар йили мамлакатимиз бўйлаб қорақалпоқ адабиёти кунлари ўтказиляпти. Бу анжуманларда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, Ёзувчилар уюшмаси вакиллари, Қорақалпоқ давлат университети, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика инс­титути илм аҳли қатнашмоқда.

Нукус шаҳрида халқимизнинг қадим даврлардаги қорақалпоқ адабиёти тарихидан бошлаб мустақиллик даврига қадар гуркураб келаётган адабий ҳаёт, мумтоз адабиёт тарихи, унинг ижодкорлари акс эттирилган экс­понатлар қўйилган Бердақ номидаги Қорақалпоқ адабиёти тарихи давлат музейи ташкил этилгани оламшумул воқеалардан бири бўлди. Эндиликда бу ердаги осори атиқалар халқимизнинг ёзма маданий-адабий тарихини келгуси авлодларга ҳам танитишга хизмат қилади.

Адабиёт аҳлини яна қувонтирадиган бир нарса — “Туркий адабиёт дурдоналари” 100 жилдлик асарлар мажмуасида қорақалпоқ адабиёти учун ҳам муносиб ўрин ажратилган. Айни пайтда “Қорақалпоқ адабиёти дурдоналари” 16 жилдли асарлар мажмуаси нашр этилмоқда. Унга “Маспошшо”, “Шаҳриёр”, “Қирқ қиз” каби қорақалпоқ халқ эпослари, Жиян жиров каби халқ оқинлари, шунинг­дек, қорақалпоқ адабиётининг мумтоз вакиллари — Бердақ, Ажиниёз, Кунхўжа, ХХ аср адабиёти етакчилари — Ибройим Юсупов, Тўлепберген Қаипбергенов ва бошқаларнинг асарлари киритилган.

Бугунги кунда қорақалпоқ аҳлининг фахр-ифтихори бўлган улуғ адиблар сафида Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим Юсуповнинг ўрни бўлакча. “Мен Бердақнинг соф қонидан томчиман”, деб камтарлик билан ёзган ул зотнинг адабиётда тутган ўрнига буюк ёзувчи ва шоирлар юксак баҳо берган. Жумладан, Қайсин Қулиев шоирни туркийзабон халқларнинг улкан адиби даражасида кўрса, Расул Ҳамзатов “қалбларни даволовчи шоир”, дейди. Чингиз Айтматов унинг ижодини “инсонни ҳайратга солувчи” шеърият сифатида баҳолайди.

Ибройим Юсуповнинг аксарият асарлари Орол муаммоларига бағишланган бўлиб, шоир улар орқали ўз халқига кўтаринки кайфият бағишлади, ҳаётга оптимистик руҳ билан қарашга ўргатди. Унинг “Бу ер ҳали зўр бўлади”, “Умид дарахти”, “Орол элегиялари”, “Қийин ҳол”, “Виждон монологи”, “Сенсиз менинг куним йўқ”, “Чимбой йўлларида” каби шеърлари шоирни даврнинг катта муаммолари қаттиқ ташвишга, ҳаяжонга солганини кўрсатади.

Қорақалпоғистонда рўй берган экологик ҳалокатлар, Оролнинг қуриши ва халқ бошига келган фожиалар ҳам бу юрт аҳлини умидсизликка сололмади. Улар қийинчиликларни, дарду ҳасратларни матонат ва бағрикенглик билан енгди, ўз юртининг бир пайт келиб гуллаб-яшнаши, ривожланишини сабр-тоқат билан кутди. Ва ана шундай умидли, кутилган кунлар зиёси Қорақалпоқ диёри дилини ёритди, ҳарорат ва нур берди.

Кенес КАРИМОВ,

Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси.

Қорақалпоғистон халқ шоири.

(«Халқ сўзи» газетасидан олинди).