Шу йил 7 декабрь куни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Жўқорғи Кенгес депутатлари, ҳукумат аъзолари, вазирликлар, корхона ва ташкилотлар, таълим муассасалари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, талаба-ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Йиғилишни Нукус шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи П.Турешов кириш сўзи билан очди.
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари янгради.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов йиғилганларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллик байрами билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан қизғин табриклади.
Таъкидланганидек, Конституция ўзининг пухта ўйланган тамойил ва қоидалари билан ажралиб, мамлакатимиз тақдири, ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини белгилашда муҳим ҳужжат саналади. Президентимизнинг, «Халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши учун муносиб шароит яратиш — Конституциямизнинг бош мақсадидир», — дея таъкидлаганидек, тинчликнинг қадрига етиш, аждодларимиз меросларини асраб-авайлаш, юртимизни янада обод ўлкага айлантириш, кекса-нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш бугунги турмушимизнинг асосий мезонига айланиб бормоқда.
Президентимизнинг республикамизга шу йил август ойидаги ташрифидан сўнг, 14 триллион 684 миллиард сўмлик 697 та лойиҳани амалга ошириш, шунинг ҳисобидан 14 мингдан ортиқ янги иш ўринларини яратиш вазифаси белгиланган эди. Шундан бугунги кунга қадар 337 миллиард сўмлик 90 та лойиҳа ишга туширилди.
Иқтисодиётимизнинг асоси бўлган тадбиркорликни ривожлантириш бугунги кунда давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланмоқда. Жорий йилда “Ҳар бир оила-тадбиркор”, “Ёшлар — келажагимиз” давлат дастурлари асосида 309 миллиард сўмлик имтиёзли кредит маблағлари берилди. Республикамизга 180 миллион АҚШ долларлик инвестициялар олиб келиниб, Германия, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Туркия, Латвия, Польша, Белоруссия ва бошқа давлатларга 150 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар экспорт қилинди. Жорий йилнинг ўзида Тунис, Болгария ва Сингапур давлатларига маҳсулотларнинг экспорт қилиниши ички имкониятларимизнинг кенгайиб бораётганидан дарак беради. Конституция байрами олдидан шаҳар ва туманларимизда элликдан ортиқ янги бинолар қурилиб, халқимиз манфаати учун фойдаланишга топширилди.
Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби Я.Абдуллаева, Тўрткўл туманидаги 12-сонли умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси, “Ёш китобхон” танловининг Ўзбекистон Республикаси босқичи ғолиби Ш.Каримбаева йиғилганларни байрам билан табриклаб, республикамиз халқига, айниқса, ёшларимизга алоҳида ҳурмат ва эътибори учун Президентимизга чексиз миннатдорлик билдирди.
Қорақалпоғистон халқ шоири К.Каримов Конституцияга бағишланган шеърини ўқиди.
Тадбир санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури билан якунланди.
Д.Абибуллаев.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.



