Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида “Қорақалпоқ адабиётининг ёрқин юлдузлари” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди. Ўзбекистон Қаҳрамони. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибрайим Юсупов , Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Тўлепберген Қайипбергенов таваллудининг 90 йиллигига бағишлаб ўтказилган тадбирда профессор-ўқитувчилар, ёзувчи-шоирлар, талаба-ёшлар, адабиёт ихлосмандлари ҳамда ҳар иккала адибнинг яқинлари иштирок этди.
Конференцияни Қорақалпоқ давлат университети рекори А.Реймов бошқариб борди. Шундан сўнг, профессор Қ.Жаримбетов “Мангу булоқ“, доцент П.Нуржанов “Халқини дунёга танитган ёзувчи”, таянч докторант Т.Ўринбаев “Ибрайим Юсупов ижодини тадқиқ қилишда адабий мулоқот масалалари” , М.Палимбетова “Тўлепберген Қайипбергенов драматик асарларининг бадиий жиҳатлари” мавзуларида маърузалар қилди.
Тадбирда шунингдек Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси К.Каримов, “Қорақалпоқ адабиёти” газетаси Бош муҳаррири, Сенатор Г.Аннақиличева, “Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон бўлими раиси, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Ш.Уснатдинов, Қорақалпоқ давлат университети Нуронийлар Кенгаши раҳбари, профессор Б.Абдикамалов, шоирлар Б.Генжемуратов, Г.Даўлетовалар сўзга чиқиб, қорақалпоқ адабиётининг чинорлари саналган Ибрайим Юсупов ҳамда Тўлепберген Қайипбергеновлар ижоди, улар яратган асарларнинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил тўхталиб ўтишди.
Таъкидланганидек, И.Юсупов қорақалпоқ поэзиясини мисли кўрилмаган чўққиларга олиб чиқди. У қорақалпоқ тилининг чексиз, равон, бой имкониятлари асосида беқиёс образлар тимсолини ўз ижодида намоён эта олди.
Шоир шеърлари бир неча тилларга таржима қилинди.
Т.Қайипбергеновнинг биринчи повести “Секретар” 1956 йили чоп этилган бўлса, кейинги йилларда “Муаллимга раҳмат”, “Сўнги ҳужум” романи, “Блокнот сўзлайди” ҳикоя ва очерклар тўплами, “Қорақалпоқ қизи” романи, “Совуқ томчи”, “Уйқусиз тунлар” повестлари, тарихий даврни ўз ичига олган “Қорақалпоқ достони” роман-трилогияси, “Кўзнинг қорачиғи” романи. “Фамилия”, “Танхо ўзимга маълум сир” асарлари, “Сайланма” асарларининг уч томлиги нашр этилди.
Ёзувчининг “Қорақалпоқнома” роман-эссеси фақатгина қорақалпоқ прозасида эмас, балки. Марказий Осиё халқлари адабиётида ҳам алоҳида янгилик бўлди. “У дунёдаги отамга хатлар”, “Қалбимнинг қомуси”, “Қорақалпоқнома”, “Қорақалпоқнинг ўз қалпоғи билан сирлашиши”, “Йўл-йўлакай берилган саволларга жавоблар”, “Қорақалпоқман, таваккалчиман” роман эсселери ва публицистик асарлари қорақалпоқ адабиётини янги жанрлар билан бойитди.
Тадбир сўнгида Ибрайим Юсупов ва Тўлепберген Қайипбергеновларнинг яқинлари сўзга чиқиб, ташкилотчиларга ўз миннатдорлигини билдирди.
Қ.Х.А.



