ЖЎҚОРҒИ КЕНГЕСДА ҚАБУЛ


Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Вьетнам қишлоқ хўжалиги вазирлигининг эксперти, профессор Тран Кван Куанг ­Чжиуни қабул қилиш маросими бўлиб ўтди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ­М.Ерниязов меҳмонни республикамизга ташрифи билан қутлаб, Президентимиз раҳбарлигида қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳудудларнинг иқлим шароитига мос экинларни экиш, жумладан, шоличиликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибори хусусида тўхтаб ўтди. Бу борада ривожланган давлатларнинг янги технологияларини кенг жорий қилиш, шу тариқа ҳосилдорликни ошириш зарурлиги, бунда вьетнамлик мутахассислар билан ҳамкорликда ишлаш яхши самара бериши таъкидланди.

Ўз навбатида меҳмон самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, келгусида ҳамкорликда ишлашга тайёр эканлигини билдирди.

Тадбирда шоличилик соҳасига Вьетнам технологиясини жорий этиш, маҳаллий мутахассислар билан тажириба алмашиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, ирригация тармоқларини яхшилаш орқали юқори ҳосил олиш масалалари бўйича ўзаро фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.