ОРОЛБЎЙИНИ ТИКЛАШ —КЕЛАЖАК ОЛДИДАГИ МАСЪУЛИЯТ


Иқлим ўзгариши инсоният олдида турган энг жиддий глобал муаммолардан бирига айланди. Жаҳоннинг кўплаб минтақаларида қурғоқчилик, чўлланиш, сув танқислиги ва ерлар деградацияси иқтисодиёт, аҳоли саломатлиги ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигига бевосита таъсир кўрсатмоқда. Марказий Осиё эса мазкур жараёнларни энг оғир ҳис этаётган ҳудудлардан бири ҳисобланади.

Жорий йилнинг 6 июль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида чўлланишга қарши курашиш ва чўл иқтисодиётини ривожлантириш, шунингдек, шаҳарларда “яшил шаҳар” тамойилларини жорий этиш юзасидан ўтказилган тақдимот ана шу глобал чақириқларга миллий даражада берилаётган аниқ ва тизимли жавоб сифатида аҳамиятга эга.

Тақдимотда энг катта эътибор, табиийки, Оролбўйи ва Қорақалпоғистон Республикасига қаратилди. Бу бежиз эмас. Чунки бугун айнан ушбу ҳудуд дунёдаги энг оғир экологик инқирозлардан бири оқибатларини бошидан кечирмоқда.

Орол денгизининг қуриши фақат сув ҳавзасининг йўқолиши эмас. Бу бутун бир экологик тизимнинг ўзгариши, миллионлаб инсонлар ҳаётига таъсир кўрсатган жараёндир.

Қуриган денгиз тубида майдони қарийб 6 миллион гектарга яқин бўлган янги Оролқум чўли шаклланди. Ҳар йили миллионлаб тонна туз ва чанг атмосферага кўтарилиб, юзлаб километрларга тарқалмоқда. Олимлар таъкидлашича, бу заррачалар нафақат Қорақалпоғистон, балки қўшни давлатлар ва ҳатто узоқ ҳудудларгача етиб бормоқда.

Тузли чанг қишлоқ хўжалиги ерларининг унумдорлигини пасайтиради, ҳаво сифатига салбий таъсир кўрсатади, аҳоли ўртасида нафас йўллари, аллергик ва юрак-қон томир касалликлари хавфини оширади.

Шу боис кейинги йилларда давлатимиз томонидан Орол денгизининг қуриган тубида кенг кўламли яшил қопламалар барпо этиш ишлари амалга оширилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, кейинги йилларда Орол денгизининг қуриган тубида 2 миллион гектардан ортиқ янги ўрмонзорлар ташкил этилди. Бу дунё миқёсида чўл ҳудудларини кўкаламзорлаштириш бўйича энг йирик экологик лойиҳалардан бири сифатида эътироф этилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Тўқай ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги маълумотларига кўра, фақат 2026 йилнинг ўзида Оролнинг қуриган тубида 116,5 минг гектар майдонда янги ҳимоявий яшил қопламалар ташкил этилди. Илгари экилган, ўсувчанлиги паст бўлган 115 минг гектар майдонда тўлдириш ишлари олиб борилмоқда.

2018–2026 йиллар давомида эса Оролнинг қуриган тубида жами 2 миллион 96 минг 900 гектар майдонда саксовул ва бошқа чўл ўсимликлари экилиб, табиатни тиклаш ишлари изчил давом эттирилди.

Бу рақамлар ортида юзлаб мутахассислар, минглаб меҳнаткашлар, юзлаб техникалар ва авиация иштирокида амалга оширилаётган улкан саъй-ҳаракат мужассам.

 

Саксовул — табиатнинг табиий қалқони

 

Экологлар саксовулни бежизга «чўл қалқони» деб аташмайди. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ўртача ёшдаги бир туп саксовул ўзининг кучли илдиз тизими орқали бир тоннагача қумни ушлаб туриш имкониятига эга.

Икки йиллик саксовулзорларда шамол тезлиги ўртача 20 фоизга, олти йиллик шаклланган саксовулзорларда эса 80 фоизгача камаяди.

Энг муҳими, ҳавога кўтариладиган туз ва қум заррачалари олти бараваргача қисқаради.

Бу рақамлар яшил қопламаларнинг нафақат экологик, балки ижтимоий ва иқтисодий аҳамияти қанчалик катта эканини кўрсатади.

