Жорий йил 9 апрель куни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Жўқорғи Кенгес депутатлари, вазирликлар, корхона-ташкилотлар, таълим муассасалари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, талаба-ёшлар, жамоат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари янгради.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси С.Турманов йиғилганларни Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллик байрами билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан қизғин табриклади.
Таъкидланганидек, Конституция – бу ҳар бир давлат миллий ҳуқуқ тизимининг асосини ташкил этиши баробарида, давлат қурилиши, ҳокимият ва бошқаришни ташкил қилиш принципларини, ижтимоий ҳаётнинг қоидаларини ўзида жамлагани билан аҳамиятлидир. Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун суверен республикамизнинг ривожланишида ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этишда алоҳида аҳамиятга эга бўлган улуғ байрам сифатида нишонланади. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг XXVII боби Қорақалпоғистонга бағишланиши, шу элда яшаб ва меҳнат қилаётган ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, миллий урф-одатларини сақлашга хизмат қилади.
Йиғилишда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талабаси Д.Лепесбаев йиғилганларни байрам билан табриклаб, ёшлар ҳаётида, уларнинг билим олишида, касб-ҳунар эгаллашда, ҳаётда ўз ўрнини топишида Конституциянинг аҳамиятига тўхталиб ўтди.
Шоира Н.Матякубова Конституция байрамига бағишланган шеърини ўқиди.
Тадбир санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури билан якунланди.
Тантанали йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси Қ.Сариев, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари А.Ҳамраев иштирок қилди.
Қорақалпоғистон хабар агентлиги.



