Қораўзак туманида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири А.Темирханов томонидан сайёр қабул бўлиб ўтди.
Қораўзак туманидаги “Сабир Камалов” овул фуқаролар йиғинида жойлашган 5-сонли умумтаълим мактабида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Қораўзак туман ҳокимлиги, туман тиббиёт бирлашмаси ва бошқа корхона, ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган сайёр қабулда 12 нафар фуқаро мурожаат этди. Улардан 4 нафар фуқаронинг муаммоси ўз жойида ижобий ҳал этилди. 2 нафар фуқарога ҳуқуқий маслаҳатлар берилди ва 6 нафар фуқаронинг мурожаатини ўрганиб чиқиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг мутасадди раҳбар ходимларига топшириқлар берилди.
— Сайёр қабулда менинг кўпдан буён ҳал этилмай келаётган мурожаатим ижобий ҳал этилди, — дейди “Маданият” овул фуқаролар йиғинидан М.Тилепов. — Чорва молларини олиш учун банкдан 2 миллион 200 минг сўмлик 1 фоизли имтиёзли кредит бериладиган бўлди.
— Истиқомат қилаётган хонадонимиз яшаш учун яроқсиз аҳволга келиб қолди. Янгидан уй қуриш учун ер майдони олиш қийинчилик туғдираётган эди, — дейди “Сабир Камалов” овул фуқаролар йиғинида яшовчи Д.Қидирниязова. — Бугунги сайёр қабулда ушбу муаммо ўзининг ижобий ечимини топди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан мазкур уй қурилишида ёрдам ҳам бериладиган бўлди. Сайёр қабул ташкилотчиларига ўз миннатдорлигимни билдираман.
Қорақалпоғистон хабар агентлиги.