— Президентимиз томонидан Қорақалпоғистон Республикасига алоҳида эътибор қаратилгани бизни янада катта масъулият билан ишлашга ундайди, — дейди Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Айсанем Бегимова. — Бугунги кунда Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш нафақат давлат идоралари, балки бутун жамиятнинг умумий вазифасига айланди. Давлат раҳбари белгилаб берган вазифалар ана шу эзгу мақсадга хизмат қилиши билан алоҳида аҳамиятга эга.

Энг муҳими, Президентимиз чўл ҳудудларига фақат экологик муаммо сифатида эмас, балки иқтисодий имкониятлар манбаи сифатида қараш зарурлигини таъкидлади. Бу мутлақо янги ёндашув бўлиб, у чўл иқтисодиётини ривожлантириш, табиатни муҳофаза қилиш билан бир қаторда аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш ва ҳудуд иқтисодиётини диверсификация қилишга хизмат қилади.

Тақдимотда Қорақалпоғистон учун чўл ўсимликлари кўчатхоналарини ташкил этиш, қурғоқчиликка чидамли ўсимликлар ва уруғлар бўйича минтақавий банк яратиш, галофит ўсимликлар етиштиришни кенгайтириш, Оролқум ҳудудида илмий тадқиқотларни кучайтириш, халқаро инвестициялар ва илғор технологияларни жалб қилиш каби муҳим вазифалар белгиланди. Бу ташаббуслар экологик мувозанатни тиклаш, ҳавога кўтарилаётган туз ва чанг миқдорини камайтириш билан бирга, маҳаллий аҳоли учун янги даромад манбалари ва иқтисодий имкониятларни ҳам яратади.

Айниқса, Оролнинг қуриган тубида саксовул ва бошқа чўл ўсимликларини экиш ишларини изчил давом эттириш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Саксовул қумларни мустаҳкамлайди, шамол тезлигини пасайтиради, ҳавога кўтарилаётган туз ва чангнинг тарқалишини чеклайди. Бу эса нафақат экологик барқарорлик, балки аҳоли саломатлиги ва келажак авлод манфаатларини таъминлашда ҳам беқиёс аҳамиятга эга. Шу боис Экологик партия ушбу вазифалар ижросида давлат органлари, олимлар, фуқаролик жамияти институтлари ва кенг жамоатчилик билан ҳамкорликни янада кучайтиришга тайёр.

Президент тақдимотида Марказий Осиё давлатлари билан экологик ҳамкорликни янада кучайтиришга ҳам алоҳида урғу берилди.

Чўлланиш чегара танламайди. Шунинг учун мазкур муаммони фақат бир мамлакатнинг саъй-ҳаракати билан ҳал этиш мумкин эмас.

Марказий Осиё минтақавий илмий-тадқиқот марказини ривожлантириш, «Яшил қалқон» дастурини кенгайтириш, 2040 йилгача мўлжалланган чўлланишга қарши кураш стратегиясини ишлаб чиқиш ана шу мақсадларга хизмат қилади.

Шунингдек, Франция Тараққиёт агентлиги ва Европа инвестиция банки иштирокида амалга оширилаётган қарийб 48,8 миллион еврога тенг инвестиция лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистонда ҳимоя ўрмонзорлари, ботаника боғи, агроўрмончилик тизими ва янги иш ўринлари ташкил этилиши ҳам Президент белгилаган вазифаларнинг амалий ифодаси бўлади.

 

Яшил келажак — умумий масъулият

 

Бугун Оролбўйида амалга оширилаётган ишлар нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё экологик ҳамжамияти диққат марказида турибди.

Президент белгилаб берган вазифалар экологик хавфларни камайтириш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, чўл иқтисодиётини ривожлантириш ҳамда Қорақалпоғистоннинг барқарор келажагини таъминлашга хизмат қилади.

Энг муҳими, бу ишлар келажак авлод учун соғлом табиат, барқарор экотизим ва яшил тараққиёт пойдеворини яратади. Оролбўйида бўй тиклаётган ҳар бир саксовул, ҳар бир яшил қоплама нафақат қумни ушлаб қолмоқда, балки инсоннинг табиат олдидаги масъулияти ва келажакка бўлган ишончини ҳам мустаҳкамламоқда.

Ғ.Отажонов.