ЭЛ ХИЗМАТИ ЙЎЛИДА КЕЧГАН УМР: ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН ТАРИХИДА ҚАЛЛИБЕК КАМАЛОВ СИЙМОСИ


Қорақалпоғистон тарихига назар ташлар эканмиз, XX асрнинг иккинчи ярми нафақат сиёсий ва иқтисодий ўзгаришлар, балки бутун бир жамият ҳаётини қайта шакллантирган мураккаб ва зиддиятли жараёнлар даври сифатида намоён бўлади. Бу даврда бир томондан кенг кўламли қурилишлар, саноат ва қишлоқ хўжалигининг жадал ривожланиши кузатилса, иккинчи томондан табиий ресурслардан фойдаланишдаги номутаносибликлар, экологик муаммолар ва ижтимоий зиддиятлар ҳам кучайиб борди. Ана шундай тарихий шароитда республика тақдирига бевосита таъсир кўрсатган давлат арбобларидан бири Қаллибек Камалов бўлиб, у ўз умрини юрт тараққиёти ва эл хизматига бағишлаган шахс сифатида тарихда қолди.

Қаллибек Камалов 1926 йил Қорақалпоғистоннинг Қораўзак туманида деҳқон оиласида таваллуд топган. Унинг болалик ва ўсмирлик йиллари оддий қиш­лоқ ҳаё­ти, меҳнат, камтарлик ва тиришқоқлик муҳитида ўтди. Бу муҳит унинг шахсий характерини шакллантириб, масъулият, сабр ва меҳнатсеварлик каби фазилатларни мустаҳкамлади. У 1933 йил ўрта мактабда, 1945–1947 йилларда Қорақалпоғистон ўқитувчилар институтида таҳсил олди, 1952–1955 йилларда эса Қорақалпоқ давлат педагогика институтида ўқишни давом эттирди. Бу босқичлар унинг фақат билим олиши эмас, балки келажакдаги давлат арбоби сифатида шаклланишига ҳам замин яратди.

У меҳнат фаолиятини эрта бошлаган бўлиб кўп ўтмай Қорақалпоғистон Республикаси ёшлар қўмитаси котиби лавозимида ишлади. Унинг фаолияти давомида ёшлар қурилишларга жалб этилди, жамоат ишларида фаоллик ошди, шу орқали республикада кадрлар тайёрлаш ва ижтимоий фаоллик муҳити шакллана бошлади. Камаловнинг ушбу даврдаги фаолияти уни республика бошқарув тизимига олиб кирган муҳим босқич бўлди.

1950–1960-йилларда давлат бошқарувининг турли йўналишларида масъулиятли лавозимларда ишлади. Нукус шаҳар ижроия қўмитаси раиси, коммунал хўжалик ва транспорт соҳалари вазири, шунингдек, партия тузилмаларида етакчи лавозимларда фаолият юритди.

1959–1963 йилларда Қорақалпоғистон АССР Вазирлар Кенгаши раиси сифатида иқтисодий тикланиш, инфратузилмани кенгайтириш ва қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилган муҳим қарорларни амалга оширишда иштирок этди.

1963-1984 йилларда Ўзбекистон Компартияси Қорақалпоғистон қўмитасининг биринчи котиби бўлиб ишлаган. Айнан шу йилларда рес­публикада ерларни ўзлаштириш, суғориш тизимларини кенгайтириш, янги каналлар қуриш, пахтачилик ва шоличиликни ривожлантириш, саноат ва қурилиш соҳаларини жадаллаштириш каби йирик жараёнлар амалга оширилди.

Бу жараёнлар Қорақалпоғистон иқтисодий қиёфасини ўзгартириб, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш ҳажмлари ортди, янги хўжаликлар ташкил этилди. Бироқ шу билан бирга сув ресурсларидан нотўғри фойдаланиш, Амударё оқимининг интенсив тарзда ўзгартирилиши, пахта монополиясининг кучайиши ва ирригация тизимидаги номутаносибликлар экологик мувозанатга жиддий таъсир кўрсатди. Кейинчалик бу ҳолатлар Орол денгизи фожиасига олиб келган асосий омиллардан бири сифатида тарихда қайд этилди.

Қ.Камалов ўз хотираларида бу жараёнларга нисбатан бир қатор танқидий фикрлар билдирган. У табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, сув тақсимотида адолатли ёндашув ва қишлоқ хўжалиги сиёсатини қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлайди. Унинг қарашлари акс этган “Эл хизматида” номли хотиралар китоби 1995 йилда нашр этилди ва кейинчалик бир неча бор қайта нашр қилинди. Ушбу асар нафақат шахсий хотиралар мажмуаси, балки бутун бир тарихий даврнинг ижтимоий-сиёсий манзарасини ёритувчи муҳим манба сифатида ҳам баҳоланади. Китобда қишлоқ хўжалиги, ер ва сув сиёсати, қурилишлар, саноат ривожи, маданият ва маънавий ҳаёт билан бир қаторда Орол денгизи муаммосига ҳам кенг ўрин берилган.

Қаллибек Камалов таълим масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратган давлат арбоби сифатида намоён бўлади. Унинг фикрича, ҳар қандай жамият тараққиётининг асоси — билимли ва малакали кадрлардир. Шу боис Қорақалпоғистонда мактаб таълимини ривожлантириш, ўқув-услубий базани мус­таҳкамлаш, дарсликлар ва ўқув қўлланмаларни кўпайтириш, шунингдек, олий таълим муассасаларини ташкил этиш масалалари устувор вазифа сифатида қаралган. Унинг ташаббуси билан Нукус шаҳрида университет ташкил этиш ғояси амалга оширилиб, республикада олий таълим тизимининг ­шаклланиши ва ривожланишига асос солинди.

Шунингдек, фаолияти даврида маданият ва маънавият соҳалари ҳам сезиларли даражада тараққий этди. Театрлар фаолияти кенгайди, радио ва телевидение тизими шаклланди, нашриётлар иши йўлга қўйилди, маданият кунлари ва ижодий анжуманлар ташкил этилди. Бу жараёнлар халқнинг маънавий ҳаётини бойитиб, Қорақалпоғистоннинг маданий қиёфасини янги босқичга олиб чиқди.

Хулоса қилиб айтганда, Қаллибек Камалов ўз умрини бутунлай халқ хизматига бағишлаган, мураккаб тарихий шароитларда масъулиятни ўз зиммасига олган ва Қорақалпоғистон тараққиёти йўлида катта из қолдирган давлат арбоби сифатида тарихда мустаҳкам ўрин эгаллайди. Унинг ҳаёти ва ­фаолияти бугунги авлод учун ҳам муҳим сабоқ, тажриба ва ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади.

Баҳодир ИБРАГИМОВ,

Қорақалпоқ давлат университетининг Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон тарихи кафедраси PhD асистент ўқитувчиси.