Жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни қарор топтириш ўта долзарб масаладир. Гарчи бунинг учун масъул идоралар бўлса-да, бу борада ҳар бир фуқаро ўзида масъулият ҳис этса, қўйилган мақсад ва муддаога эришиш мумкин.
Коррупцияга қарши курашиш – бу жуда мураккаб жараёндир. Бу иллатни даф қилиш учун жамиятда қонун устуворлиги асосий масала бўлиши лозим. Давлат ҳокимияти тизимларининг иш фаолияти шаффоф бўлиши керак ҳамда бу шаффофлик жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари ёрдамида назорат қилиб борилиши зарур.
Бу иллат билан нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки ҳар бир жамоа жиддий курашиши керак. Шунинг учун ҳар бир давлат идорасида жамоатчилик томонидан назорат қилинадиган коррупцияга қарши курашиш бўйича ўз ички дастурлари бўлиши шарт.
Бу борада, Қорақалпоғистон Республикаси ғазначилик бошқармаси томонидан фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги, очиқлик ва шаффофлик, давлат ва фуқаролик жамиятининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш, ходимларнинг билим даражаси, муомала маданиятини ошириш, бюджет тузилиши ҳамда унинг ижроси бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиш мақсадида, ходимлар ва уларнинг ота-оналари, фуқаролар ҳамда тадбиркорлар, шунингдек ҳуқуқ тартибот органлари билан биргаликда кенг қамровли тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.
Мана шундай тадбирлардан бири яқинда “Коррупция-ҳалокатга йўл” мавзусида Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган 2019-2020 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасининг масъул ходимлари билан биргаликда ўтказилди.
Ўтказилаётган учрашувларда, қонунларга риоя қиладиган ҳар бир шахс қонун ҳимоясида эканлиги, ғазначилик ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракати, қолаверса, бюджет қоидабузарликлари юзасидан Бош прокуратурадаги “1007”, Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасидаги “222-10-07”, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментидаги “0371-233-10-07”, Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасидаги “223-10-07” ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлигидаги “222-50-50” – рақамли ишонч телефонларидан фойдаланиш кенг йўлга қўйилганлиги таъкидланмоқда.
Халқимизнинг том маънодаги адолат қарор топган жамиятда яшаши учун нафақат масъул шахслар, балки ҳар бир фуқаро ўз ҳиссасини қўшиши зарур. Бу фуқароларимизда коррупцияга, аниқроқ айтганда, ҳар қандай қонунбузарликка нисбатан муросасизлик шаклланишига ҳам боғлиқ. Чунки, ҳар қандай қонунбузарликлар содир этилишига, кўпайишига кўп ҳолларда ўзимизнинг бефарқлигимиз, лоқайдлигимиз сабаб бўлиб келмоқда. Барчанинг якдиллиги, юрт тақдирига дахлдорлигининг кучайиши ҳар қандай иллатнинг батамом барҳам топишига хизмат қилади.
Б.ЖУМАМУРАТОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси бўйича ғазначилик бошқармаси бўлим бошлиғи.



