Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 июндаги “Аҳоли пунктларини ободонлаштириш соҳасида ишлар самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари ишларини ташкил этишни такомиллаштиришнинг асосий вазифалари ва йўналишлари белгилаб берилди.
Бунда, 2019-2020 йилларда ободонлаштириш соҳасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш бўйича «Йўл харитаси» ҳамда 2020-2024 йиллар даврида туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармаларини махсус техника ва механизмлар билан жиҳозлаш дастури тасдиқланган.
Дастурга мувофиқ, республикамизнинг барча туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармаларини 17 та самосвал автомашиналари, 14 та автоминора (автовышка), 15 та автобус, 9 та трактор (экскаватор-юклагич) ва 5 та тиркамали тракторлар ҳамда 15 та мотоцикл (уч ғилдиракли самосвал) махсус техника ва механизмлар билан таъминлаш назарда тутилган.
Шунингдек, мазкур қарорга асосан 2020 йил 1 январдан бошлаб туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармалари ходимларига ойлик тариф ставкасининг 15 фоизи миқдорида устама белгиланиши ҳамда фаолияти ҳайвонларнинг жасадларини зарарсизлантириш ва утилизация қилиш билан бевосита боғлиқ бўлган ободонлаштириш бошқармаларининг назоратсиз ҳайвонларни тутиш бўлимлари ходимларига меҳнатнинг зарарли шароитлари учун лавозим маошига 20 фоиз миқдорида устамалар белгиланиши кўзда тутилмоқда.
Шунинг билан бирга, ушбу қарорга мувофиқ юридик ва жисмоний шахслар – аҳоли пунктидаги бинолар ва иншоотларнинг мулкдорлари ёки улардан фойдаланувчилар, шу жумладан, ижарага олувчилар ўзига бириктирилган ҳудудни ободонлаштириш ишлари ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши учун масъул ҳисобланиб, ободонлаштириладиган ҳудуднинг майдони маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланиши бўйича тартиб ўрнатилмоқда.
Мухтасар қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қарори билан белгилаб берилаётган дастур ва чора-тадбирлар аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишлари самарадорлигини янада оширишга қаратилган.
А.Косбергенов,
Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлигининг бўлим бошлиғи.



