Педагогга қўйиладиган талаблар ва таълим-тарбия қандай асосий ғояларга таянган ҳолда амалга оширилиши кераклиги асрлар баҳси бўлиб келган.
Ҳаммамизга аён, бутун дунёда моддий ва маънавий ҳаётнинг барча жабҳаларида давом этаётган глобаллашув, интеграциялашув ва миграция жараёнлари Ўзбекистонда ҳам жамиятнинг барча соҳаларини ахборотлаштириш бўйича қулай шарт-шароитлар яратишни талаб қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2017 йил 27 июлдаги “Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг давоми сифатида педагоглар олдига муҳим вазифаларни қўйди.
Ахборот асри, рақамли технологиялар катта сифат ўзгаришларига, таълим шаклларининг хилма-хиллигига олиб келмоқда. Бинобарин, педагог кадрларнинг касбий тайёргарлигини ривожлантириш, уларнинг билим, кўникма ва малакаларини замонавий педагогика ва ахборот-коммуникация технологияларидан унумли фойдаланган ҳолда ошириш муҳим вазифаларимиздан биридир.
Ўзбекистон келажаги ўз-ўзини ривожлантиришга интиладиган, истеъдод, малака, лаёқатга эга, билимдон, инсонларга боғлиқлигини бугун янада чуқурроқ ҳис қиламиз. Бу эса фуқаролардан, айниқса зиёлилардан, янада кўпроқ ташаббус, ижодий фикрлаш – когнетивлик, ноанъанавий ечимларни топишга қодирлик, бутун ҳаёти давомида ўқиш-ўрганишга тайёр туришни тақозо қилади. Бу санаб ўтилган фазилатларни қарор топтирмасдан таълим соҳасини такомиллаштириш, инновацион муҳитга айлантириш асло мумкин эмас.
Хориж таълим тизимида edtech (таълим технологиялари), e-learning (э-таълим), blended-learning (аралаш таълим) атамалари пайдо бўлганлигига анча бўлди. Бизда эса Президентимиз Ш.М.Мирзиёев таъкидлаганидек, мамлакатимизда “болалар ва ёшларга махсус фанлар, мамлакатимиз ва жаҳон цивилизацияси тарихини, хорижий тилларни ва замонавий компьютер дастурларини чуқур ўргатиш вазифалари ҳали сифатли ва тўлиқ ҳолда ечилгани йўқ”. Бу эса таълим шаклларини такомиллаштиришни тақозо қилади.
Таълимнинг қуйидаги асосий шакллари мавжуд: анъанавий ўқитиш – юзма-юз – лицом к лицу, face to face learning; масофавий ўқитиш – дистанционное образование, distance learning; очиқ ўқув курслари – открытое обучение, Open learning; мослашувчан ўқитиш – гибкое обучение, Flexible learning; аралаш ўқитиш (таълим) – смешанное обучение, Blended learning; электрон ўқитиш (таълим) – электронное обучение, E-learning.
Биз ўз фаолиятимизда анъанавий таълимнинг масофавий таълим билан комбинацияланган тури, яъни аралаш таълимнинг самарасини кўрмоқдамиз. Электрон таълимда ҳам педагогика ва методикада, таълим технологияларида бўлгани каби энг самарали методларни аниқлаш зарур.
Электрон таълимда метод танлаш фаннинг ўзига хослигига таянишни тақозо қилади. Ўқув курсининг сифатсиз тайёрланиши таълим олувчида ёмон таассурот пайдо қилади. Шунинг учун видеокурс, мультимедиали тақдимотлар, аудиокурсларни яратиш – ишлаб чиқишдаги талабларни билиб олиш тақозо қилинади. Булар инновация сифатида кириб келаётган таълим технологиялари ва моделларининг узвий элементлари бўлиб қолмоқда.
Маърузаларни мультимедиалаштириш орқали тақдим қилиш (матн, овоз, жонли ҳаракат, график тасвир: жадваллар, алгоритмлар) – ўқитувчининг мавзуни батафсил тушунтиришига ўрин қолдирмайди.
Мен педагогик фаолиятим давомида бўлажак ўқитувчиларнинг ўқув лойиҳаларини яратишларига аҳамият қаратаман. Ўқув лойиҳалари орқали талабаларда она тилини ўқитиш жараёнида меъёрий ҳужжатлар ва таълим воситаларининг мувофиқлиги, она тилини ўқитишнинг бош мақсади, ўқувчи эҳтиёжи ва таълим воситаларида бу ҳолатнинг эътиборга олинганлиги; она тили дарсликлари, ўқитувчи қўлланмалари билан боғлиқ муаммолар; дарсликлар дизайни, назарий маълумотлар, машқ ва топшириқларнинг такомиллаштирилиши каби масалаларда ўз кичик тадқиқотларини амалга оширишлари натижасида ўқитувчига хос муҳим компетенция – таълим ва тарбия соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва меъёрий ҳужжатлар моҳиятини англаб етиш, дарслик ва ўқув қўлланмаларни баҳолай олиш лаёқати шаклланаётганини таъкидлаб ўтишим жоиз. Талабалар босқичма-босқич муайян дарсни лойиҳалаш тажрибасига эга бўлиб бормоқда.
Платоннинг: “Агар мақсад эзгу бўлмаса, билим иблисга айланади”, – деган ҳикмати моҳиятидан англашимизча, ўқувчи-талабаларимизга берилган билим эзгулик учун хизмат қилсин. Ҳар бир машғулотда аждодларимизнинг маънавий мероси, донишманд боболаримиз, давлат арбобларининг таълим-тарбияга оид қарашлари, халқ оғзаки ижоди намуналари, ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари, вақтли матбуот саҳифаларидан ёшлар маънавиятига дахлдор мавзуга мос мисоллар танлаш, уларнинг моҳиятини шарҳлаш бош мақсадимдир.
Мазкур концепцияни Ўзбекистон миқёсида самарали ривожлантиришнинг педагогик шарт-шароитлари мавжуд деб ҳисоблаймиз. Жумладан, мен фаолият юритаётган таълим муассасасида кафедра қошида илмий-инновацион гуруҳ ташкил қилиниб, гуруҳ таркибида умумтаълим мактаблари фан ўқитувчилари, олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилар ва талабаларнинг тажриба алмашишлари яхши йўлга қўйилган.
Умуман, инновацион таълим, адабиётларда таърифланишича, таълимга янгича ёндашув, фундаментал таълим, ижодкорлик, акмеологик ёндашув, касбий маҳорат, икки маданият, яъни техник ва гуманитар билимларнинг синтези, янги технологияларни татбиқ қила олишлик ҳисобланади.
Хулоса шуки, таълим сифатини такомиллаштириш йўлида инновацияларга кенг эътибор қаратиш жамият ривожида асосий омил бўлиши муқарардир.
Шахло Юлдашева,
Нукус давлат педагогика институти Ўзбек тили кафедраси мудири, Педагогика фанлари номзоди.



